ТЎРАБЕК САНОНИНГ “ВАТАНГАДО”СИНИ ЎҚИБ…

Образец Web-страницы


Таассурот!

Дилмурод САЙЙИД
 

Образец Web-страницы

dilmurod-sayid.jpg
Дилмурод САЙЙИД: аччиқ ҳақиқат ҳамиша юракка ботган!

Бу ҳақда бир неча кун олдинроқ ёзиш фикри туғилганди, лекин кутилмаганда бетобла-ниб қолиб, имкон қилолмадим. Бироз кечикиб бўлса-да, таассуротимни қоғозга туширмоқдаман.

Рости, анчадан бери юракни эзғилайдиган нимадир ўқигим келиб юрардим. Шу орада Дилсорахоннинг шеърий битикларидан юзтасини ўқиб чиқдим. Кейин Тўрабекнинг давомли воқеий ҳикояси…

Ҳижратда жуда оддий тил билан битилган юраккача ботиб борадиган Дилсорахоннинг қатор шеърлари билан Тўрабекнинг ҳикояси ўртасида қандайдир яхлитликни туйгандек бўлдим. Яхлитлик шундаки, тили оддий, аммо юракка ботади. Бу ўринда “БОТИШ” ташбеҳини малолликка эмас, аччиқ ҳақиқатга нисбат қиляпман! Чунки аччиқ ҳақиқат ҳамиша юракка ботган!

Тўрабекнинг “Ватангадо” воқеий ҳикояси бир қанча хотираларни қайта уйғотди…
ХХ аср 90-йиллари биринчи ярми охирида бутунлай ишсиз қолдим. Қаерга борсам, бир баҳона-сабаб билан қайтаришарди. Ҳатто “Бизда фельетон бўлими йўқ, шунга сизбоп иш топилмайди”-деган кинояни ҳам эшитдим. Қўшалоқ Дипломни “Меҳнат дафтарчаси”га қўшиб ўраб, эски потефоннинг қутисига ташладиму, мардикор бозорига чиқдим. Одам боласи қиладиган жисмоний юмушдан тортинмадим. Мардикорлар ҳам тоифаларга бўлинишини ўшанда билгандим. Яъни, қора ишчиқинди тозалаш, лой қориш, ғишт қуйиш ва ҳ.к.га борадиган; тоза иш асосан юк (шакар, ичкилик, қутилар ва қопга жойланган маҳсулотларни) туширишга “ихтисослашган мардикор”лар! Яна зўравонлик ҳам ўзига хос ўрин тутишини кўрдим. Янги келганлар агар бирор ҳомий ё таниши бўлмаса, албатта, қийналар эдилар. Мени ўзларига шерик қилган гуруҳ эски танишларим бўлиб, цемент қоплаш ва юк туширишга борардилар.Меҳнати бироз оғир, лекин ҳақи баланд бўлса-да, Цемент қоплашга кўплар унамасди. Бизга айтишарди. Кейин билсам, бу ишга олиб борувчилар ҳақ тўлашда ғирромлик қилишаркан. Тошкентлик бўлганимиз учун бизга ғирромлик қилмай, келишилган пулни беришарди. Тўғри, бу соҳада кўп юрмадим, қурилиш ва таъмир ишлари билан шуғулланадиган таниш тадбиркорлар ёнларига олишди.

Бироқ шу қисқа вақт ичида Тўрабекка ўхшаб қўшни республика эмас, қўшни вилоятдан келганлар орасида зиддият мавжудлигини кўрдим. Содда қилиб айтганда, очиқчасига маҳаллийчилик. Иш талашиш баҳона росмана муштлашув бўлиб кетар-ди баъзан. Шундай пайтларда уларни ажратиш ҳам қийин, муросага келтириш деярли мум-кин эмасди. Эътибор қилиб сезганим, жанжални бошлаб берувчилар бошқа, давом эттирув-чилар бошқалар эди. Яъни, ўз таъсиридаги гуруҳга иш топиб бериб, “чўтал” оладиган “маклер”сифатлари иш талашиб, тортишиб қоладилару муштлашишга келганда “рабочий класс” балогардон! Яна сезганим, бундай жанжаллар аксар атайин уюштириларди. Бунинг асосида, энг аввало, “маклер”лар манфаати турарди. Зўр чиққан тарафнинг “маклер”лари келган иш берувчи билан биринчи бўлиб гаплашиш имтиёзини олардилар. Иш ҳақи ёки иш уларга маъқул келмаса, енгилган томон “маклер”ларига йўл очиларди. Ва маълум вақт ўтиб, енгилган томон орасида “маклер”ларга нисбатан норозилик сезила боргач, муштлашув ташкиллаштириларди…

Демоқчиманки, Тўрабек билан шерикликда алебастр ташиган номардлар бундан олдин ўзларидек бошқа мардикорларга “гўшт” бўлишган кўринади. Ва аламларини Тўрабекдан олган чиқарлар. Бу ўринда миллий парокандалик эмас, асосан фаолият билан боғлиқ онгсизлик кучлилик қилган. Бунинг исботини номард шериклар Тўрабекнинг ҳужжат ўрнидаги қоғозини йиртиб ташлаганликларида кўриш мумкин. Бу билан улар икки жиҳатни назарда тутганга ўхшайдилар. Яъни, ҳужжатсиз одам уларни бемалол излаш имконидан маҳрум бў-лади, шунингдек мардикорликка ҳам чиқа олмайди (демак, конкуренция бир кишига камаяди!) Айнан шундай калта ва ғараз ўй билан иш тутишлари сабабини уларнинг миллатидан эмас, тирикчилик фаолияти нуқтаи назаридан баҳолашлик маъқул кўринди менга.

Бундай “оёқдан чалишлик услуби” зиёли табақа ҳисобланган кишилар фаолиятида ҳам мавжуд. Фақат уларда анча жирканч кўринишда. Масалан: Усмон Носир, Чўлпон, Абдулла Қодирийга туҳмат уюштирганлар эса, қайсидир жиҳатдан ўзи яшаётган тузумнинг зиёли МАРДИКОРлари эдилар!

ХХ аср охири, ХХ1 аср бошига келиб, Гулчеҳра Нуруллаевани қоралашга, Рауф Парфини четга суришга уринган кимсаларни ҳам маълум маънода шундайларга қиёслаш мумкин. Бундайлар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, кейин ҳам бўлади. Бу ҳолат деярли барча соҳа ва йўналишда мавжуд. Баъзан услуби фарқ қилса-да, моҳиятан яқин иллат!
Агар ижод аҳли тарихига назар солсангиз, Фирдавсий, Умар Хайём, Собир Термизий, Бадриддин Ҳилолий, Насимий, Машраб…тақдирлари фожиали тугаган. Бирини қутурган филлар оёғи остига ташлаш, бошқасини маблағсиз қолдириш амр этилган бўлса, яна бирини қатл, бирини бўлаклаш, бошқасини осиш, бирининг терисини тириклай шилишлик ҳукм қилинган… ХХ асрдаги шўро қатағонларини эсламай… Бунинг боиси асосан манфаат!

… Фаолияти тўхтатилган “Адвокат пресс” газетасини бир йилу икки ой қийналиб, минг оворагарчилик билан қайтадан янги номда тикладик. Оқибат нима бўлди? “Адвокат пресс” газетаси собиқ бош муҳаррирининг ғаразли манфаати боис тикланган газета тўхтатилди. У ҳам Қирғизистонлик ўзбеклардан эди. Ҳатто фуқаролиги бўлмаган Ўзбекистонда. Аммо биз у бош муҳаррир бўлиб ўтирган даврда бу ҳақда ўйлаганимиз ҳам йўқ. Чунки бизда бундай ғаразли манфаатнинг ўзи бўлмаган. Шу хусусда шеърсифат бир битик ёзгандим:

(“Ҳимоя-жараён” раҳбариятини эслаб…)

Хиёнат этишди нон-туз ошнолар,
Дастурхон устида қасамлар ичиб.
Бир кичик курсининг ишқига учиб-
Елкага ортилди катта хатолар.
Бош бўлгани латта чайнаб эзилди,
Собиқ бошлиқ ёқди ғараз оловин.
Нон ҳаққи ичилган қасам бузилди-
Кўрдим: қасам урди охир икковин!
Бириси шармисор изсиз йўқолди,
Бошқаси саргардон маҳкамаларда.
На обрў, на курси, на ҳурмат қолди-
Мансаб йўлидаги замзамаларда.
Дастурхон устида қасамлар ичиб,
Минг карра дуолар қилишиб дароз,
Бир кичик курсининг ишқига тушиб-
Масхара бўлди бир жуфт масхарабоз!

Тўрабек Санонинг “Ватангадо” воқеий ҳикоясини ўқир эканман, “Ҳимоя-жараён” газета-сининг таназзули билан боғлиқ воқеликлар хаёлимдан бир неча қайта ўтди. Қасамида турмаган бу ҳамкорлар орасидаги зиддият асоси ҳам ШАХСИЙ МАНФААТдагина эди холос!

Тўрабекнинг 150 сом ҳалол меҳнат ҳақини еб кетганлар, ҳеч нима ютмадилар. Аксинча, икки дунёси куйган чиқарлар. Бироқ Аллоҳ суйган бандасига ҳамиша меҳрибон. Шунинг учун ҳам бугун Тўрабек Ватандошлар эътиборига тушиб юрибди. Энг муҳими, элнинг назаридан қолмаслик!

Бу йўлда мен Тўрабек Санога ҳамиша омад ва ижодий баркамоллик тилайман.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares