Норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси тарқатган хабарга кўра, Ангрен шаҳар милиция бўлимида Музаффар Тўйчиев уриб ўлдирилган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани «Қора Хитой» қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилган Музаффар Тўйчиевнинг жасадидаги қийноқ излари туширилган видеотасвирларни қўлга киритганлар.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳининг марҳумнинг яқинларига таяниб хабар қилишича, 29 ёшли Музаффар Тўйчиев шу йил 24 мартида ҳибсга олинган ва шу куни тунда Ангрен туман Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида вафот этган.
Унинг нимада гумон қилиниб, Ангрен ҳибсхонасига олиб борилгани номаълум.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Музаффар Тўйчиевнинг яқинлари томонидан тасвирга туширилган кадрларни интернетда эълон қилганлар.
Яқинларининг айтишларича, маҳбуснинг жасадини оиласига қайтарган пайтда ҳокимият, прокуратура ва милиция вакиллари келишган ва майитни тезлик билан дафн этишни талаб қилганлар.
Инсон ҳуқуқлари алянси Музаффар Тўйчиевнинг оламдан кўз юмиши юзасидан учта ўлим хулосаси қайд этилганини хабар қилган.
Ўлим хулосаларидан бирида марҳумнинг кўплаб тан жароҳатлари олгани ва бу жароҳатларнинг ўлимга сабаб бўлгани қайд этилган.
Хабарларга кўра, Музаффар Тўйчиевнинг ўлимида айбланаётган тўрт нафар милиция ходими устидан тергов ниҳоясига етмоқда.
Аммо марҳумнинг яқинлари ҳақиқий айбдорларнинг озодликда қолаётганини айтишган.
Музаффар Тўйчиев уйланган, икки фарзанднинг отаси бўлган.



