Мухолифатни бирлаштириш – бу мумкин бўлмаган ҳолат деб биламан.

Барчамизга бирдек таниш бўлган таниқли мухолифат фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Тўлқин Қораев www.birdamlik.info саволларига жавоб берди.

 

Образец Web-страницы

162_2_tulkin1.jpg
…икки режага эгаман.

Birdamlik.info: Ассалому алайкум ҳурматли Тўлқин ака. Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Жавоб: Мен 1965 йилнинг 7 февраль кунида Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази Қарши шаҳрида таваллуд, педпгоглар оиласида тақваллуд топганман. Бугунги кундаги маълумотим, айтиш мумкин бўлса тугалланмаган олий. Тошкент Политехника институтининг қурилиш факультетида ўқиганман, аммо ўқишим сўнг курсга борганда оилавий ҳолатлар сабаб ўқишни вақтинча тўхтатгандим. Мана, орадан 19 йил ўтибдики, ҳалигача ўзига хос “акдемик таътилим” тугамади. 1988 йилдан оилаликман ва ҳозирда икки нафар фарзандим бор. 2005 йилнинг 29 июнь кунида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим ва ҳозирда Швеция қироллигида сиёсий муҳожирлик мақоми билан яшаб келаяпман. Ўзим ҳақимда қисқача айтадиганим шу, холос.

Birdamlik.info: Мухолифат сафига қачон киргансиз?

Жавоб: Мен 1988 йилнинг декабрь ойидан “Бирлик” халқ ҳаракатига кирганман. Ўшанда айни мана шу ҳаракатнинг Қарши шаҳрида шоир Амир Худойбердиев бошқарар ва у билан биргаликда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, СССР Олий Совети сайловларига эл истаган номзадлардан депутатлар сайланиши учун кураш олиб борардик. Шунингдек, ўша дамларда удум бўлган пахта монокультурасига қарши курашда ҳам Қашқадарё вилояти аҳолиси орасида баъзи тушунтириш ишларини олиб борганмиз.
Менимча, мухолифатга кириб қолган вакқтим шу дамлардан бошланган. 1991 йил, Республики мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг менинг фаолиятимда, нафақат менинг, балки Қашқадарё вилоятидаги барча мухолифатчилар фаолиятида ҳам сустлашиш бошланди. Назаримда, мухолифат вилоятимизда бутунлай тўхтади ҳам. 1998 йилдан эътиборан яна мухолиф кучлар сафида пайдо бўлдим ва “Бирлик” халқ ҳаракати фаолиятини вилоятда қайта шаклланишида оз бўлсада ҳиссамни қўшдим деб биламан.

Birdamlik.info: Бу саволни ҳар бир суҳбатдошимизга берамиз. Сабаб, ҳар бир инсон ўз шахсий фикрига эга. Маълумки, Ўзбек мухолифати бирлашишини истовчиларнинг кўп маротаба мурожатномалари эълон қилинди. Лекин мухолифат ҳозирги кунга қадар бирлашгани йўқ. Сизнингча бунинг сабаблари нимада?

Жавоб: Мухолифатни бирлаштириш – бу мумкин бўлмаган ҳолат деб биламан. Одатда иқтидорда бўлган ҳукуматга сиёсий мухолиф бўлган партия ва ҳаракатлар мухолиф куч дейилади. Икки, ёки ундан ортиқ партияларнинг мақсад ва ғоялари уйгунлашсагина улар парламентда (албатта бу ҳолат эркин сайловларга йўл берилган мамлакатларда учрайди) улар ўз сиёсий фракцияларини тузадилар. Ўзбекистон шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, мухолиф партия ва ҳаракатлар мамлакат ичкарисида таъқиб қилиб келинади ва шу билан бирга улар Адлиф вазирлиги рўйхатидан ўтказилмай ҳам келинмоқда. Бундан хулоса ясайдиган бўлсак, Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф бўлган кучларнинг мақсадлари бир: у ҳам бўлса иқтидордаги авторитарь-жиноятчи ҳукуматга қарши сиёсий кураш олиб бориш. Лекин айни мана шу мақсадда бирикишни кўрмаяпман.

Кўпроқ сиёсий мухолифатимиз бири бошқасини ёмонлаш билан овора. Улар орасида ғарб мамалатлари ва бошқа турли туман фондлар томонидан бериладиган грантлар учун кураш бораётган ўхшайди. Балки адашаётгандирман, аммо менинг назаримда шундайга ўхшаяпти.
Қолаверса Каримов режими ҳам хориждан ёрдам олмоқда, қўллаб қувватланилмоқда. Ғарб мамлакатлари, асосан АҚШ ва Гермения ҳукумати ўзининг Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган иккки юзлама сиёсати билан ҳам мухолифат кучларини чалғитмоқда. Айниқса 2005 йилдаги Андижон фожеасидан сўнг мамлакатимиз тарақиий этган давлатларнинг соғин сигирига айланиб қолди. Бундан ташқари Шимолий Атлантика ҳарбий блоки Самарқанд вилоятининг Оқтош туманида радоактив чиқитларни утилизация қилувчи завод қура бошлагани келажакда Ўзбекистон ғарбнинг радиоактив чиқитлари ахлатхонасига айланишини ҳам кўрсатмоқда.

Ўзбек мухолифати эса айни дамда ҳам ғарб мамалакатларидан умидвор. Эслатиб утмоқчиман: на ғарб мамлакатлари, на АҚШ, на Россия ва на Хитой Ўзбекистон демократик принципларга асосланган мамлакат бўлишини истамайди. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг мусулмонларга қарши кураш бошлагани ва Ислом дининнг Марказий Осиёда кенг тарқалишига қарши олиб бораётган саъй-ҳаракатлари сионизмни тарғиб қилувчи ҳукуматларга, хусусан Исроил ва АҚШ га хуш ёқиб тушди. Айни мана шу ҳолат ҳам режимни сақланиб қолишига хизмат қилмоқда ва дунё Андижон қатлиомини унутишгача бориб етмоқда. Айни мана ҳолатда ўзбек мухолифати бирлашиши шарт ва зарур. Аммо бундай бўлмаяпти. Бунга сабаб эса, такрор айтаман, ғарб мамалакатлари томонидан бериладиган грант маблағлари ва уларга бўлган интилиш деб ўйлайман. Бошқа сабаб кўрмаяпман.

Яна менинг фикримча, Узбекистон мухолиф кучларидаги купгина шахслар мухолифатчиликни узига касб килиб олган куринади. Купол куринишда айтадиган булсак, бу фаолият эмас, иш, даромад манбаи. Пул топиш илинжи билан мухолифат кучлари орасига кириб келаётганлар куп эмасдир, аммо оз хам эмасдай. Айни мана шу пул учун хам сиёсатчиларимиз бирини бирини ёмонлаяпти, айни мана шу пул учун хам бир бирларини хакоратламокда. Менимча, сиёсат пул топиш манбаи буларкан, айникса бизнинг холатимизда, бундай фаолият ижобий натижа бермайди.

Birdamlik.info: Барчамизга маълумки сиз ўз вақтида Биританиянинг “Уруш ва Тинчликни ёритиш институти”нинг мухбири бўлиб фаолият кўрсатгансиз. Ҳозирги кунда ҳам ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилмоқдамисиз?

Жавоб: Мен Ўзбекистондан чиқиб кетган кунимданоқ бу фаолиятим тўхтаган. Бунинг сабаби ҳам оддий: журналист сифатида мен Ўзбекистон ичкарисида зарур эдим ва ҳозир муҳожиротда яшаётган эканман, мазкур институт билан хамкорлик қилмаётганим ҳам табиийдир. Бу ердан туриб Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятни ёрита олмайман.

Birdamlik.info: “Uz-news.net” веб-саҳифасининг ишларига кўмаклашиб туришингиз сизни Швед тилини ўрганишингизга ҳалақит бермаяптими?

Жавоб: Халал берарди ва янги 2008 йилдан бери бу ҳамкорлик ҳам
тўхтаган.

Birdamlik.info: Бугунги кунда Америка ва Ўзбекистон муносабатларида яна тикланиб, илиқлашиб бормоқда. АҚШ ҳар қанча рад этиб келмасин, Андижон воқеаларини унитишга ҳаракат қилмоқда. Нима бу – демократияни дастак қилган давлатнинг демократиядан юз ўгиришими?

Жавоб: Бу саволнинг қисман жавоби бқоридаги саволларингизнинг бирига берган жавобимда мавжуд. Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг илиқлашуви кўпроқ АҚШ ва шахсан Ислом Каримовнинг манфаатларига тақалади. Ўзини дунёдаги энг демократик мамлакатлардан бири деб билган АҚШ Осиё мамлакатларида демократик эркинликлар жорий этилишини истамайди. Аммо ўз имиджидан келиб чиқиб иккиюзлама сиёсат олиб бораяпти. АҚШ нафақат Андижон қирғинини унутди, балки 1989 йилдан 1991 йилларгача бўлган муддат ичидаги Қўқонда, Наманганда, Пскентда, Паркент, Бўка ва Деновдаги тинч аҳолининг отилганини, 1992 йилнинг 16 январь кунида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида олий уқув юртлари талабаларининг отилганини ҳам унутиб юборган. АҚШ ўзига керак бўлганда унутади ва ўзига лозим топса эслайди ҳам. Шундан келиб чиқиб ўзбек мухолифати Ўзбекистон ичкарисидаги халқ билан ишлаши керак деб биланман. Бизга эркинликни хориждан кимдир олиб кириб бермайди.

Birdamlik.info: Сиз нималардан кўпроқ афсусланасиз ва нималар сизни кўпроқ қувонтиради?

Жавоб: Кўпроқ беҳуда кетган вақтдан афсусланаман, аммо кўп қаторида, вақтимни бехудага кеткизганимни тушуниб етганимдагина буни тушунаман. Мени қувонтирадиган нарса эса инсонларнинг бахти, ўзимнинг бахтим. Бир мақсадни кўзлаган бўлсаму, унга эришсам алабатта қувонаман. Бошқалардан ажралиб турадиган алоҳида бир хусусиятга эга эмасман. Демак ҳамма нимадан қувонса мен ҳам шундан қувонаман.

Birdamlik.info: Ўзингизга танқидий кўз билан қарайсизми ва камчиликларингиз нимадан иборат?

Жавоб: Гоҳида қарайман, аммо бундан нима наф? Биров мени менчалик билмайди. Демак, нима сифатим бўлса ва нима иллатим бўлса – у ичимда. Ўзимдан қочиб ҳеч қаерга кета олмайман. Менимча савал ўз ўзимга танқидий кўз билан қарашим эмас, балки ўз хатоларимни кўра олишим ҳақида бўлганида дурауст бўларди. Хатоларни англайман, албатта кеч англайман. Менимча ҳамма шундай. Инсон борки, у ўз хато ва камчиликларини кеч англайди.

Birdamlik.info: Режаларингиз?

Жавоб: Режаларим борасида эса қийналаман. Менда икки йўл бор.
Буган муҳожиратда эканман, Швецияда мослашишим ва янги ҳаётни бошлашим зарур. Шу билан бирга, Ўзбекистонни ўтмишим деб билмайман ва Ватанга қайтиш менинг орзуим. Ўзбекистонга қайтиш эса – Ватанда эркин яшаш имконлари пайдо бўлиши билан боғлиқ. Бунинг учун хориждан туриб бўлсада курашиш керак. Икки мақсад орасидаман и икки режага эгаман. Жуда қўрқаман: икки қайиқни тутган сувга ғарқ бўлади дейдилар.
Начораки, икки йўлдан бирини танлаб ола олмаяпман. Иккиси ҳам зурур.

Birdamlik.info: Ўзбекистон ичкарисида, қийинчиликлар ва қийноқлар остида ҳаёт кечираётган ватандошларга қарата айтар гапингиз?

Жавоб: Уларга айтадиган сўзим шу. Кўплаб ватандошларингиз Ўзбекистонни тарк қилишга мажбур бўлишди ва сиз ўз муаммоларингиз билан режим қаршисида ёлғиз қолаяпсиз. Ўзингиз қаттол режимга қарши кура олмас экансиз, жуда бўлмаса, ҳали ҳам Ватанда қолибю курашни давом эттираётганларни қўлланг, улар бир бирга бўлинг. Акс ҳолда қолганларни ҳам йўқотасиз ва сиз учун биров курашмайди. Ана унда эса Ислом Каримов режими сизни ўзи истаган куйга ўйнатади. Қирқ йил тиз чўкиб яшагандан кўра бир кун тик туриб ўлган афзал. Режимга қарши курашинг!

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

(Суҳбатдош: Тўрабек Сано)

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares