Замонавий қулликка тушмаслик учун нималарни билиш керак?

 

Образец Web-страницы

mardikor-halqim.jpg
Қозоғистонда бир неча юз минг Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилади

Қозоғистондаги «Сана Сезим» ноҳукумат ташкилотининг билдиришича, Қозоғистон жанубидаги Чордара туманида икки нафар Ўзбекистон фуқароси қулликда ушлаб турилипти.

Бу ҳақда Чордарадаги қулликдан қочиб, Ўзбекистонга етиб боришга муваффақ бўлган икки киши «Сана Сезим» ташкилотига хабар қилганлар.

«Мен сенларни пулга сотиб олганман ва энди пулимни чиқариб олмагунимга қадар менга ишлаб берасанлар», деб қулликка мажбурлаяпти хўжайин, дея айтишган ўзбекистонликлар.

«Сана Сезим» Аёллар ташаббуси ҳуқуқий маркази раҳбари Хадича Абишеванинг сўзларига кўра, кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳуқуқлари ва Қозоғистон қонунчилигини билмасликлари оқибатида замонавий қулликка тушиб қолмоқдалар.

Ўзбекистонликларнинг замонавий қуллик қурбонларига айланиши олдини олиш мақсадида ҳуқуқий марказ «Меҳнат муҳожири учун маълумотнома» ишлаб чиққан.

Ушбу маълумотномада чет эллик фуқаронинг Қозоғистонда бўлишига доир қонунчилик, меҳнат муҳожири бўлиш қоидалари тушунтирилган, фойдали маслаҳатлар берилган ҳамда Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлиги масалалари билан шуғулланадиган идора-ташкилотларнинг, хорижий мамлакатлар элчихоналарининг манзиллари ва телефон рақамлари эълон қилинган.

«Сана Сезим» ҳуқуқий маркази ўзининг интернет саҳифасида муҳожирликка алоқадор маълумотларни ўзбек тилида ҳам эълон қилган.

Интернет саҳифа манзили: www.migrant-help.org

Қозоғистон расмийларига кўра, мамлакатда меҳнат муҳожири бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони 250 000 ни ташкил этади, бироқ айни пайтда Қозоғистонга пул топиш илинжида борган ўзбекистонликларнинг сони 1 миллион нафарга етган деб кўрилади.

Шу йил феврал ойидаги МДҲ раҳбарларининг учрашувида илк марта Марказий Осиё президентлари Россияда меҳнат муҳожирларига қарши ҳужумларни саммит кун тартибига киритган эдилар.

Бироқ Ўзбекистон расмийларининг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг муаммолари борасида бирор бир минбарда гапирганлари хабар қилинмаган.

АҚШ Давлат департаментининг ҳисоб-китобларига кўра, ташқарида ишлаётган ўзбекистонликларнинг сони 3 миллионга етиши мумкин.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares