Мен Ўзбекистондан аслида Андижон воқеаларидан 3 ой ўтгандан кейин август ойида чиқиб кетгандим. Ҳозир Европада яшаётган дўстим ва ҳамкасбим Юсуф Расул билан сафарга чиқдик ва Андижон орқали Ўшга ўтиб, у ердан Бишкекка келдик. Бироқ сўнгги дақиқаларда мен ортимга қайтдим. Ўзбекистондаги онам ва яқинларимни ташлаб кета олмаслигимни сездим. Ватанга қайтиб журналистик фаолиятимни давом эттирдим. Шу билан бирга “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўлимида инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулландим. 2006 йилда қамоққа олиндим ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилишди. Ўшанда, биласизми, панжара ортида ўтириб ҳам, “Нега қайтган эканман?” деб афсусланмаганман. У кунлари кўпрок Андижонда яшаётган кекса онамни ўйлаганим ўйлаган эди… “Қамоқдан қайтиб чиқаманми, йўқми, менга бирор нарса бўлса, кўтара олмайдилар,” деган ўй хаёлимдан кетмасди…54 кун панжара ортида ўтирдим. Халқаро ҳамжамият босими билан менга берилган жазони енгилроғига алмаштиришди. Яъни, энди мен очиқда юриб, 3 йил мобайнида давлатга жарима тўлаган ҳолда ишлашим керак. Анчагача иш топа олмай юрдим. Мени ишлашдан бош тортди, деган айблов билан яна қамоққа қайтаришларига бир баҳя қолгандагина, яқинларимизнинг қистовлари билан, 2006 йилнинг 18 декабрида Ватандан чиқиб кетдим. Орадан бир йилдан сал кўпрок вақт ўтгач эса, Канадага келдим. Шу йилнинг март ойидан буён шу ўлкадаман.
Мен кўп нарса йўқотдим….Онам оламдан ўтди. Ватанимни йўқотганим менга ўн азоб эди. Ўн азобимга мингтаси қўшилди… Ҳаттоки, қабрларига бир сиқим тупроқ ташлаб, сўнгги йўлларига ҳам кузата олмадим. Вафот этганларини эшитиб, ҳамма нарсани унутиб, Ватанга отландим. Бироқ Андижондаги яқинларим, жигарларим бунга кўнишмади. Ўшандан бери ўзимга келмайман. Кечалари онам бошимда ўтириб чиқадилар. Мени овутмоқчидай, мендан рози эканликларини билдирмоқчидай жудаям тинч, хурсанд ҳолатда кўринадилар…Яқинларимни, ҳаммаларини соғинаман. Ҳаттоки, душманларимни ҳам кўргим келади. Мен (нафақат мен) хорижда кимман? Ҳеч ким! Қочоқ деган ғалати, одам (айниқса у ЎЗБЕК бўлса!) ҳазм қилиши қийин бўлган сўз билан аталувчи мақомга эга бўлган шахсман, холос…Мен ва менинг Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамкасбларим, юртимизда режимнинг бошига ағдарилган қоя бўла олмаган бўлсак-да, унинг тирноғи тагидаги зирапча каби эдик. Бу ерда эса, биз қум заррасимиз, деярли ҳеч ким…Тўй, маърака, яқинлар дийдоридан маҳрум бўлиш – биз ўзбеклар учун, менимча оғир зарба. Бу зарбанинг заҳри, ҳозир биз яшаётган, тараққиётнинг юксак чўққисидаги мамлакатлардаги бизга яратилган барча қулайликларга соя солиб тургандек. Дилноза ва Гулноза исмли иккита қизим катта бўлишяпти. Катта қизим 15 ёшга тўлибди. Улар Ўзбекистонда собиқ рафиқам билан қолишган. Бу ёғига ҳам уларни иқтисодий жиҳатдан таъминлаб, ўқишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун шароит яратиш – менинг ота сифатидаги асосий бурчим. Мен ҳозирги рафиқам Мунира билан Жиззахда танишганман. Тўйимиздан сўнг бир йил ўтгач Ўзбекистондан чиқиб кетдик. У ҳозир мен билан Канадада. Ўзбекистонда яшаётганимизда Мунира менинг касбий фаолиятим туфайли анча заҳмат чекди: мени камоққа олганларида, у дарҳол менинг муҳим ҳужжатларимни ва компьютеримнинг маълумотлари сақланган қаттиқ дискларни беркитиб ташлаган. Терговчилар ҳужжатларни топиб беришини талаб қилишиб, унинг қўлларига ҳам кишан солиб қўрқитишди.
Ҳозир у ўзи гувоҳ бўлаётган тараққиёт ва давлат қонунларининг ишлашидан ҳайратда. Бу мамлакатдаги инсонлар учун (айниқса аёлларга!) яратилган ҳамма қулайликлардан фойдаланиб чарчамаяпти. Инглизчани ўрганишда мендан анча олдинда. “Яхшироқ ўрган, менга тилмоч бўласан,” дейман баъзида ҳазиллашиб. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида мен бой берган нарсаларни айтмай қўя қолай…Халқимизнинг оғир кунларида улардан узоқлашдик. Бу ердан туриб уларнинг ҳаётидаги муҳим ўзгаришларни ёрита олмаймиз, бошида бирон бир ҳуқуқий муаммо пайдо бўлса ёрдам беришдан маҳруммиз. Тақдирнинг бу чигалликларини оз бўлса-да тарқатиш учун ҳозир бу ерда тил ўрганиш ва ижод билан кўпроқ шуғулланаяпман. Қамоқда ўтган кунларим ҳақидаги эсдаликларим ниҳоясига етай деб қолди. Ҳаттоки, уни нашр этишга туркиялик ҳамкорларимиз қизиқиш билдиришди. Яна юртимизда қолган манбаларимизнинг хабарларини интернет сайтлари орқали тарқатаяпман. Ўзимнинг ҳам бир миллий ахборот-таҳлилий сайт ташкил қилиш режам бор. Ҳозир бир гуруҳ бўлиб шунинг устида ишлаяпмиз. Бу ҳаракатлар оз бўлса-да кўнгилга таскин беради…
Мен илгарилари ҳам хорижда кўп бўлганман. АҚШ ва Европанинг қатор мамлакатларидаги ҳаёт тарзи менга яхши таниш. Канадага келиб топганим – аввало тинчлик бўлди. Ҳеч ким ортингиздан пойламайди, телефонингиз ва интернетингиз билан бировнинг иши йўқ. Милицияси-ёрдамчи, ҳокими-хизматкор. Қўлларини пахса қилиб, дарвозангизга келиб оладиган маҳаллақўминиям, безрайиб қадамингизни санайдиган посбониниям кўрмайсиз. Гапларимни ҳазилга оларсиз, лекин энди сезаяпман, ўшаларсиз мен негадир зерикаяпман! Ўзбекистонда қайнаб, тошиб юрардик. Жиззахдан Тошкентга келиб кетишимизнинг ўзи қанча ғалвалар ва саргузаштларга сабаб бўларди. Экстремал журналистика-Ўзбекистонда! Бу ерда, агар тил билган журналист бўлган тақдиримда ҳам, нималар ҳақида ёзаман?… Тасаввур ҳам қила олмайман… Қизиғ-а, ўзингизни инсондай ҳис қилувчи бир жамиятда яшайсиз, лекин, диктатдан бошқа хеч нарса кўкармаётган бир ҳудудга талпинаверасиз…
Топганларим бармоқ билан санарли. Кўп мутоала қилишга, ижод қилишга ва ниҳоят ўзим билан шуғулланишга вақт топдим. Бу ерда ёрдам бериб, суяйдиган мададкор қариндошлар йўқ, ҳамма нарсани ўзимиз бажарамиз, енгиб ўтамиз. Ўзимга бўлган ишонч туйғусини ҳам топдим. Демак, яшаса бўлади… Кўзга дастлаб ташланган яхши ҳолат – бу ерда маст-аластларнинг йўқлиги. Спиртли ичимликлар ҳам фақат махсус магазинларда сотилади. Сигаретларни эса, очиқ пештахтада кўрмайсиз – қонун шунақа, улар турган пештахта парда билан ёпилган бўлади. Бироқ Канадада гиёҳванд моддаларни бемалол чекиб юрганларни кўриш мумкин. Полициячилар миқ этишмайди. Ҳаттоки, баъзи бир одамлар айвонларида гиёҳванд ўсимликларни ўстиришади. Тушунарсиз қонун ва қоидалар….Кўчада ҳамён ёки телефонингизни йўқотиб қўйсангиз, хавотир олманг, уйингизга олиб келиб беришади. Шахсан ўзимда шундай бўлди. Нафақат турли ҳужжатлар, балки турли молиявий карточкалар солинган ҳамёнимни бир дўконда қолдирган эканман, 2 соатда олиб келиб беришди. Хотиним аллақачон “мотам” тутиб ўтирганди…
Тоза мамлакат. Ҳавоси мусаффо. Ўрмондаги турли жонзотлар баъзида шаҳарга ҳам айланиб кириб қолишади. Ҳа, билиб қўйганингиз яхши – бу мамлакатда одам ўлдириб қўйсангиз 5 йилгача қамаласиз, бироқ яхши адвокат шу муддатниям ярмини “қирқиши” мумкин. Агар адашиб, билмасдан, бирорта бир юмронқозиқними, машинангиз олдига югуриб чиқиб қолган тулкиними ўлдириб қўйсангиз – тамом (!) 6 йил қамоқ нақд ва ҳеч қандай адвокатингиз қамоқхонадан муддатидан олдин чиқиб кетишингиз учун ёрдам бера олмайди. Мамнун бўлганим, бу ерда ҳам ҳамфикр ватандош дўстлар топганим. Агар шулар бўлмаганида, мен бу ерларда яшай олмаган бўлардим. Ёдимда, Канадага етиб келганимизнинг тўртинчи куни, Муҳожирлар уйидаги хонамизда хотиним билан қанақадир қоғозларни тўлдириб, диққат бўлиб ўтиргандик. Бирдан қаердандир, “Улугбек ака!” деган овоз келгандек бўлди. Мен хотинимга, хотиним менга қаради. Овоз кўчадан келарди. Шошиб қарасак, пастда бир йигит турибди. Югуриб пастга тушдим. Эски кадрдонлардай кучоқлашиб кўришдик. Бу йигит Ғайратжон Холматов бўлиб, бир йилдан кўпроқ муддат аввал Канадага келган экан. Бу ердаги Муҳожирлар уйига келиб, “Ўзбеклар келишдими?” деб ҳабар олиб турар экан. Шундан буён Ғайратжон билан ака-укалардекмиз. Бошқа ўзбекларимиз билан ҳам шу йигит орқали танишдик. Шу нарсани комил ишонч билан айтаманки, миллатдошларимизнинг ҳаммаси олисларда қолган Ватан соғинчи, ишқи билан тириклар. Уларнинг ҳаммалари биринчи имкониятдаёк Она заминга етиб боришади.
Мен Ўзбекистонга ҳали қайтмайман. Мен шу ерда, Канадада ўз билимимни, тажрибамни оширмоқчиман. Тилни, дунёвий фанларни ўрганаман. Бирон бир олий ўқув юртига кириш ниятим бор. Вақти келади ва мен Янги Ўзбекистонга янги билимлар ва фикрлар багажи билан бормоқчиман. Фарзандим ҳам шу ерда туғилади ва шу ерда билим олади. Баъзи дўстларимиз менинг бу фикримни нотуғри тушунишмасин. Мен Ватанимни Канададан паст кўрмайман ҳеч қачон. Бугун мамлакатимиздаги жамият бир-бирига қарама-қарши бўлган икки лагерга ажраб кетган. Дунё бирлашаяпти, бизлар бир-биримиздан узоқлашаяпмиз. Ижтимоий- сиёсий, маданий-маърифий мақсадларни олға сурувчи умумий бирдамликка етиша олмаяпмиз. Ватанимиз фуқаролари, “Ҳар ким ўзи учун” фалсафасига асосланган ва диктатуранинг ҳаёт манбаи бўлган ишончсизлик, коррупция каби носоғлом муҳитга ботиб боришаяпти.
Бугунги ёшларимиз орасидан ҳақиқий ватанпарварларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш қийин. Мамлакатда оддий маиший, касбий, ҳуқуқий шароитлар бўлмаса, қандай қилиб ватанпарварлар етишиб чиқсин? Ҳозирги ёшлар ҳукумат эгаларининг жиноятлари ва маънавиятсизликларининг сояси остида униб, ўсишди. Уларнинг назарида ҳамма бир-бирига бегона: одамлар Ватанга, Ватан эса инсонларга… Улар учун иллат – бу ютуқ, ватанпарварлик эса, ақли ноқислар ўйлаб топган сафсата… Бунга ишониш қийин, бу парадокс: Умидсиз, ишончсиз, Ватанга муҳаббатсиз ўсган бутун бошли бир авлод, Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда шаклланди! Айтмоқчиманки, Каримов ва унинг тузуми йўқ бўлгани билан, миллатимизни асир қилган бу муҳитга кўниккан, тириклик ва қорин ғамидан бошқа ташвиши йўқ, “Мен сенга, сен менга” ғоясига суянган миллионлаб ёшлар қолади. Уларни манқуртликдан чиқариш ва нормал ҳаётга қайтариш учун ўн йиллар камлик қилади. Каримовнинг энг катта жинояти ҳам мана шу. Ана ўша даврда Ўзбекистонга қайтаман. Хорижда олган билимимиз қўл келади. Ўшанда мен Ўзбекистонда ўзимнинг хусусий телевидениямни очаман. Одамларни ҳаққоний, холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш менинг телевидениямнинг асосий иши бўлади. Менинг касбим шу ва мен фақат шу соҳада одамларга кўпроқ керак бўлишимни сезаман.



