Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён етмиш йиллик Шўро ҳукмронлиги, маҳаллий матбуот тилида эса, мустабид тузум даврини эслатувчи юзлаб кўча ва майдонлар номи ўзгартирилди.
Лекин кўпчилик оддий одамлар назарида Халқлар Дўстлиги метроси, аввалроқ эса, худди шу номдаги санъат саройининг номини ўзгартириш ортида қандай сабаблар турганини тушуниш қийин.
Чунки Ўзбекистон ҳукумати халқлар дўстлигини қадрлаши ва мамлакатда миллатлароаро тотувлик таъминланганини ҳамиша фахр билан такрорлаб келган.
Шу йил баҳорида “Халқлар Дўстлиги” санъат саройи “Истиқлол” дея ўзгартирилда ва халқлар дўстлиги тимсоли сифатида Иккинчи жаҳон уруши пайти 15 нафар етим болани асраб қолган Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал ҳам шаҳар четига кўчирилди.
Айрим кузатувчилар ва мустақил веб саҳифалар хабарларига кўра, «Халқлар Дўстлиги» саройи, майдони ва энди метросининг қайта номланишида шахсан президент Ислом Каримов ташаббус кўрсатган. Уларнинг тааъкидлашича, бу ном халққа яна ўша мустабид тузум даврини эсга солган.
‘Ўзбек халқининг янги қиёфасини яратиш йўлидаги уриниш’ми?
Бугун энг долзарб таълим фанига айланган миллий истиқлол мафкураси йўналишида ишлаётган бир кузатувчининг айтишича, бу ўзгаришларнинг бари ўзбек халқининг янги қиёфасини яратиш йўлидаги уринишдир.
Исмини айтишни истамаган бу мутахассиснинг айтишича, “Халқлар Дўстлиги” билан боғлиқ номлар ва Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал -буларнинг барчаси -Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, тинчликсеварлиги ва болажонлигини акс эттирувчи тимсоллар эди.
“Бундай фазилатлар эса, одатда ҳокисор кишиларда кўпроқ мужассам бўлади. Миллий истиқлол руҳида тарбияланиши керак бўлган ёшларга эса ҳокисорлик эмас, балки юқоридаги фазилатлар билан бир қаторда мағрурлик ҳам кераклигига урғу берилмоқда,” дейди у.
Президентнинг “биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз” деган сўзлари бугун шиор ва қўшиқларга айланганини унутманг,» – дейди у.
Айнан “бунёдкор” деган сўзнинг бугун оммалашиб бориши ҳам миллий мафкура маҳсулидир.
Тўқсонинчи йиллар ўртасига келиб, маҳаллий матбуотда Тошкентни, кейинроқ эса бутун Ўзбекистонни “улкан қурилиш майдони”га қиёслаш урф бўлди ва шундай ёндашув талаб қилинди.
Бироқ бу ибора узун ва оммага сингдиришга ноқулай эди. Шу сабаб “бунёдкор” сўзи ўртага келди. Дастлаб “Бунёдкор” телестудияси, сўнг «Бунёдкор» ёшлар клуби бунга бир мисолдир.
Умуман барча ёшлар ташкилотларига ва ёшларни таърифлашда бунёдкор сўзи қўлланилган бўлса, энди бу халққа нисбат берила бошланди. Бу эса, ўзбекларнинг янги қиррасини, бунёдкорлик хислатини намойиш этиши лозим эди.
«Халқлар Дўстлиги» метро бекатининг номи ўзгартирилиши Ўзбекистонга «Барселона» футболчиларини таклиф этиши ортидан донг таратган “Қурувчи” футбол клубининг номи ҳам “Бунёдкор” дея ўзгартирилган пайтга тўғри келди.
Шу тариқа “бунёдкор” сўзи бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда энг оммавий сўзлардан бирига айланмоқда.
Шу пайтга қадар “бунёдкор” деган сўз телевидение, радио ва рўзномалардаги деярли ҳар бир хабарда тўхтовсиз такрорланганига қарамай, халқ тилида деярли ишга солинмасди.
Энди эса, давлат раҳбариятига ёқиб тушган бу сўзни оддий одамлар ҳам кундалик турмушларида ишлатадиган кўринишади.



