(Ёхуд отамни фелъетон қилишгани ҳақида)
Исмат Хушев, Канада.
Адашмасам, устоз ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг «Ён дафтари»да: «Энди қарибман, товуқни ҳайдамоқчи бўлсам, мушук ёнимга югуриб келяпти», деган ёзув бор эди. Яъни, тишлари тўкилиб кетган киши “кишт-кишт” демоқчи бўлса, оғзидан “кис-кис” деган товуш чиқишига ишора қиладилар.
Маълумки, руcча тарбия курган мушуквойлар “кис-кис” деб чақирилади. Агар устознинг кузатиши бўйича “ш” товуши билан “с” товушининг алмашиб қолиши – кексаликнинг биринчи аломати бўлса, яна бир муҳим аломати – эзмаликдир. Кўпинча кекcа одамлар эзма бўлишади. Аслида улар эзма бўлишмайди, лекии битта гапни бошлаб олгунча гоҳ боғдан, гоҳ тоғдан келавериб, тингловчини зериктириб юборишади. Агар каминада ҳам “иккинчи аломат” сезилиб қолса, ўқувчидан узр сўрайман. Хотира худди “тутқич бермас қасоскорлар”га ўхшар экан. Энди калаванинг учини топдим деганингда, асосий гап бир четда қолиб кетганини фаҳм этасан. Ва яна – тағин “бисмилло”га қайтишга мажбур бўласан…
Отам туманимиздаги ягона рус мактабида ўқитувчи эди, математикадан дарc берарди. У таълим-тарбия маcалаcида қаттиқ тypap, ўқувчиларнииг олифтагарчилик қилишига асло йўл қўймасди. Биров истайдими-йўқми, лекин ҳамма даврнинг ўзига хос расм-русумлари, “модалари” бўлади. Етмишинчи йилларнинг бошларида ўғил болалар кўйлакларини шимнинг ичига тиқмасдан, этак учлариии тугунча қилиб юриш урф бўлган эди. Бу ҳунар улариинг “крутой” лигидан нишона эди гўё. Ўша “мода” дастлаб, кўча-кўйда санғиб юрадиган ёшлар ораcида пайдо бўлади. Сўнгра секин-аcта мактабларга кириб боради. Айниқса, товуши дўриллаб қолган юқори синф ўқувчилари дарсларга ҳам кўйлакларининг учини тугиб кирадиган бўлишади. Отам қаттиққўл муаллим эмасми, шу боис кўчадан келган “мода”га тоқат қилолмайди. Агар кўйлаги этагини тугиб юрган ўқувчини учратиб қолса, дарҳол унга дашном бериб, тугунчани ечтириб қўяди, ҳатто ота-оналар мажлисида ҳам ўша масалани кун тартибига қўйиб, муҳокама қилдиради.
Бундан ташқари, мактабда таълим олаётган ўз ўқувчиларини катталарга биринчи бўлиб салом беришга ўргатади. Айниқса, рус болаларини ана шундай миллий таомилга бўйсунишга қаттиққўллик билан мажбур қилади: “Сенлар Ўзбекистонда яшаяпсан, шундоқ бўлгач нега ўзбекларнинг урф-одатига амал қилмайсанлар”, – деб танбеҳ берарди уларга. Отам нафақат ўз ўқувчиларига, балки ҳамкасбларига нисбатан ҳам хийла талабчан эди.
Ҳуллас, отамнинг принципларидан ҳамма безор бўлиб, ундан қутилиш йўлларини излайдилар. Излаган имкон топади деган гап бор. Камчилик ҳаммада ҳам бўлади…
Фелъетон машмашаси тўғрисида гапиришдан аввал бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Менинг биринчи шеърларимни отам таҳрир қилиб берган. Отамнинг ўзи ҳам мумтоз адабиётимиз йўлида ғазалнамо шеърлар ёзарди: шахсий кутубхонамизда Бедил, Фузулий, Машраб, Огаҳий, Отоий каби алломаларнинг кўплаб девонлари бор эди. Отам ўзига яраша фозил одам эди. Агар у киши урушдан кейин, масалан, Тошкентда қолиб ишлаганларида юксак мартабаларга эришмоғи мумкин эди. Илм соҳасида академик бўлишларига ҳам асло шубҳаланмайман. Айниқса, қуролдош дўстлари отамни ҳурмат қилишарди. Ажабки, ҳозирга қадар Украинадан отамнинг номига хатлар, табрикномалар келиб туради. Улар халоскорлари вафот топганини билмаса керак.
Отам Украинанинг Бердичев райони фахрий фуқароси эди. Бердичев озод қилинишининг 50 йиллиги тантаналарини нишонлашга отамни ҳам таклиф қилгандилар. Ўлимидан уч-тўрт йил олдин отам Бердичевга боради. Ўшанда у киши бир неча минг киши тўпланган район марказидаги митингда рус тилида нутқ сўзлаб, сал кам бир соат давомида одамларни ҳайратга солиб гапирган экан. Ўша сафардан видео кассетасини олиб қайтган. Нутқини эшитиб, ўзим ҳам қойил қолганман. Эҳ-ҳе, у ердаги олқиш-у қарсакбозликларни кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади. . . .
Дарвоқе, Москвада ўқиб юрган кезларим отам мендан хабар олгани бориб қолдилар. Универcитетнинг журналистика факультетида деканимиз Ясен Николаевич Засурский отамдан аудиторияда чиқиш қилиб беришни илтимос қилганди. Ўшанда отам бир соатдан зиёд рус тилида маъруза қилиб, талабаларнинг кўплаб саволларига содда ва равон жавоб қайтарганди, ўшанда отамга ҳамма қойил қолганди. Ўзбекистон тўғрисида, пахта етиштириш машаққатлари ҳақида қоғозга қарамасдан жуда зўр гaпларни айтганди. У пайтларда биз Иттифоқ таркибида эдик.
Ясен Николаевич ҳозир ҳам Москвада Давлат университетида – журналистика факультетининг декани. Шу киши отамнинг соф рус тилидаги маърузасини эшитганидан сўнг, менинг олти ойлик стипендиямни тиклаб берганди: Қарзларим туфайли ярим йилдан буён стипендия ололмай юргандим. “Шундай ажойиб инсоннинг фарзанди экансан -ку!” деб деканимиз бир яхшилик қилганди менга.
Отам Бердичев туманини немислардан озод қилиш пайтида думбасидан ўқ еб, оғир ярадор бўлган экан. Орадан эллик йил ўтгач, ўзи халос қилган ерларга бориб, ярадор бўлган пайтда ўзини даволаган ўн саккиз ёшли қизни топади. Бу аёл энди етмишни қоралаган кампир бўлиб қолган бўлса-да, лекин: “Маҳмуд, Миша, бу сенмисан?” деб отамни қучоқлаб олиб, роса йиғлаган экан. Уни қандай топдингиз деб сўраганимда “кўзларидан таниб топдим” деган эди отам…
Бир куни отамдан: “Нима учун бизнинг фамилиямиз “Хушев”? Бунақасини ҳеч кимда учратмадим?” деб сўрадим. Шунда у киши: “Бизнинг фамилиямиз аслида Муҳаммадиев ёки Қўшмуҳаммадиев бўлиши керак. Чунки бувангнинг пастки лаби қилич тиғидан иккига бўлиниб, “қўш” бўлиб қолган экан. Буванг мужоҳидлар сафида (”босмачилар” дейишарди) босқинчиларга қарши беармон урушган экан. Мен ўн бир яшарлик пайтимда у Афғонистонга муҳожирликка кетади. Афсуски, мен узоқ йиллар мобайнида отамнинг ким бўлганини яшириб юрдим. Акс ҳолда, менга кун бермай қўйишарди”, деб жавоб берган эди отам.
Бувамлар Ҳажга ҳам борган эканлар. Момом раҳматли ҳам ўттиз уч йил мобайнида бувамнинг келишини кутиб, кўзлари тешилиб оламдан ўтиб кетди. Баъзан отам: “Афғонистондан авлодларимиз келиб қолади”, деб қўярди. Афcуски, қариндошларимиз топилмади. Мана отам ҳам дунёдан ўтиб кетди…
Ана энди отамнинг “миллатчилиги” тўғрисида. Қизиғи шундаки, рус мактабида математикадан дарс берадиган отамни миллатчиликда айблайдилар. Дастлаб биз нима бўлганини билмаганмиз. Ҳар куни ишга кетиб, кеч қайтадиган отам бирдан мактабга бормай қуйди. Уйда ҳамма ҳайрон, лекин нима бўлганини сўрашга ҳеч ким ботина олмайди. Биз фарзандлар отамиздан жуда ҳайиқардик. Бир кун ўтди, икки кун ўтди, уч кун… Отам чопонини елкасига ташлаб, томорқани айланиб келади, холос. Сиртдан соппа-соғ эди, касалга ҳам ўхшамасди.
Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтгач, уйимизга рус мактабида ўқийдиrан йигирма саккизта йигит қизлар (аксарияти рус болалари) бостириб келишди. Улар юқори синф ўқувчилари эди. Отам улар билан анча пайтгача гаплашиб турди, сўнг ўқувчиларнинг аксарияти очиқ ошкор йиғлай бошлашди. Уларга қўшилиб отамнинг ҳам кўзларида ёш пайдо бўлди…
Ўша манзара сира кўз олдимдан кетмайди: отам ўз ўқувчиларини бир-бир бағрига босиб йиғлаганди. Эртаси куни уйимизга райОНО ходимлари келишди: “Бориб, ўқувчиларингизни ўзингиз йўлга солинг, улар ўқишга бормай, дарсларни “байкот” қилишяпти” дейишди. Ҳақиқатан ҳам болалар ноҳақ фелъетон қилинган отамни ҳимоя қилиб: “Агар Хушев домламиз мактабга қайтмаса, биз ўқишга бормаймиз” деб шарт қўйишган экан…
Хўш, аслида нима бўлган эди? Кейинчалик маълум бўлишича, республикамизнинг “Правда Востока” газетасида Қамариддинов деган китоблик мухбир отам тўғрисида фелъетон эълон қилган экан. Отамнинг қаттиққўллигини миллатчиликка йўйибди, сира куракда турмайдиган гaпларни ёзибди.
Шу воқеадан сўнг кўп ўтмай, отам олис қишлоқдаги мактабларнинг бирига директор бўлиб кетди. Мен ҳам отам билан бирга жўнадим. Бешкалтак қишлоғидаги саккиз йиллик мактабда ўқий бошладим. Отам икковимиз мактаб қоровулхонасида яшардик. Қиш келиб, ҳаволар совуб кетди, ёғин-сочин бўлди. Мен бирдан касал бўлиб қолдим. Бизга рус тилидан дарс берадиган домламизнинг мотоцикли бор эди. Отам ўша ўқитувчидан: “Мотоциклингни бериб тур, ўғлимни район касалхонасига олиб бораман”, деб илтимос қилди. Лекин ўқитувчи мотоциклини бермади. Чунки мен ўша ўқитувчимизни нос чекиб, носини синфхонамизнинг бурчагига туфлашини отамга айтиб қўйган эдим.
Синфхонамиз торгина эди, деразалари ҳам кичкина. Ҳаво етишмайди, бўғилиб зўрға қирқ беш минутга чидаб ўтирамиз. Устига устак, рус тили дарсида носнинг бадбўй ҳидига ҳам чидашимиз керак эди. Ахир, бундан ортиқ азоб бўладими?
Хуллас, менинг “чақимчилигим”дан сўнг отам рус тили ўқитувчимизга (ўзи ўзбек эди) дашном берган экан. Отамдан гап эшитган ўқитувчи мендан ўч олиш учунми, билмадим, мотоциклини бермади, қизғанди. Отам мени узоқ масофага, катта йўлга чиққунча опичлаб борди. Лойгарчилик, coвуқ эди. Анча пайтгача йўловчи машина келишини кутиб, дийдираб турганимиз ҳануз хотирамдан кетмайди…
Мундоқ ўйлаб кўрсам, отам ноҳақ фелъетон қилингани туфайли мен муштимга туфлаб: “Ўзим журналист бўлиб адолатни қарор топтирмасам, Исмат отимни бошқа қўяман!”, деб ўзимга ўзим сўз берган эканман. Аста-секин Китоб туманида чиқадиган “Fалаба” газетасига хабарлар ёзишни ўргандим. Кейин Бешкалтакда бўладиган ҳар хил тадбирлар тўғрисида мақолалар ёзиб юрдим. Баъзан газетанинг битта сонида “И.Хушев” имзоси билан икки-учта хабар ёки кичик мақолаларим чоп этиларди. Эҳ-ҳе, у пайтлардаги шуҳратимни бир кўрсангиз эди! Билмадим, район газеталарининг мухбирлари ҳозир ҳам ўшандай обрў- эътиборга эгамикан ёки ундай эмасмикан?
Менимча, матбуотнинг – тўртинчи ҳокимиятнинг обрў-эътибори ўша пайтлар даражасида тикланиши лозим! Ишонасизми-йўқми, ўша фелъетондан сўнг отам бирдан ўзгариб қолди. Чунончи, отам уч-тўртта ўжар олифта йигитчани завуч хонасига олиб кириб, уларнинг кўйлаги туrилган учларини қайчи билан кесиб, қўлларига берган экан. Ўша кўйлак нимталари “ашёвий далил” сифатида рўкач қилинади: отам ўқувчиларга нафақат маънавий зарар етказади (яъни, миллатчилик кайфиятига берилиб, ўзбеклаштириш сиёсатини юритади), балки “жабрланувчилар”га моддий зарар ҳам етказган бўлиб чиқади… Хуллас, фелъетон туфайли отамни овлоқ бир қишлоққа сургун қиладилар.
Шу воқеа сабаб бўлиб “мухбирлик” фаолиятим бошланди. “Fалаба” газетасида хабарларим чоп этилиб, кўзга ташланиб қолганимдан кейин мактаб директорлари даражасидаги катта-катта одамлар ҳам мен билан муомала қиладиган бўлишди. Мактабимизда қандайдир саналарга бaғишланган тадбирлар ўтказиладиган бўлса, мендан маслаҳат сўрардилар. Шундай пайтларда “мундоқ қилиш керак, ундоқ қилиш керак” деб йўл кўрcатишдан ўзимни тия олмасдим. Шундай қилиб, дастлаб синфимиз, сўнгра мактабимиз ўқувчиларини орқамдан эргаштириб юрадиган бўлдим. Ўз-ўзидан мактаб лидерига айланиб қолдим. Ростини айтсам, ўзим доим “аъло” баҳоларга ўқирдим, бошқаларга ўрнак бўладиган ижобий хислатларим ҳам бор эди. Муқаддам таъкидлаганимдек, онамнинг жонсараклиги туфайли кийим- бошларим тоза бўларди, тирноқларимнинг остида кир бўлмасди (ажабки, синфимиздаги “Тозалик комисcиясининг раиси” Матлуба ҳар куни эрталаб биринчи соатдаги дарс бошланишдан аввал ўқувчиларнинг қўлларини парта устига қўйдириб, тирноқлар остида кир бор-йўқлигини текшириб кўрарди: агар кимнинг тирноғи остида кир бўлса, токи ўша бола “микроблардан халос бўлиб” келмагунча синфхонага киритмасди).
Дарвоқе, менинг маҳаллий “лидер”га айланишимга сабаб бўлган бирталай омиллар бор эди: Биринчидан. Мактабимизда ўқувчилар бевосита ўрнак олишга арзийдиган битта намунавий “қолип-андоза” тимсоли яратилиши лозим эди. Ўша андоза район, вилоят, ҳатто республика ва Бутуниттифоқ миқёсида кўз-кўзланса, “фалон мактабда таълим-тарбия ишлари кўнгилдагидек йўлга қўйилган” деб “раҳмат” эшитиш мумкин бўларди (охир-оқибат, шундоқ ҳам бўлади). Бу – шўро тузумининг синалган усули эди (”стахановчилик ҳаракати”, “кўпмингкилограммчи теримчилар ҳаракати”, “Турсунойчи қизлар ҳаракати” ва ҳоказоларни мисол тариқасида эслатиб ўтиш мумкин).
