Когон шаҳри аҳли яна кўчирилмоқда

 

Образец Web-страницы

kaganeplosion.gif
Портлаш рўй берган кечадан аҳолини эвакуация қилиш бошланган

Ҳарбий омбордаги ёнғин ва кучли портлашлар ортидан яшаш жойларини тарк этиб қайтган Когон шаҳри аҳолиси иккинчи маротаба эвакуация қилинмоқда.

Би-би-си билан суҳбатлашган когонликларнинг айтишларича, «турли хил комиссиялар ташкил этилиб, бу комиссиялар аъзолари уйма-уй юриб, одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбурлашяпти».

«Одамларни автобусларга ўтқизиб, шаҳардан олиб чиқишяпти. Биз эса бунга бўйсунишимиз керак. Махсус жойлар ажратилган, уч маҳал овқатланиш ташкил қилинган экан», деди когонликлардан бири.

Оддий одамлар иккинчи марта эвакуация қилинаётганлари сабабини ўзлари билмасликларини айтишади.

Улар қачон ўз уйларига қайтишларини билишмайди, ҳеч ким одамларга бирон аниқ гап айтаётгани йўқ.

Когон шаҳрида истиқомат қиладиган киши хонадонини тарк этишини талаб қилган милиционердан кўчирилаётганлари сабабини сўраганида, Когонда табиий газ йўқлиги, газ таъминоти қайта тикланганидан сўнг ортга қайтишлари мумкинлигини айтган.

Бундан уч кун аввал Ўзбекистон расмийлари Когонда ҳаёт яна ўз изига тушгани ҳақида маҳаллий матбуотда билдиришганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котибаси Светлана Ортиқованинг Би-би-сига айтишича, Когонда ҳаёт давом этмоқда, тозалаш ишлари ҳали тугагани йўқ.

Когондан аҳолини ёппасига кўчириш амаллари бошланганига доир хабарларни рад этар экан, Светлана Ортиқова, фақатгина ҳарбий омборга яқин жойда яшайдиганлар кўчирилганини урғулади.

Бироқ Бухородаги маҳаллий расмийлар Когон шаҳри бутунлай кўчирилганини тасдиқлашган.

Хусусан, Когондаги портлашлар туфайли ташкил этилган штаб аъзоларидан бирининг айтишича, ҳозир 22 та комиссия тузилган, ҳар бир хонадон хавфсизлик юзасидан текшириб чиқилаяпти.

«Портлаш хавфи борми» деган саволга штаб вакили, хавф йўқ, дея жавоб қайтарди.

Шунингдек, расмийлар портлаш тунидаги қурбонлар сони ҳам ўзгармаганини қайд этадилар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар учун яхши шароит яратилганини таъкидлайди.

«Когонликлар учун кўрпа-тўшак, уч маҳал иссиқ овқат ташкил этилган. Болаларга алоҳида тиббиёт ходимлари қараб туришипти. Аммо қайси бир ваколатли одамга мурожаат қилинмасин, одамлар яна нима учун кўчирилаяпти, қачон қайтиш мумкин ва Когонда қолган мол-мулкка нима бўлади, деган саволга ҳеч ким жавоб беролмаяпти», дейди Шуҳрат Ғаниев.

Портлаш содир бўлганидан кейин бир ҳафта ўтганидан кейин ҳамон Когоннинг ичида ҳам, ташқарида ҳам ноаниқлик ҳукм сураяпти.

10 июл куни Бухорога яқин Когон шаҳрида Шўролар давридан қолган ҳарбий омборда рўй берган портлашлар, расмий маълумотларга кўра, уч кишининг ёстиғини қуритган.

Аммо айрим гувоҳлар ва маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, қурбонлар ҳамда жабрланганлар сони расман эълон қилинганидан анча кўп.

Шу куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Когонга борган.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares