ДЎЗАХИЙ ГУНОҲ

Н.ОСТОНОВ
 

Образец Web-страницы

karnaval_france.jpg
карнаваллардан бирида…

Жамиятимизда туб ўзгаришлар, ислоҳотлар кўлами кенгайиб бормоқда. Лекин шунга қарамай, лоқайдлик ва боқимондалик кайфияти, жамоат ташкилотларининг лаёқатсизлиги туфайли бу ислоҳотларнинг амалдаги натижалари етарли бўлмаяпти. Фаолият кўрсатаётган партияларнинг 2008 йилдан бошлаб жойлардаги ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уларнинг фаолиятига баҳо бериш ҳуқуқи Конституция йўли билан мустаµкамлаб қўйилди. Маҳалла фуқаролар йиғинидан тортиб туман, шаҳар, вилоят ва юқори бўғин тизимларигача бўлган ижро ҳокимияти фаолияти жамоатчилик назоратида бўлиши лозимлиги Президентимиз томонидан қайта-қайта таъкидланиб келинаётганлигига қарамасдан жамиятимизда ҳамон кузатувчанлик кайфияти ҳукмронлик қилиб келмоқда. Бу эса ўзаро қариндошчилик, ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчиликнинг кўринмас ришталарига боғланган коррупция, порахўрлик, иккиюзламачилик, гуруҳбозлик иллатларининг юзага қалқиб чиқишига сабаб бўлаётир.

Шўро ғояси “Сен бошлиқсан, мен аҳмоқ, мен бошлиқман, сен аҳмоқ” принципига асосланган эди. Шўро тузуми пароканда бўлган бўлса ҳам, ҳозиргача ноҳақлик олдида бўйнимизни қисиб турамиз, бошлиқнинг хатосини юзига айтиш ўрнига унинг гапларини ҳикматга йўямиз, буйруқларига кўр-кўрона амал қиламиз. Итоаткорлик туйғуси шунчалик қон-қонимизга сингиб кетганки, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилолмаймиз, қадримизни, ғуруримизни ерга уришларига, камситишларга табиий ҳолдай қараб, томошабин бўлиб турамиз. Бошлиққа ёқиш учун иймонсизлик қиламиз, бошлиқ бировни қораласа, унга қўшилиб туҳмат ва бўҳтон тошларини ёғдирамиз, бегуноҳ инсоннинг пок номини ахлат ва мағзавага қориштирамиз. Натижада жамиятда носоғлом кучлар пайдо бўлади ва ўз манфаатлари йўлида тараққиётга тўсқинлик қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.

Францияда ташкил қилинадиган карнаваллардан бирида бош вазир қиролга яланғочлар кўригини ўтказишни таклиф қилади. Бу таклифдан норози бўлган қирол унга шу ернинг ўзида ечинишни буюради. Кейин ярим яланғоч вазирдан сўрайди: “Қани айтинг-чи, жаноб Бернард, қайси биримиз махлуқмиз: ечинишга буйруқ берган менми, ёки ечинишга тайёр турган сизми?” Ўзининг камситилишига муҳит яратган, итоаткорликни андиша деб идрок қиладиган халқнинг ҳурмати қолмайди, коррупциялашган гуруҳ улар устидан истаган номаъқулчиликларини тап тортмай қилаверади.
Владимир Путиннинг вориси, Россия президенти Димитрий Медведев жамиятдаги коррупция ва порахўрликни Ватанга хиёнат қилиш билан баравар, дея баҳолади ва давлат думаси депутатларини БМТнинг коррупцияга қарши кураш бўйича Халқаро конвенциясига асосланган қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишга даъват қилди. Чунки Россия давлат тизимида ҳам бу иллатни бартараф қилишнинг имкони бўлмаяпти. Пул массаси, аҳоли даромадлари ва ички бозорда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўртасида мувофиқлик (баланс) бўлмаса, инфляция ҳамда нарх-навонинг кўтарилишини тўхтатиб бўлмайди. Ана шундай номувофиқлик бўлган жамиятда коррупция ва порахўрлик кучаяди, фуқаролар ҳуқуқи камситилади ва амалда бунга ҳеч ким жавобгар бўлмайди. Шунинг учун ҳам Россия ҳукумати фуқароларнинг коррупциялашган жамиятда эмас, ҳар бир ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиладиган эркин, демократик жамиятда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб яшашига имкон берадиган шароитга замин тайёрлаяпти.

Бир пайтлар Ватикан черковга тавба-тазарру қилиш учун келган бандалар учун индульгенция жорий қилган эди. Унга кўра осий банда черков рухсати билан катта маблағ эвазига индульгенция сотиб олган ва бу билан ўз гуноҳларидан фориғ бўлган ҳисобланарди. Индульгенцияга талабгор гуноҳкорлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгандан сўнг бу имтиёз бекор қилинди. XV асрда эса Рим папаси ҳазрат Григорий томонидан дўзахий гуноҳлар рўйхати тузилди. Лекин расмий гуноҳларнинг тўла рўйхати ҳаворийларнинг Ватикандаги манзилгоҳида ҳам мавжуд эмас. Кибр, ўзига бино қўйиш, ҳасад, баднафслик, шаҳватпарастлик, зуғум, ичиқоралик, олчоқлик, мол-дунё ҳирси ана шундай дґўахий гуноҳлар ҳисобланади.

2008 йил христианларнинг буюк рўзаси айёмида Рим папаси Бенедикт XVI дўзахий гуноҳлар рўйхатини кенгайтирди. Унга кўра ҳомилани олдириш, баччабозлик, бесоқолбозлик, экологияни ифлослантириш, гиёҳванд моддалар савдоси, одам генларини сунъий урчитиш, шунингдек, ижтимоий адолатсизлик, алдов ва хиёнат, ҳаром-ҳариш йўллар билан мол-дунё йиғиш, бойликка ҳирс қўйиш ҳам энди дўзахий гуноҳлар ҳисобланади. Шу билан бирга Ватикан христианларнинг матбуот конференциясида дўзахий гуноҳлардан фориғ бўлиш йўлларини ҳам кўрсатиб ўтди. Булар ҳар бир нарсада меъёрни билиш, донишмандлик, сахийлик ва аҳиллик, ўз манфаати йўлида ўзгаларни камситмаслик амалларидир.

Бизнинг халқимиз минг йиллик диний ва миллий қадриятлар асосида тарбия топган ва ҳаром билан ҳалолнинг, андиша билан итоаткорликнинг фарқини яхши тушунади. Лекин баъзан андишани ҳаддан ташқари меъёридан ошириб юборганлиги, ўта итоаткорлиги туфайли алданади, камситилади ва хўрланади. Меъёр бўлмаган жойда тарози посангиси бузилади. Посанги бузилган жойда эса ҳақиқат барҳам топади. Тараққиётнинг мазкур босқичи биздан ўз ҳақ-ҳуқуқимизни чуқурроқ англаб етишимизни, керак бўлган жойда талаб қилаолишни ҳам ўрганишни тақозо қилади. Ана шунда келажагимиз порлоқ бўлади.

Президентимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида келтирилганидек, “бу дунёда енгил-елпи, ҳар хил нопок йўлларга берилиб, инсоний бурчини унутиб, мол-дунёга интилиб яшаган одам, энг ачинарлиси шуки, ҳаётининг сўнгида армон ва надоматларга ботиб, ўз умрини тугатади”. Мухтасар қилиб айтиладиган бўлса, дўзахий гуноҳлари учун дўзахий азобга гирифтор бўлади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares