Андижон хунрезлиги шоҳиди жавоблари

 

Образец Web-страницы

lutfullo.gif
…фақат Андижонда кўрганларини айтганини урғулайди…

Лутфулло Шамсуддинов – 2005 йил май ойидаги Андижон хунрезлигининг бевосита шоҳиди ва мазкур воқеа борасида дунёни огоҳ этишга интилган инсонлардан бири.
Андижон воқеалари ортидан Лутфулло Шамсуддинов ҳамда унинг оиласи Ўзбекистонни тарк этиб, АҚШда қўним топишган.
У Андижон воқеаларидан олдиноқ «Акромия» диний оқими вакиллари, деб
аталган ишбилармонларнинг таъқибга олиниши, уларнинг аслида кимлар эканлиги ва ҳукумат уларни қанчалик асосли таъқибга олаётгани хусусида ўрганганини айтади.
Андижонлик Лутфулло Шамсуддинов 90-йиллар ўрталарида
тадбиркорликка қўл уриб, ўз шаҳрида кўзойнак тайёрлашга асосланган хусусий корхона очади.
Аммо 2002 йилга келиб, оғир солиқлар ва ишбилармонликка қўйилган тўсиқ ҳамда чекловлар туфайли тадбиркорликни тўхтатганини таъкидлайди.
Авваллари ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида иш олиб борган Лутфулло Шамсуддинов шундан кейин айни соҳага бутун диққат-эътиборини қарата бошлади.
У Андижон воқеалари чоғида нима кўрган бўлса, айнан ўшаларни гапирганини қайд этади.
«Ҳеч кимнинг ёнини олганим йўқ. Майдондагилар ичида қуроллиларга кўзим тушганини ҳам, ҳукумат қўшинлари дабдурустдан ўт очишганини ҳам фақат ўзим шоҳид бўлган воқеаларга асосланиб айтганман» – дейди Лутфулло Шамсуддинов.
Қуйида Лутфулло Шамсуддинов Би-би-си Ўзбек хизмати радиотингловчилари ҳамда вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб беради.

