Камтар ШИЖОАТ
Бу пайтда ғаламис одам яна ғаламислигини давом эттириб юраверади.
Хўжакарвон бозоридан харид қилинган яп-янги автомат электр ҳисоблагич ишламаганлиги учун алмаштиришга тўғри келди. Каллайи-саҳарлаб уни сумкага жойлаб, бозорга бориш учун йўлмошинга ўтирдим.
-Баҳай?-елкамдан туртди биров.-Сўпи соқолини ювмасдан йўл бўлсин?
Ёнимга ўгирилиб қарасам, ўриндиқда ғаламислиги билан ном чиқарган оғойи Мамбет ўтирибди. Мошинадан тушиб қолай, десам пулини тўлаб қўйганман, тушмай десам оғойи Мамбетнинг ғаламис гапларини дош бериб тинглашга тўғри келади. Нима бўлса-бўлди, деган хаёл билан навбатчи сўзларни қўллаб ғудранган бўлдим.
– Кейинги пайтларда кўринмай қолдинг, шаҳарда нима гап?
– Ҳа шу… кўп қатори, ҳамма билган гаплар…
– Тунов куни ёққан селда тўрт одам оқиб кетибди, деб эшитдим, шу ростми?
– Селдан хабарим бор, лекин талофатлар ҳақида эшитганим йўқ…
– Жаҳон бозорида буғдойнинг нархи қимматлашиб кетибди. Африка занги деган касаллик буғдойларга қирон келтираётган эмиш.
– …
– Нон сотадиган дўконлар ҳар куни эрталабдан тирбанд, навбат ярмига етмасдан, нон тугаб қолаяпти. Ҳайронман, маҳаллий ҳукумат қаёққа қараяпти?
Ол-а, деб ўйладим. Ғаламиснинг муғамбирлигига қара, гапни селдан бошлаб, сиёсатга келтириб тақади. Мен ҳар эҳтимолга қарши оғойи Мамбетнинг гапига муносабат билдирмадим.
– Нима, оғзингга мум солиб олганмисан?-аччиқланиб елкамдан туртди оғойи Мамбет.-Ё саҳаримардондан хотининг билан уришиб келаяпсанми?
– Ҳа, шунақароқ,-дедим гап навбатини қолдирмасликка ҳаракат қилиб.
– Ўзимам ўйладим-а, эрталабдан нега тортинг паст, деб. Хотинларга ҳукумат катта эрк бериб қўйди, бир оғиз ортиқча гапирсанг, балога қоласан. Хорижга ишга кетиш ниятинг йўқми?
– Йўқ-э, тўртта жойда қоровуллик қиламан, топган пулим рўзғорга етади.
– Шундай дейсан-у, у ёқда битта жойда қилган қоровуллигинг тўртта оилани обод қилади. Ҳозир ҳукумат иш топиб бераолмаётганлигидан ҳамма ўзини хорижга ураяпти.
– Ишлайман, деган одамга иш кўп,-дедим оғойнинг гапига эътироз билдирган бўлиб.
– Кўпликка кўпку-я, лекин берадиган соққаси йўл харажати билан носвойдан бошқасига етмайди. Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан, дегандай, қўлида озгина амали бор одам кўмочига кул тортиб, пул йиғиш билан овора, қаерга борсанг, пора сўрайди, халқни ўйлайдиган одам йўқ…
Оғойи Мамбетнинг иғволари ҳиқилдоққа келган пайтда Хўжакарвон бозорига етиб келдик. Сумкани судраганча мошинадан тушдим.
– Сумкангни қаппайтириб нима олиб келаяпсан,-сўради оғойи ортимдан қолмай.
– Автомат,-дедим-у гапни насия қилиб бозор томонга юрдим.
– Тўхта, танишларим бор, сотиб бераман,-деганча оғойи Мамбет орқамдан бақириб қолди. Унинг гапини эшитмаганга олиб одамлар орасига ўзимни урдим. Автомат ҳисоблагични бошқасига алмаштириб, бозорни бироз айландим. Уйга қайтаётганимда фуқаро кийимидаги икки киши йўлимни тўсди.
– Ҳужжатларингизни кўрсак бўладими?
Аксига олиб чўнтагимда шахсимни тасдиқлайдиган бирорта ҳужжат йўқ экан. Фуқаро кийимидаги кишилардан бири қўлидаги алоқа воситаси орқали кимнидир чақирди. Зум ўтмай, васаканнайини чинқиртириб келган мошинадан тушган тўртта қуролланган полицай оёқ-қўлимни ерга тегизмай мени маҳкамага олиб борди. Идорада оғойи Мамбетни, бизни бозорга олиб келган мошина шопирини, яна иккита йўловчини кўриб, ҳайрон бўлдим.
– Шу кишими?-сўради погонига каттароқ юлдузча қадалган полицай бошлиғи оғойи Мамбетга мени кўрсатиб. Оғойи бош силкиди. Ёнидагилар тасдиқлашди. Полицай менга юзланди:-Автомат қани?
Нима учун мени полиция маҳкамасига олиб келишганини тушуниб, сумкани кўрсатдим. Полицай гувоҳлар иштирокида сумкани очтирди. Унинг ичидан чиққан электр ҳисоблагични кўриб, оғойи Мамбетнинг ранги ўзгарди. Полицай ҳисоблагични олиб уёқ-буёғини айлантириб кўрди.
– Бу нима?
– Автомат электр ҳисоблагич.
– Автомат қани?
– Қанақа автомат?
– Ўзингизни гўлликка олманг, мана бу оғойи бозорга Калашников автомати олиб келганингизни кўрган!
– Сумкада Калашников автомати борлигини кўрдингизми?-сўрадим оғойи Мамбетдан аламзадалик билан.
– Ўзинг айтдингку автомат сотишга келаяпман, деб!-Оғойи Мамбет сурбетлик билан кўзимга тикилди.-Автомат дегандан кейин Калашников бўлади-да!
Бу ғаламис ғалча билан тортишиш бефойдалигини билиб, бўлган воқеани полицайга тушунтириб бердим.
– Хўп, гапингизга ишондик ҳам дейлик, нима учун жамоат жойида ҳукуматга қарши ҳар хил бўлмағур гаплар тарқатиб юрибсиз?
– Бозорга келгунча бирор гап гапирдимми?-сўрадим шопир ва икки йўловчидан саволга савол билан. Улар бош чайқашди.
– Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан, деган гапни ҳам айтмадим, дерсиз?
– Бу оғойи Мамбетнинг гапи,-дея шопир билан йўловчиларга кўз ташладим. Улар бош силкишди.
– Бу қанақаси бўлди?-полицай жаҳл билан оғойи Мамбетга қаради.-ғаламис гапларинг билан вақтимни олдинг, шунча одамни ишдан қолдирдинг.-Кейин хизматга шай турган полицайларга буюрди:-Бу ғалчани ўн беш суткалик қамоқ жазосига расмийлаштиринглар, токи ғаламислик қилиш қандай бўлишини яхшилаб ўйлаб олсин! Сизларга жавоб!
– Менинг айбим нима?-аюҳаннос солди воқеанинг бундай тус олишини кутмаган ғаламис жон-жаҳди билан полицайлар қўлидан қутулишга уриниб.-Сизларга ёрдам бераман, деб балога қолдимми? Устингиздан арз қиламан!
-Айбинг шуки, учраб қолдинг ажал қисганда,-дедим-у, ғаламиснинг ёнидан “лип” этиб ўтиб кетдим. У ҳай-ҳайлаганича қолаверди.



