Хайрулла Исматуллаев ўзбек тилининг жонкуяр тарғиботчиси эди, олимнинг ўзбек тилини ўрганишга бағишланган бир неча китоби чоп этилган.
Америка ўқув юртлари учун ўзбек тилидан бир неча дарслик яратган.
1990 йилдан АҚШда истиқомат қилган олим янги мустақилликка эришган Ўзбекистон ва ўзбек халқи тарихи, маданияти, қадриятлари ҳамда ўзига хослиги билан ғарбликларни таништирган инсон эди.
Хайрулла Исматуллаев Марказий Осиё учун катта аҳамиятга эга бўлган манбаълар ва Ғарбнинг илғор қадриятлари билан ўзбек халқини ошно этган олимлардан бири бўлган.
Олим ХХ аср бошидаги ўзбек адабиёти вакиллари Чўлпон, Фитрат ижодига мансуб асарларни оммага етказишга интилган.
Хайрулла Исматуллаев ўзининг кескин мухолиф қарашлари билан танилган эди.
Хусусан, у Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилишига қарши мақолалар чоп этган.
Хайрулла Исматуллаев 1990 йилларда Амир Темур тарихига қизиққан ва даврий нашрларда соҳибқирон ҳақида қатор илмий мақолалар чоп этган.
«Чет элга келганимдан сўнг, худди чанқоқ одамдек Темур ҳақида жуда кўп маълумотларни қидириб топдим. 1500 йилда Темур ҳақида чиққан китобларни Гарвард университети кутубхонасидан топдим. Жуда кўп вақтимни сарфлаб, кўплаб маълумотларни йиғдим. Айрим асарлар Темур тириклиги вақтида чиққан, унинг аскарлари кетидан юриб йиғилган маълумотлар бор экан», деганди марҳум олим.
Би-би-си билан охирги суҳбатларидан бирида Хайрулла Исматуллаев, Амир Тимур даври тарихи ва аҳамияти ҳақидаги ўзининг илмий изланишларини Ўзбекистондаги жорий ҳукумат ўз манфаати йўлида фойдаланиши интилишларини тушуниб етгани туфайли вақтинча тўхтатганлигини айтганди.