Иккинчидан. “Мухбирлик” фаолиятим бошланар-бошланмас “Fалаба” газетасининг масъул ходимлари уйимизга ёки мактабимизга атайлаб сим қоқишиб: “Илтимос, Исматжон, фалон мавзуда бизга шошилинч хабар ёзиб юборинг!” деб махсус буюртма берадиган бўлишди. Албатта, мен бу топшириқларни бажонидил адо этардим. Кейинчалик ўзим республика матбуотида ишлаб, муҳаррир бўлиб билдим-ки, таҳририятлар доимо яхши ёзадиган иқтидорли қаламкашларга муҳтож бўлар экан. Яъни, истеъдодли ёшларни матбуотга жалб этиш тажрибаси одатдаги ҳол ҳисобланар экан. Мен бўлсам, ўқувчилик пайтимда матбуотнинг ички сир-асрорларини билмасдан: “аканг қарағай зўрлиги ва алоҳида талант соҳиби бўлгани учун шундай қилишяпти!” деб ўйлардим. Ўзимнинг ноёб истеъдод эгаси эканлигимни ўйлаб, кечалари ухламасдан хаёл суриб чиқар эдим…
Учинчидан. Кўп ўтмасдан Китоб тумани менга торлик қилиб қолди. Мақола, хабар ёзиб орттирган обрў-эьтиборим ҳам менга камлик қилаётгандек, энди газеталарга шеьрий машқларимни ҳам юборадиган бўлдим. Ўшанда “Ленин учқуни” газетаси “Ватанимни куйлайман” мавзусида кўрик-танлов эълон қилган экан. Лекин мен бундан бехабар эдим. Ажойиб кунларнинг бирида уйимизга “Ленин учқуни” газетасининг махcуc конвертида хат келди. Қишлоғимиз почтачиси Шўра опа ўша конвертни махсуc келтириб берди, отам билан бирпас гурунглашиб, бир-икки пиёла чой ҳам ичиб кетди. Сўнг конвертни очиб қapacaк, ичидаги ўша cонида “Ватанимни куйлаймaн” рукни оcтида менинг шеърларим билан cуратимни босишибди! Энг қувончлиcи шундаки, мен республикамиз миқёсида ўтказилган кўрик-танловда ғолиб чиқибман ва Бутуниттифоқ пионерлар лагери “Артек”ка бепул йўлланма билан тақдирланибман.
Ана шунақа. Шундан кейин битта ўзим эмас, мени танийдиган бошқа одамлар ҳам “Исмат Хушевнинг фавқулодда ҳодиса” эканлигига асло шубҳаланмай қўйишди. Хуллас, мени “ёш мухбирлар” сафида Қримга жўнатишди. “Артек”, биласиз, Қора денгиз соҳилида жойлашган, ниҳоятда сўлим маскан. У ерда бутун дунёдан келган (албатта, аcосан cоциалистик мамлакатлардан) ўқувчи ёшлар дам олишарди. Ўша пайтларда “Ленин учқуни” газетасида ишлаган ходимларнинг ҳалоллигидан ҳанузгача миннатдорман. Чунки, сал инсофсизроқ кишилар бўлса, қофия тузиш қўлидан келадиган бирорта таниш қаламкаш арзандалари номидан эълон қилинган шеърларни рўкач қилиб, бизга ўхшаган қишлоқ болаларини бир четга суриб қўйишлари ҳам мумкин эди. Лекин улар бундай қилишмайди. Ўшанда ёшлар матбуотида, айниқса “Ленин учқуни”да ҳалол инсонлар хизмат қилишар экан.
Сира эсимдан чиқмайди, “Артек”ка жўнаб кетишим арафасида отам қўлимга роппа-роса ўн бир сўм пул берган эди: “Ўғлим, мана сенга ўн бир сўм пул, китоб-қалам харид қиларсан. Бориб-келиш харажатларингни комсомол Марказқўми тўлар экан”, дейди. Шундай қилиб ўн бир сўм пул билан “Артек”ка жўнаб кетганман. Ўша пайтлар биз болалар учун бу катта пул эди. У ерда бир ой эмас, нақд олтмиш тўрт кун ўзбекистонлик ва чет эллик тенгдошларимиз билан дам олдик. Ўқиш мавсуми бошлангач эса, Ленин номидаги мактабда рус тилида ўқий бошладик.
Биз “ёш мухбирлар” сменасида бўлганимиз учун ҳам мактаб дастуридан ташқари махсус ижодий мулоқот ва машғулотлар ҳам ўтказиларди. У пайтларда мен рус тилини яхши билмасдим. «Артек» менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Бир ярим ойдан сўнг ҳатто рус тилида шеър ҳам ёзганман.
Мана, унинг бир парчаси:
В “Артек”е много ребят,
Они друг-друга любят.
Например Ирина, Приехала из Уқраина.
А мой друг Вова, Приехал из Тамбова…
Ёки “Ленин учқуни”да эълон қилинган “Чайкалар” номли мана бу шеърга бир эътибор қилинг-а:
Қopa денгиз шўх денгиз,
Кеча-кундуз чайқалар.
Денгиз узра баҳслашиб,
Ўйнаб учар чайкалар.
Мен ҳам худди чайкадек,
Осмонда учгим келур,
Бутун борлиқ, оламни,
Фазони қучгим келур!
Ё товба, шунақа шеърлар ёзган эканман!
“Apтeк” дa одамларга муносабатим, дунёқарашим ўзгарди. У ерга бутун дунёдан энг яхши мураббийлар танлов асосида пионер вожатий этиб ишга юборилар экaн. Алла Владимировна деган дилкаш ва меҳрибон аёл шу пайтгача эсимдан чиқмайди. Улар ҳар томонлама билимга эга булган етук инсонлар эди. Албатта, иқтидорли ўқувчиларга дарс беришнинг ўзи бўлмасди, уларни қизиқтирадиган саволлар қамрови чексиз эди…
Ниҳоят, “Артек”дан қишлоққа қайтиб келдим. Энди менга Китоб ҳам торлик қилаётганини дарҳол англадим. Мен ўзимни гўё Расадхонада туриб бутун оламни, чексиз коинотни кузатаётгандек ҳис этардим. Битта қишлоқда, битта туманда биқиниб яшаш мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим. Тўғри, ёши бир жойга етган одамлар зинҳор-базинҳор иccиқ ўрнини совутишни истамайди – ўз уйинг, ўлан тўшагинг дейдилар. Бироқ, ёшлик шижоати кўксида типирчилаб турган йигитча ҳикматли гапларга қулоқ солармиди!
Тўққизинчи ва ўнинчи синфларда ўқиб юрганимда адабиёт бўйича ўтказилган республика олимпиадаларида қатнашдим, кўп бора ғолиб бўлдим. Эсимда, 1975 йили олимпиаданинг якунловчи босқичи гуллар шаҳри – Наманганда ўтказилди. Мен ўшанда ғолиблар сафидан ўрин олиб, олий ўқув юртига кириш учун муайян имтиёзларга эга бўлгандим. …
Шу тахлид бедард ва беташвиш ёшлигимиз ҳам ўтиб кетди. Мактабда энг “аълочи” ҳам, энг шўх-асов ўқувчи ҳам ўзим эдим. Жуссам кичкина бўлсада, лекин доимо»Темур командаси»га дарға бўлиб юрардим.
Болалик қизиқ бўлар экан: ўғил болалар бир тараф, қизларимиз бир тараф бўлиб, синф раҳбаримизга бир биримизнинг устидан шикоят қилардик. Арзимас нарсалар учун бир биримизни ҳуда беҳуда ранжитиб юрардик. Ўнинчи синфнинг битирув кечасида ўзим ёзган шеъримни ўқиб, барча синфдошу мактабдошларимнинг, муаллимларимнинг самимий олқишига сазовор бўлгандим.
Хуллас, фелъетон қаҳрамонининг ўғли Китобда ҳамманинг оғзига тушиб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Бу ҳам камёб ҳодиса эди…
(Давоми бор)



