Улар махсус рухсатнома билан ҳар куни икки соатга ўз уйларига кириб чиқишаяпти.
Бу қисқа фурсатда одамлар пул ё ҳужжатларини олиб чиқишади ҳамда мол-қўйларига ем-сув берадилар.
Айни чеклов сабаби – ҳалокат чоғи портламай қолган қуроллар ёки бомбалар атрофга сочилган бўлиши мумкин, деган хавотир.
Когонга борган бухоролик фаол Шуҳрат Ғаниевнинг билдиришича, 10 июл туни портлаган ўқ-дори омбори атрофидаги 5 чақиримгача бўлган масофа обдон текширилиб, тозалаб чиқилмоқда.
Шуҳрат Ғаниевга кўра, катта зарар кўргани айтилган шаҳар темир йўл вокзалига жиддий зиён етгани сезилмайди, фақат дераза ойналари ва эшиклари синган.
Когон темир йўл вокзали қайта очилган ҳамда Тошкентга поезд қатнови тикланган.
Когонга борадиган одамларни ташиш учун Бухоро-Когон ўртасида махсус автобус йўналишлари мавжуд.
Шунингдек, суҳбатдошимизнинг қайд этишича, ҳалокат жойига яқин аҳоли маскани – бир чақирим узоқдаги Зиробод қишлоғида ҳам уйларнинг дераза-эшиклари синиб, баъзида деворларига ёриқлар тушган.
«Уйларнинг томлари учиб кетгани каби улкан зарарларга гувоҳ бўлмадим»- деб айтади Шуҳрат Ғаниев.
Воқеада қурбон бўлганлар сони ҳамон уч нафар, дейилади.
Шуҳрат Ғаниевга биноан, омбор жойлашган ҳарбий қисмда ишловчилар уч нафар қурбон шу ердаги аскарлар эди, деб айтганлар, лекин уларнинг номлари эълон қилинмаган.
Шунингдек, расмийлар ҳам қурбонларнинг тинч аҳоли вакиллари ё ҳарбийлар эканлиги борасида маълумот беришгани йўқ.
Касалхоналарга келтирилган ярадорлар орасида ҳам бир неча инсон нобуд бўлгани ҳақидаги хабарлар эса ҳали расмий тасдиғини топмади.
Айни пайтда, шўро давридан қолган йирик ўқ-дори омборидаги портлашларга етаклаган ёнғин сабаблари ҳам ҳамон номаълум.
Олдинроқ Ўзбекистон расмийлари воқеа бўйича барча тахминлар ўрганилаётганини айтгандилар
Шуҳрат Ғаниевнинг таъкидлашича, Когонда ишлаётган ҳарбийлар омборнинг ўзида яна портлаш ва ё бошқа хавф эҳтимоли қолмаганини, ҳатто Тошкентдан учоқларда келтирилган сапёрлар ҳам ишларини тугатиб, қайтиб кетишаётганини қайд этганлар.
Бироқ ўқ-дори омборида портлашлар кечган 10 июл тунидаги талотўпда кекса ота-оналари ва ёш болаларини йўқотиб қўйиб, ҳамон топа олмаётган одамлар борлиги айтилмоқда.
Когонликлар Бухоро, Қизилтепа ва Ғиждувондаги турли мактаб, касалхона ҳамда бошқа давлат муассасалари биноларига кўчирилгандилар.
Бугунда бу ерларда йўқолганларга оид маълумотлар ва уларни излаётган яқинларининг телефонлари ёзма шаклда эълон қилинаётгани айтилади.
Шуҳрат Ғаниевнинг билдиришича, тунги талотўпда баъзилар қўшнилари ёки таниш-билишларининг ота-онасини йўқотиб қўйган болаларини ёхуд кекса одамларни ўзлари билан ола кетишган, деган эҳтимоллар йўқ эмас.
«Баҳовуддин (Нақшбандий) зиёратгоҳидаги масжидда бир рус аёли уч нафар ўзбек боласини ўзи билан бирга олиб, қараб юрибди. Булар – ота-онасини йўқотиб қўйган ўзбек қўшниларининг фарзандлари экан» – дейди ўзи шоҳид бўлган воқеа ҳақида Шуҳрат Ғаниев.



