Шанхай ташкилоти Россияни тўла дастакламади

 

Образец Web-страницы

medvedov.jpg
Дмитрий Медведев…Жанубий Осетия мустақилликларини эътироф этишга чақирди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти номидан тарқатилган баёнот мазмуни Россиянинг Гуржистон инқирозидаги амалларини тўла дастакламайди.

Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидан Россия ўзига дастаклов истаганди.

Шанхай ташкилоти аъзолари Россиянинг Қофқоздаги «фаол роли»ни олқишлаганлар, бироқ Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида эътироф этмаганлар.

Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтган йиғинда Россиянинг Гуржистонга қарши ҳарбий амалиёти борасида тўғридан-тўғри маъқуллов янграмаган.

ШҲТ якуний ҳужжатида айтилишича, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари Россиянинг Жанубий Осетияда тинчликни таъминлаш йўлидаги фаол ролини қўллаб-қувватлайдилар.

Шу билан бирга, мамлакатлар раҳбарлари ҳудудий яхлитлик тамойилини ҳурмат қилишларини эътироф этганлар.

Душанбедаги йиғинда Президент Дмитрий Медведев, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларини Россиянинг Гуржистонга қўшин киритганига Ғарб томонидан билдирилаётган танқидларни қоралаш ҳамда Абхазия ва Жанубий Осетия мустақилликларини эътироф этишга чақирди.

Бироқ саммит якунида эълон қилинган қўшма коммюникеда, «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар яқинда пайдо бўлган Жанубий Осетия масаласида чуқур хавотир изҳор этадилар ва тегишли томонларни мавжуд муаммоларни тинч мулоқот йўли билан ҳал этишга чақирадилар».

«Фақат куч ишлатиш йўли билан масалани ҳал этишга интилишнинг истиқболи йўқлиги» таъкидланган Шанхай ташкилоти баёнотида.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолари Франция Президенти Николя саркози воситачилигида Россия ва Гуржистон ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга эришилганини олқишлаганлар.

ШҲТ баёнотида айтилишича, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари ҳар бир мамлакатнинг тарихий ва маданий анъаналарини ҳурмат қилиш ва давлатнинг ягоналиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини сақлашга қаратилган ҳаракатларнинг зарурлигини урғулаганлар.

Шу куни Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер, Россиянинг Гуржистондаги амаллари боис Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари расмий Москвага нисбатан жазо чораларини жорий этиш устида ўйлаётганликларини маълум қилган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сўзларига кўра, санкциялар билан қилинаётган таҳдид Ғарбнинг тўла каловланиб қолганининг намойишидир.

Айни пайтда ҳам Россия ва ҳам Ғарб бир-бирини янги Совуқ Урушини бошлаётганликда айбламоқдалар.

Россия 28 август куни янги қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилган.

Таҳлилчиларнинг билдиришларича, замонавий «Тополь» ракетаси Россиянинг ХХI асрдаги ятратегик ядровий кучларининг асосини ташкил этади.

BBCUzbek.com

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares