Аслиддин Бўриев
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро яъни даъвогар Ф.Тиллаевнинг ўзи билан суҳбатлар олиб бордик. Суҳбатнинг мазмуни қуйидагилардан иборат. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000-2010 йиллар давомида ахборот марказларини ривожлантириш ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш тўғриси”да қарор қабул қилинган эди. Мен ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда, Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзов номига 2005 йилда ариза билан мурожаат қилгандим. Ариза мазмунига кўра, туманда фойдаланмай ётган бино ва иншоатларни ўз номимга хусусийлаштириб бериш ёки, ўз маблағим ҳисобидан интернет-кафе, интернет-клуб ташкил этиш юзасидан эди. Туман ҳокими Э.Бойниёзов менинг ариза ва хатларимга ўз вақтида жавоб бермадилар. Туман ҳокими билан яккама-якка суҳбатлашганим-да, у киши мендан “совға” талаб қилдилар. Афсуски, менда бунақанги маблағлар йўқ.
Мен туман ҳокими Э.Бойниёзов билан суҳбатлашганимдан сўнг, Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими А.Эшмурадовга 2006 йилнинг 5 май куни шикоят ариза билан мурожаат қилдим. Шикоят аризамга кўра, Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзов мендан пора талаб қилаётгани тўғрисида эди. А.Эшмурадов эса, аризамга ҳам, жавоб бермадилар. Шундан сўнг, мен собиқ Бойсун туман прокурори (ҳозирги кунда Шеробод туман прокуратурасининг терговчилик вазифасини ўтаётган) Рахмонқул Бўриевга 2006-йилнинг 28-август куни ариза билан мурожаат қилдим. Туман прокурори номига ёзилган аризам мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамсанинг 1999-йилнинг 12-январидаги 12-сонли “Ижро назорати тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасини ғайри ноқонуний равишда бузганлиги учун, Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзовга ва Бойсун туман ҳокимининг биринчи муовини О.Қўзиевларга нисбатан чоралар кўришлигини сўрагандим.
Собиқ Бойсун туман прокурори Р.Бўриев эса, мансабдор шахсларга чора кўришни ўзларига “ор” билдиларми шекилли, менинг туман прокурори номига ёзган аризамни туман ҳокими Э.Бойниёзов номига чиқардилар. Қизиғи шунда-ки, туман прокурорининг хулосасига кўра, “туман ҳокими ўзига-ўзи чоралар кўриши керак” экан. Шундан кейин, мен хат ва аризаларимга жавоб оломаётганим тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори Р.Қодировга ариза билан мурожаат қилдим.
Бош прокуратуранинг 2008-йилнинг 06-февраль 10/43-08-сонли жавоб хатига кўра, “Фуқаро Ф.Тиллаевнинг Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзов ва ҳоким ўринбосари О.Қўзив Ўзбекистон Республикасининг Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонуни ва Вазирлар Макамасининг ижро назорати тўғрисидаги қарор талабини бузганлиги учун, уларга нисбатан интизомий ёки маъмурий чора кўриш ҳақида ёзган аризалари оқибатсиз қолдирилаётганлиги тўғрисидаги аризаси маҳкама кучи билан текшириш ўтказиб, қонуний чора кўришлик учун юборилмоқда. Натижаси хақида ариза муаллифига хабар, бош прокуратурага 2008-йил 23-февралга қадар ахборот беришингизни сўрайман”-деб Сурхондарё вилоятининг прокурори Дилмурод Абдурахмонов номига хат чиқарилганди.
21-февраль 2008-йилдаги Сурхондарё вилоят прокуратурасининг 10-3-08 сонли жавоб хатига кўра, “Текшириш давомида 2006-йил 24-август санасида вилоят ҳокими номига туман ҳокими Э.Бойниёзов ва ҳоким ўринбосари О.Қўзиевларга нисбатан интизомий ёки маъмурий чора кўриш ва бошқа масалалар ҳақида аризангиз туман прокурори томонидан 2006 йил 5 октябрь куни 85-қайд рақами билан рўйхатга олиниб, шу куни туман ҳокимига юборилган. Туман прокурори томонидан Ўзбекистон Республикасининг Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ижроси туман ҳокимлигида урганилган ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Қўзиев, туман ҳокимияти иқтисодиёт бўлими бошлиғи К.Ашуров, туман молия бўлими мудири Н.Тўраев ва туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи У.Хамроевларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисда иш қўзгатилган. Ушбу қарор 2006-йил 22-октябрь куни судда кўрилиб, хуқуқбузарларга нисбатан суднинг қарори қабул қилинган…”-деб менинг номимга чиқарилган.
Шу орада Ўзбекистон Республикаси Олий судинг 2008-йил 9-февраль куни ШБФ-974-08 сонли жавоб хати менинг номимга келиб тушди. Мен шундан кейин, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100, 1021, 1022-моддаларига асосланиб, Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро “Фуқаролик ишлари бўйича суд”ига даъво ариза билан мурожаат қилдим. Шеробод туманлараро “Фуқаролик ишлари бўйича суд”ининг раислик вазифасини вақтинчалик бажарувчи Муҳаббат Чориева менинг даъво аризамни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекснинг 149, 150, 154 – моддаларини қўллаган ҳолда, суд “ажрим” қилди.
Ушбу ажримга кўра, мен 2008-йилнинг 27-апрель кунигача ками-камчиликларни тугатиш тўғрисида эди. Мен шу орада «Ажрим»да кўрсатилган ками-камчиликларни тугатиш мақсадида, туман ҳокимининг ўринбосари ва бошқаларга нисбатан 2006-йил 22-октябрь куни Бойсун туман жиноят ишлари бўйича судининг чиқарган қарорини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 311-моддасининг 2-қисмига асосланиб, Бойсун туман жиноят ишлари бўйича судига ариза билан 12.03.08-йилда мурожаат қилдим.
Бойсун туман жиноят ишлари бўйича судининг судьяси А.Юлдашев менинг аризамга 25.03.2008й. 110-сонли хатлари орқали жавоб бериб, “туман суди аризангиз юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судида мазкур маъмурий иш бўйича зарурат туғилган бўлса, ушбу суд томонидан қарор нусхасини олиш учун тегишли тартибда ёзма равишда сўров хати орқали олиш учун, тегишли тартибда ёзма равишда сўров хати орқали мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилади…»деб жавоб берилган. Мен Бойсун туман жиноят ишлари бўйича судининг 25.03.2008-йилдаги 110-сонли жавоб хатидан қониқмаганимдан кейин, Сурхондарё вилояти жиноят судига 31. 03. 2008 йил ариза билан мурожаат қилдим. Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича судининг раиси У. Холиқовнинг 2008-йилнинг 11 апрель 1-Т-171 сонли жавоб хатига кўра, “Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43- моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган О.Қўзиев ва бошқаларга оид маъмурий хуқуқбузарлик иши юзасидан чиқарилган суд қароридан нусха беришни сўраб ёзган аризангиз қуйдагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтК 311-моддасининг 2-қисмида “маъмурий иш юзасидан чиқарилган шахсга, шунингдек ўзининг илтимономасига кўра жабрланувчига топширилиши ёки жўнатилиши назарда тутилганлиги тушинтирилади”-деб қайд қилинган. Мен Шеробод туманлараро Фуқаролик ишлари буйича судинг 27-март 2008-йилдаги чиқарган “АЖРИМ”ига 2008-йилнинг 23-апрелигача яна қўшимча ариза билан судья М.Чореванинг шахсан ўз қўлларига топширдим. М.Чориева Бойсун туман жиноят ишлари буйича судининг 2006-йил 22-октябрь куни чиқарилган О.Қўзиев ва бошқаларга нисбатан қўлланилган маъмурий хуқуқбузарлик тўғрисидаги қарорнинг кўчирмасидан, олиш мақсадида, Бойсун туман жиноят ишлари бўйича судининг судьяси А.Юлдошевдан олдилар.
Шу орада 5 ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, лекин менинг қўшимча аризам кўрилмай қолиб кетди. Шундан сўнг, мен Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Б.Мустафоевга шикоят ариза билан 2008-йилнинг 21-июль куни мурожаат қилдим. Олий суд ҳамишангидек Сурхондарё вилояти фуқаролик судининг раиси М.Тоғаев номига чиқарган. Мен шикоят аризамни ўз вақтида жавоб ололмаганимдан сўнг эса, 2008-йилнинг 12-сентярь куни Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича судига бордим. Вилоят фуқаролик суди менинг аризамга жавоб бермасдан тўғри Шеробод туманлараро фуқаролик судининг судьяси М.Чориева “Олдим, имзо. М.Чориева” 08.08.08-й. даги 1 фм-576-08 сонли хатга имзо қўйиб олганлар.
Айнан ўша куни мен Шеробод туманлараро фуқаролик судига келдим. Фуқаролик судининг раислик вазифасини вақтинчалик бажарувчи М.Чориева билан суҳбатлашдим. М.Чориева: “Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзов ва ҳоким ўринбосари О.Қўзиевлар мансабдор шахслар ҳисобланади. Мен уларга нисбатан чоралар кўролмайман. Қачон ўз мансабларидан кетсалар. Ана ўшандан кейин чоралар кўришим мумкин…”-деб жавоб бердилар. Мен Шеробод туманлараро фуқаролик судининг “девонхона”сида 7-ойдан ошиқ вақт ичида чанг босиб ҳужжатлар ичида каллашиб ётган даъво аризам ва қўшимча аризаларимни топиб олдим.
Мен Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг Мурожаатлари Тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддаларига асосланиб, мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кўришни сўраб, судга ва прокуратура органларига мурожаат қилсам, судьяларнинг қилмишиларига “ҳайронман”. Мана Сизга очиқ “ҳақиқат”.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, фуқаро Ф.Тиллаевга ўхшаган фуқаролар “хақиқат”ни излаб, Олий суд ва прокуратура органларига мурожаат қилиб, ўз хақ-хуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза ва хатлар билан мурожаат қилиб юрсала-у, судьялар эса, ҳоким ва “ҳокимбойвачча”ларни ҳимоя қилишдан нарига ўтмаяптилар. Шу ўринда савол туғилади. Ўзи, Ўзбекистонда судьялар чиндан ҳам, “мустақил”ликни қўлга киритганларми?!



