Холдор Вулқон
Уқубатга тўлди умр тўрваси,
Онам кўзларида жовдирар савол.
Изғиринда хуштак чалади симлар,
Мен юрган йўлларда йиғлайди шамол.
Ортимда қутурган занжири тилло,
Думи йўқ итларнинг қонхўр галаси.
Қўй, менга эргашма, қайтгил, тўлин ой,
Омон бўл, юртимнинг ойдин даласи.
Йиғлама, жафокаш, омонат онам,
Мен учун оламда йўқ сенинг тенгинг.
Сочларинг пахтадай оқариб кетган,
Кўз ёш артавериб тешилди енгинг.
Ғийбатдан ўт кетди қулоқларимга,
Тош отди ортимдан уч – тўрта хезм.
Ўрмалар бўғзимда ёввойи хўрлик,
Нахот қуриб битган кўзёши безим?!
Очилмоқда оғир уфқлар қовоғи,
Салқин саболарда сайрар бедана.
Чорбоғлар ортида хира порлар ой,
Олисда юлдузлар олмос седана..
Оғир бўлар экан Ватандан кетмоқ,
Исковуч ит каби изғийди посбон.
Қайтиб келолмасам ёнинга, она,
Ер шари тобутим, қопқоғи осмон!
2006 йил , 07 . 07 . Соат 21 дан 22 минут ўтди .
Бишкек шаҳри . Лев Толстой кўчаси 128 – уй . 39 кв .



