Менинг сиёсат бобида уйғонишим, Ватанни тарк этишим сабаб, оиламизнинг путур кетгани, мол-мулкларимиз ИИБ ходимлари томонидан толон қилингани, отамни қайта-қайта жиннихонага тиқишганлари
хақда қайта ҳикоя қилишнинг ўзи менга жуда оғир.Ватанни тарк этганлар зиммасига синов ва сабот залварини юкловчи иккинчи диёр мавсуми менинг жонимни-да азобларга солди.
“Ватангадо” ҳикояси Ўш вилоятида чеккан азобларим ўлароқ ёзилган. Ўшда Ўзбекистон МҲҲ ва ИИБ ходимлари изғиб юриб, бир неча юртдошларни ўғирлаб кетишгач, бир амаллаб Бишкекка етиб келдим.
Энг катта ситамларни ўз миллатдошларимдан чекканим боис ҳам, бу ерда ҳеч кимга қўшилмай юрдим. Қурилишда ишладим. Улуғбек Бакиров бошлиқ “Эзгулик”чилар билан хонадош бўлсамда, сухбатлашишдан ўзимни олиб қочиб юрдим.
Эгамназар Шайманов сизни йўқлаяпти, дейишдилар. Совуққонлигим сабаб, у кишини ўзимдан узоқлаштирдим. Айнан айрим юртдошлар менга нисбатан қизиқишаётгани учун ҳам бошқа арзон квартирага кўчиб кетдим.
Оч-наҳор ишга кетардим, Уст-бошим ҳамкасб қирғизларникига нисбатан анчайин юпин эди. Бишкекнинг баҳорида ҳам ҳеч бир терламай кийса бўладиган, Холдор Вулқон эслаганидай мени “большевиклар командири” кўринишига соладиган дермонтин куртка ва шапкам, — ягона кийимим эди. Пайафзалимнинг таг чарми йиртиғидан қор кирар, у эриб доимо оёғим ҳўл бўлиб юрарди.
Бир ойлар йўталиб юрдим. Илгари шамоллашим ўз-ўзидан йўқолиб кетарди. Оёғим ҳар куни намлангани боис ҳам бу гал йўтал аримади. Ишламасам бўлмасди. 2007 йилнинг илк кунлари қиш қахратони жуда авжга олиб, йўтал мени тамоман йиқитди.
Ўпкам ва юрагимнинг атрофига сув тўплангани ҳақда ташхис қўйдилар. Ота-онам бағридан қочиб чиқиб, тайинли бир манзилга етолмай, шу ерда ўлиб қолсам керак, деб ўйладим. Кимгадир дардимни айтгим, кимнингдир елкасига бошимни қўйиб йиғлагим келарди. Мусофирчиликда ҳеч ким билан дўстлаша олмаганим жуда алам қиларди. Ҳафта ўтса ҳам врачлар муолажаси иш бермаётганди.
Шундай оғир кунларимнинг бирида палатага Эгамназар Шайманов кириб келди. Қирқ йиллик қадрдонимни кўрган каби қувониб кетдим. Йиғлаб юбордим. Бутун ғам-ташвишларимни у кишига ёзғирдим.
Кейинроқ менга маълум бўлишича, у кишининг иқтисоди ўша кунлари меникидан-да косодроқ экан. Ўзи яшаётган Наваповловкадаги квартирасидан кимлардандир қолган шишаларни “Ўш” бозорида соатиб, мени кўриб-кетишга йўл пули қилиб юраркан. У маҳаллий танишларидан топиб келган бир дори сабаб, 3 кун ичида йўталишим ариди!
Эгамназар ака дўсти Рахматулло Алибоев билан бирга мени қайта рентгенга солишни, бошқатдан ташхис қўйишни ташкил этдилар. Ташхис ўша-ўша, муолажа учун керакли дориларни сотиб олишга фолонбай миқдорда пул керак эди. “Адилет” ташкилоти бунча миқдордаги пулни бера олмаслиги очиқ айтди. Э. Шайманов ва Р. Алибоевлар Бишкекдаги “Красний Крест” ташкилотига мурожаат қилишиб, мен учун керакли барча дориларни олдирдилар.
Соғайиб кетдим. Лекин, ҳали оғир ишга қурбсиз эдим. Эртанги куним мавҳум бўлиб қолганди. Шу ташвишимни сирдошимга айланиб қолган Эгамназар акага айтдим. У бироз ўйланган бўлди-да:
— Иншо ёзишдан баҳоингиз қандай бўлган?-деб сўрадилар. Бошқа фанлар қатори адабиётдан ҳам гоҳида “5” олардим, гоҳидп “4”. Шуни айтдим. Эгамназар ака ўз саргузаштларимдан 2-3 лавҳа ёзиб, унга кўрсатишимни тайинлади.
Мен нима учун иншо ёзишим кераклигини ҳам тушиниб етмагандим. Ёши катта одамнинг сазасини ўлдирмай, деб у-бу ҳақда ёзган бўлдим.
Ёзганимга ўзимнинг кўнглим тўлмасада, лекин, Эгамназар ака уларни қайта-қайта ўқиб чиқди. Улардан бирини қайта ишлаш учун олди. 2-3 кун ўтиб, “Бирдамлик” сайтида илк мақолам чиққанида жуда қувонганман. Ўша кунлардан бошлаб, “Бирдамлик” ҳаракати томонидан пул ола бошладим. Энг оғир дамларимда шу ҳаракатнинг кўмаги жонимга аро кирди. Бироз вақт ўтиб “Бирдамлик” сайтини юритишни менга ишонишди ва бугунги кунгача ҳам шу хизматдаман.
Навбатдаги мақолаларимдан бирида Ўш вилоятида бошимдан ўтганлари ҳақда ёзгандим.
Эгамназар ака:
— Буни ҳикоя тарзида ёзсангиз бўларкан-деди. Ҳикоянинг ёзилиши ҳақда тушинчалар бериб, ёзмамни ўзимга қайтарди. Бу вақтга келиб интернетни тушиниб қолгандим. Бишкекдаги АЙРЕКС кутибхонаси компьютерларида 4-5 соатлаб ижод қилар, ёзганимни у кишининг почтасига ташлаб қўярдим. Лекин, эртаси куни бир неча жойлари қизил рангга бўялган ҳикоямнинг ўзимга қайтариб юборилганини кўрардим. Ишонасизми, шу тарзда, 3 ойлар ўтди. Орада бир неча ёзган мақолаларим матбуотда чиқиб кетди. Ҳикоянинг эса устозга (мен Эгамназар Шаймановни ҳақиқий маънода “Устоз” деб қабул қилганман) маъқул келишидан дарак йўқ эди. “Ҳикоя иккимизнинг ўртамизда жуда сарсон бўлди-да, устоз”-дегандим бир куни норози оҳангда.
Ва ниҳоят август охирида “Ватангадо” ёруғлик юзини кўрди.
Қайта тахриримдан сўнг, унинг яқиндаги “Муносабат” сайтида чоп этилиши рости, бу даражада олқишларга сабаб бўлади, деб ўйламагандим.
Ўзимга нисбатан талабчанлигим бир қадар ошди шекилли, сўнгги ёзганларим бугун маъқул кўринади ўзимга, эртага йўқ. Шундан буён ўндан зиёд ҳикоялар ёздим. Улар ҳам, худо ҳоҳласа, яқин вақтлар ичида ўз ўқувчиларига етиб боради. Умидимки, улар ҳам кўпларга манзур бўлади.
Мактубим сўнгида яна бир карра “Ватангадо” га нисбатан билдирган самимий фикр ва тилакларингиз учун миннатдорчилигимни билдираман. Олқишларингиз шу даражадаки, бу менга катта масуълиятдар юклайди.



