Малик эди бир маккор.
Қўшни юртнинг тахтига
Кўкдан сўраркан ғаддор.
Ҳамсоя эл ичидан
Хоин топиб этсак шоҳ,
Қолмас эди армоним
Ўзинг қўллагин Оллоҳ.
Рўзи маҳшарга қадар
Бизга бўларди қарам.
Гар тахтини сўратсак
Хоинларга мусаллам.
Узоқ йиллар интилиб
Маккор етди муродга.
Юртига қўшни юртни
Айлантирди қанотга.
Кумуши кумушидир,
Тиллоси тиллосидир.
Боиси қўшни элнинг
Хоини подшосидир.
Маккор шоҳнинг ўзидек
Маккор қавми шод, комрон.
Қўшни халқ ҳисобидан
Яшар эди беармон.
Олимлари дедилар:
Жангсиз ютди ҳукмдор.
Бизу бутун улуснинг
Тождордан қарзимиз бор.
Узоқ йиллар изланиб
Жамлаб идрок борини.
Яратдилар айёрга
Мўъжизавий дорни.
Бир томчигина эди.
Бир томчигина холос.
Ичган бўларди мангу
Ажал дардидан холос.
Маккор шоҳга дедилар
Ичинг эй олампаноҳ.
Рўзи маҳшарга қадар
Сизни асрайдиОллоҳ.
Ўлмаслик дориси бу
Боқий яшайсиз тождор.
Қўшни юртнинг шоҳига
Беринглар деди маккор.
— Нега? Ахир дорини
Бошқа яратиб бўлмас.
Дунёдаги ягона
Гиёҳдан олинган, бас.
Бу гиёҳдан бошқа йўқ,
Энди ҳеч қачон унмас.
Маккор шоҳ олимларнинг
Сўзига зинҳор кўнмас.
Бутун умр уриниб
Зўрға топдик бир ғаддор.
Мен ўлсам маҳшар бўлмас
Хоин яшасин пойдор.
Сотқин шоҳ ўлмаса бахт,
Яъни бизнинг бахтимиз.
Қўшни юртнинг тахти ҳам
Мангу бизнинг тахтимиз.
Ғаддоршоҳ элини ҳам
Ўзидек этар ғаддор.
Элимизнинг бахтига
Хоин яшаши даркор.
Маҳшаргача қўшни юрт
Чечакларин теринглар.
Ўлмаслик дорисини
Сотқиншоҳга беринглар.
15.05.07.



