Бу гал унга нисбатан миллионлаб тонна нефтни яширин йулда сотиш ва ноқонуний йулда топилган маблағларни ўзлаштириш айблари илгари сурилмокда. У аллақачон қаллоблик ва солиқларни тўламаслик айблари билан саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Ходорковский тарафдорлари айбловлар сиёсий тусга эга эканини даъво қилиб келадилар.
Бир пайтлар Россиянинг энг бой одами бўлган корчалон энди 350 миллион тонна нефтни ўзлаштириш ва миллиардлаб долларни четга чиқаришда айбланмоқда.
Жаноб Ходорковскийнинг ўзи ҳозирда Сибирда қамоқда. Унинг ҳимоячилари унга қўйилган айбларни ғирт бемаънилик дея инкор этишган.Президентлик лавозимидан кетишидан бироз аввал Владимир Путин ўз ўрнини эгаллайдиган Дмитрий Медведев Жаноб Ходорковскийни авф этиши мумкинлигига ишора қилганди.
Мухолифат вакиллари Дмитрий Медведев аввалги президентга нисбатан очиқроқ ва эркин тизимга йўл очиб беради деб умид қилишганди.
Аммо, янги айбловларнинг илгари сурилаётгани корчалоннинг ҳали бери озодликка чиқмаслигини англатади.
Дмитрий Медведев авф этган тақдирда ҳам, Ходорковскийнинг бу авфни қабул қилиши гумон.
Чунки агар у уни авф этишларига рози булса, ўзига аввал қўйилган айбларни эътироф этган бўлади. У барча айбловларни доимо рад этиб келган.