Би-би-си: Илк саволимиз Нью-Йоркдан. Умид исмли ўқувчимиз нима учун ва ким сабабли Андижон воқеаси содир бўлди, дея савол сўрамоқда.
Лутфулло Шамсуддинов: Менинг жавобим: қонун устивор бўлмаган давлатларда шундай воқеалар кўп бўлади.
Би-би-си: Умид яна Андижондаги маҳкамага тортилган тадбиркорлар кимлар эдилар ва уларнинг айби нима бўлган, деб савол қўйган.
Лутфулло Шамсуддинов: Бу тадбиркорларга келсак, уларнинг ҳаммаси андижонликлар бўлиб, ўз ишларини яхши йўлга қўйган ишбилармонлар бўлишган.
Би-би-си: Ўзини Масанори, деб таништирган Япониядан мактуб йўллаган тингловчимиз эса, Андижонда ўшанда четдан махсус хавфсизлик хизматлари ходимлари келтирилган, деган хабарларни эшитганмиз. Бу ҳақида сиз нима дея оласиз, деб сўрамоқда.
Лутфулло Шамсуддинов: Мен Андижон воқеалари пайти Ўзбекистон ички қўшинлари ва ўзбек ҳарбий хизматчиларини кўрганман.
Би-би-си: Япониялик ўқувчимиз айни пайтда халқни майдонга ким йиққанини билишни истайди.
Лутфулло Шамсуддинов: Халқни тўплаганлар – ўша жабрланган тадбиркорлар, уларнинг қариндош-уруғлари, бирга ишлаган ва кейинчалик ишсиз қолган ходимлар ҳамда уларнинг тарафдорлари эди.
Би-би-си: Яна айрим саволлар. Сиз намойишчилар орасида қуролли одамларни кўрганингизни айтгансиз. Булар кимлар эди ва уларга ҳозир нима бўлган?
Лутфулло Шамсуддинов: Мен уларни кўрганман. Бу одамлар жабр кўрган тадбиркорлар эди. Улар ҳозир ё қамоқда ва ё чет элларга чиқиб кетишган.
Би-би-си: Демак бу қуролли одамларнинг Акромийлар, деб аталаётганларга ҳамда маҳкамага тортилган тадбикорларга алоқадорлиги борасида нима биласиз?
Лутфулло Шамсуддинов: Намойишчилар орасида Акромийлар, деб судланганларнинг қариндош-уруғлари, тарафдорлари, бирга ишлаганлар ва ёки яна ўзлари истаб чиққанлар бор эди.
Би-би-си: Энди бу шахслар қуролларни қамоқхонага ҳужум пайти қўлга киритишганми ва ёки бошқа жойдан олган бўлишлари мумкинми? Бу борада сизда бирон маълумотлар борми?
Лутфулло Шамсуддинов: Менда улар қуролларни қаердан олишгани тўғрисида маълумот йўқ. Мен ҳам 13 май куни эрталабки соат олтидан кейин уларнинг фаолиятини кузатиш учун чиққанман. Менинг ҳам ҳамма қатори эшитганим – улар қамоқхонага ҳужум қилишган ва у ерда қуролларни қўлга киритишган, деган миш-миш, холос.
Би-би-си: Акромийлар, дейилаётган шахслар агар зарарсиз тадбиркорлар бўлишса, ҳукумат не боис улардан бу қадар қўрқиб кетган бўлиши мумкин? Уларнинг исломий тузум ўрнатиш ниятлари бўлмаганми? Масалан, Тоҳир Йўлдош ҳам бошида хайрия гуруҳи тузиб, кейинчалик Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига асос солмаганми?
Лутфулло Шамсуддинов: Энди ҳуқуқий томондан қараганда, улар халқ хўжалигига жуда катта фойда келтиришган. Ҳукумат улардан қўрққан эмас. Ҳукумат атрофидаги бир-иккита савдогарлар қўрқиб шундайин бир фожеа юз беришига сабабчи бўлишган. Бу Акромийлар, деган гуруҳда ҳукуматни ўзгартириш ва ёки қўлга олиш ҳақида заррача бўлсин, бирон-бир арзигулик ташкилотчиликни мен кўрмаганман.
Би-би-си: АҚШдан Бобирбек исмли тингловчимиз йўллаган хат. «Акромийлар, дейилаётган одамлар тўрт йилдан бери бола-чақасидан узоқдалар. Шу ҳолда фарзандлари тарбияси нима бўлади? Қочқинлар идораси эса уларнинг оилаларини чақиртиришга ваъда бериб, бирон нарса қилмаяпти». Бу борада сизга нима маълум?
Лутфулло Шамсуддинов: Аввало, бу борада менга ҳеч нарса маълум эмас. Фарзандлари тарбиясига келсак, бизнинг ўзбек жамиятимиз – жуда яхши тарбия мактаби. Ишончим комилки, уларнинг фарзандлари жуда яхши инсонлар бўлиб улғайишади ва халқимизга ҳамда ватанимизга катта фойдаси тегади.
Би-би-си: Олмониядан Маҳмудов, деб ўзини таништирган тингловчимиз эса Андижон
воқеаси сизнинг четга чиқиб кетишингиз учун баҳона бўлмадими, талотўпларда хорижга кетиб қолиш осонроқ, дегандек айтади. Сиз бунга нима дейсиз.
Лутфулло Шамсуддинов: Менинг ёшим бир жойга етиб қолган. Ўша 13 май кунигача чет элга кетиш менинг хаёлимга ҳам келмаган.
Би-би-си: Тингловчимиз яна бу бир сиёсий ўйин эмасми? Ким ҳақ, ким ноҳақлигини билиб бўлмайди. Ким билади, балки шу гапларни оламга ёйишингиз учун сизни Америка таъминламаганмикан, деб айтади.
Лутфулло Шамсуддинов: Аввало, мен сиёсатчи эмасман. Мен ҳуқуқ ҳимоячисиман. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини маҳкама ҳал қилади. Америка таъминлагандир деган саволга келсак, Америка ҳеч кимга таъминотчи қилган эмас. Ким қандайдир томондан бир нарса умид қилган бўлса, у ақлсиз инсондир. Кейин, сиёсий баҳони фақат сиёсатчилар беришади.
Би-би-си: Дилшод исмли ўқувчимиз АҚШдаги ҳозирги ҳаётингиздан розимиз, деб сўрамоқда.
Лутфулло Шамсуддинов: АҚШдаги ҳозирги ҳаётим яхши. Ватанда бўлганида янада яхшироқ бўларди.
Би-би-си: Ўзбекистондан мактуб йўллаган Аброр эса ватанга қайтиш ниятингиз бор ё йўқлигини билишни истайди.
Лутфулло Шамсуддинов: Ўзбекистонга қайтишни ўйлайман. Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлса, албатта, қайтаман.
Би-би-си: Қирғизистондан Одилжон Маҳмудийнинг саволида ёзлишича, Андижонда намойишчиларни ўққа тутиб, ҳукумат инсон ҳуқуқларини топтагани ҳақиқат. Аммо ҳукумат балки шу йўл билан халқни тинчлантиришга мажбур бўлгандир, деб фикр билдиради.
Лутфулло Шамсуддинов: Энди тинчликни ушлаб туришнинг йўли жуда кўп. Менимча, бу учун ўқ отиш шарт эмас.
Би-би-си: Якдил, деб имзо чеккан тингловчимиз эса Ўзбекистондаги вазиятни яхшилаш учун қандай йўл тутиш керак, деб савол қўяди.
Лутфулло Шамсуддинов: Биринчидан, давлат раҳбарлари сиёсий ислоҳот ўтказишлари керак. Иккинчидан, иқтисодий, учинчидан эса, маданий-маърифий ислоҳотлар зарур. Тўртинчи асосий қадам эса -коррупцияга қарши шафқатсиз кураш, деб биламан.
Би-би-си: Америкадан Камолиддин Абдулвоҳид эса Андижон воқеаларига оид тасмаларни томоша қилганини, у ерда намойишчилар милиция ходимларини уришганини айтади. Агар шундай қилишмаганида, балки қон тўкилмасмиди? Норозилик изҳори учун қуролли қон тўкиш ҳаракатига қўл уриш шарт эмаслигини ўзбеклар онггига сингдириш керак эмасмикан, деб савол қўяди.
Лутфулло Шамсуддинов: Мен кўрганларимдан келиб чиқиб айтсам, 13 май куни майдонда кимларнидир бошқариш ва ташкилотчилик ҳаракатлари жуда ҳам кам эди. Бир-иккита милиция ходимларини ушлаб, олиб киришаётганда уларни калтаклаш ҳоллари бўлгани табиий. Чунки намойишчилар орасида шундайин тўполон чиқарувчи тараф бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Албатта, намойишчиларнинг шу намойишга тайёргарлиги бўлганида эса, қон тўкилмас эди. Аммо тайёргарлик йўқлиги туфайли, улар бир кун, икки кун ичида қўлларига қурол олишди ва шундай бир фожеа юз берди.
Би-би-си: Унда уларни қўлга қурол олишга нима ундаган? Қандай ният?
Лутфулло Шамсуддинов: Менимча, уларнинг қўлга қурол олишлари – тўғри қўлни кўра билмаганлари туфайли. Улар ўзлари нима қилаётганларини ҳам билмаган бўлишса керак. Буни мен уларнинг номаълум томонга қараб кетаётгани ва мақсадсизлиги билан изоҳлаган бўлардим. Суд иши тугаши билан ўтган бир-икки кун ичида қуролланиш жудаям сирли воқеа. Бу воқеанинг сири тагига мен ҳали етолганим йўқ.
Би-би-си: Камолиддин келажак режаларингиз ҳақида ҳам билмоқчи?
Лутфулло Шамсуддинов: Менинг режам – ватанимга қайтиш, ватанимда меҳнат қилиш.Ватанимизда яхши ҳаёт бўлса, мен ҳам ўз тадбиркорлигимни давом эттиришни истайман. Менинг жуда яхши касбим бор. Кўзойнак устасиман. Мен шу касбимни давом эттириб, халқимизга хизмат кўрсатган бўлардим.
Би-би-си: Жавобларингиз учун раҳмат.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares