Самарқанддаги газ омборида портлаш содир бўлди

 

Образец Web-страницы

kaganeplosion.gif
ҳодиса ўтган ой Когонда юз берган портлашларни ёдга солган

21 август куни кечқурун Самарқанд шаҳри аҳолиси бир неча портлашлар, осмонга ўрлаётган улкан аланга ва тутундан безовта бўлган ва бир ой аввал Когон шаҳридаги аслаҳа омбори портлаши каби ҳодиса юз бераётганидан хавотирга тушган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Самарқанд шаҳри бўлими эса портлашлардан бир соат ўтгач, шаҳардан 15-20 километрлар узоқликдаги суюлтирилган газ сақланадиган омборда ёнғин юз бергани, лекин вазият бўйича ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини маълум қилган эди.

22 август тонгига келиб, Фавқулодда вазиятлар бўлими темир йўл цистерналаридан суюлтирилган газ қуйиш пайти ёнғин хавфсизлигига риоя этилмагани учун 8 та цистерна портлаб кетгани ва ҳозирда ёнғин тугатилганини маълум қилган.

Расмийларга кўра, юз берган ҳодиса туфайли икки киши жароҳат олиб, бири шу станция ходими куйги асоратлари билан касалхонага ётқизилгани, иккинчиси эса портлаш юз берган пайт қочишга уринаётиб, оёғи синганини маълум қилган. Учинчи шахсга эса руҳий ёрдам зарур бўлган.

Расмийлар дастлабки текширувларга асосан, суюлтирилган газ тарқатиш билан машғул бўлган хусусий “Баҳрон-Бек” ширкати ходимларининг ёнғин хафвсизлиги қоидаларига тўла риоя этмагани учун ёнғин келиб чиққанини айтишган.

Уларга кўра, шаҳар прокуратураси ҳодиса бўйича жиноий иш очган ва текширув ишлари давом этмоқда.

Портлаш ва ёнғин юз берган газ омбори темир йўл станцияси ва аэропортга яқин бўлгани учун самарқандликлар орасида катта хавотир туғдирган.

Маҳаллий журналистлардан бири бир ой аввал Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида аслаҳа омбори портлаши атрофидаги “ахборот қамали” ва оддий одамларнинг ташвишларига гувоҳ бўлган ўзбекистонликлар бундай ҳодисалардан юрак олдирган кўринади.

Ўшанда расмийлар портлашлар туфайли уч киши ҳалок бўлиб, 23 нафари яраланганини айтган эса, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳалок бўлганлар сони расмий рақамлардан анча кўп эканини таъкидлашган эди.

Самарқанд суюлтирилган газ омборидаги портлашлар ҳақида ҳам Ўзбекистон матбуоти ва телевидениеси ҳеч қандай хабар бергани йўқ.

Охирги маълумотларга кўра, Самарқанд фавқулодда вазиятлар мулозимлари портлаган цистерналар сони 8та эмас, балки 4 та бўлганини айтишмоқда.

“Дастлабки хабарлар улкан аланга сўнмаган пайт тарқатилган бўлиб, у вақтда омон қолган цистерналарни кўришнинг иложи бўлмаган эди,” -дея изоҳ берган мулозим.

BBCUzbek.com

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares