Санъат халқларни бирлаштириб турган восита

Мустаҳкам Тангриёрова
Душанбе

 

Образец Web-страницы

childadnce.jpg
Тожикистонда ўзбек санъаткорлари концертларига қизиқиш катта

Тожикистонда ўзбек санъати юлдузларининг концертларига талаб ошиб бораётгани кузатилади.

Аммо концерт чипталари жуда қимматлиги сабаб кўплаб мухлисларнинг концерт зали эшиги олдидан қайтиб кетиш ҳоллари кам эмас.Тожикистонда ўзбекистонлик артистлар концертларини ўтказаётган ташкилотларга кўра, чипталар нархи хонанданинг гонорари ва концерт учун сарфланган барча харажатлар ҳисоб-китобидан белгилданади.

Душанбеда концерт берган сўнги ўзбек санъати юлдузи Феруза Жуманиёзова бўлди.
Ўтган ойда пойтахтнинг «Ваҳдат» санъат саройида ўтказилган концертдан олган таасуротларини мухлислар ҳалигача гапириб юришади.

«…ўз кўзим билан кўрганман»

Душанбе яқинида жойлашган ва асосан ўзбеклар яшайдиган қишлоқдан бўлган Гулшаной Феруза Жуманиёзова концертига туша олмаганини айтади. У охирги марта концертга олти йил аввал тушганини эслайди.

«Қишлоқ марказида тумонат одам тўпланганди, Юлдуз Усмоновани ўз кўзим билан кўргандим ўшанда,» – деб хотирлайди Гулшаной. – «Ўтган олти йилда Озода келди, Севинч келди, Ҳулкар келди, лекин уларнинг концертига ҳам боролмадим». Гулшаной уйлари яқинидаги мактабда ўқитувчилик қилади. Турмуш ўртоғи пул топгани Россияга кетган.

Гулшаной эрининг «қийинчилик» билан топиб, жўнатадиган пулини жуда тежаб, мактабда ўқиётган тўрт фарзандини ўстириш учун ишлатишини айтади. «Феруза концертига чипта нархи 120 Сомоний (яъни 40 доллар) экан. Олган маошим эса, бор-йўғи 100 Сомоний эди. Концертга кира олмадим,» – дейди Гулшаной.

«Шаҳзодани севаман, Шаҳзодани»

Тиббиёт олийгоҳи талабаси Мухаррам ўзбек тилини яхши тушунмайди ҳам.
Лекин ўзбек санъати юлдузларига жуда қизиқишини айтади.
«Франсуз ёки инглиз тилларини билмасдан ҳам бу тиллардаги қўшиқларни севиб тинглайдиганлар кўп-ку!»- дейди Мухаррам.

У Ўзбекистонда ишланган «Фотима ва Зуҳра» фильмини кўргандан кейин, Шаҳзоданинг қўшиқлари тўплай бошлаганини айтади.
«Лекин Шаҳзоданинг концертига киролмаганим, бир йил ўтган бўлса ҳам, аламимни келтиради» – дейди
– «Чипта нархи оладиган стипендиямиздан қарийб икки баравар қиммат эди.»

«Ягона тадбир»

Душанбеда ўзбекистонлик санъат юлдузлари концертларини ташкил этадиган ширкатлар бир нечта. Уларнинг энг кўзга кўрингани «Ориёнмедиа» ширкатидир.
Юлдуз Усмонова, Озода Нурсаидова ва Феруза Жмунаиёзова каби артистлар концертларини шу ширкат уюштирган.

Аммо «Ориёномедиа» ширкатининг раиси Рустами Жонийга кўра, Тожикистонда ҳозир
концерт уюштиришдан ҳеч бир ташкилотчи манфаатдор эмас. «Лекин ҳозирда қилаётганимиз, санъат билан боғлиқ муҳитни ташкил этиш, борини сақлаб туриш ҳаракатидир,» – дейди Рустам.

Расмий манбаларга кўра, тожикистонликларнинг 20 фоизга яқинини ўзбеклар Тожикистондаги ўзбек мактабларида китоблар етишмайди. Ўзбекистон билан эса виза туфайли борди-келдилар чекланган.Кузатувчилар мана шундай концертлар ҳозирда халқларни бирлаштириб турган «ягона тадбир» эканини айтишади.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares