Обид ЖЎЛМОН
Шайтон ўз мақсадига эришганидан мамнун бўлиб, жуфтакни ростлади, Одамнинг ичига шайтонвачча ўрнашди. Одамзоднинг ҳозиргача калима қайтаришдан олдин “шайтони рожиймнинг макридан Раҳмоннинг ўзи асрасин”,-деб тавалло қилиши шундан. Лекин шайтон ҳам анойимас, ўғри мушукдай одам кўнглининг бир четида бўлиб ўтираверади. Ичида шайтон бўлган одам насли бир-бирини раҳмонга чорлайди, лекин имкони бўлган жойда шайтонлигини давом эттираверади.
Насронийларда шайтон белгиси 666 рақами билан ифодаланади, 13 рақами ҳам шайтон белгиси ҳисобланади. Киев ва рус князликларини ўзига бўйсундириб, улардан ўлпон олиб келган Олтин Ўрда хони Мамайхоннинг невараси Иван Даҳшатли 1566 йилда тахтга ўтирганида славян князлари қиёмат-қойимдан қўрқиб, унинг ғазабидан узоқроқда бўлишни маъқул кўрган. Чунки Иван Даҳшатли тахтга ўтирган йили 1566, яъни учта 666 рақамига тўғри келган. Иван Даҳшатли ҳам бу башоратдан хабардор бўлган ва хазинани тўлдириш учун князлардан тортиб оддий халққача қатағон қилган.
Мунажжимлар башоратига қаттиқ ихлос қўйган Иван Даҳшатли ҳатто сарой мунажжимининг “подшо фалон вақтда ўлади”,-деган башоратига ишониб, ўша ҳодиса рўй берадиган даврда ўз ўрнига масхарабози Сулаймон Бекбулатовични “шоҳ вазифасини бажарувчи”ликка қўяди. Шу йўл билан Азроил таъқибидан қутулиб қолиш мумкинлигини ким унинг кўнглига солган? Албатта шайтон!
Аврангзеб Оламгир отаси Шоҳжаҳонни исрофгарчилик ва шаккокликда айблаб, Агра қасрининг Тожмаҳал кўриниб турадиган зиндонига умрбод қамайди, икки акасини оиласи билан қатл эттиради ва 1666 йилда тахтга ўтиради. Бунда ҳам шайтон белгиси бор.
Лекин 1966 йилнинг 6-ойида, 13 июнида туғилган Олмақул Бермахонов бундай бидъатларнинг бирортасига ишонмайди. Ёшлигида уйининг шундоққина биқинида жойлашган 13 мактабда ўқиди, уни аъло баҳолар билан битириб, тасодифми-йўқми, 066613 рақамли аттестатга эга бўлди. Олий ўқув юртини 013666 рақамли диплом билан тугаллаб, маъмурий идора девонхонасига иш ўрганувчи бўлиб кирди. Шундан кейин Олмақулнинг хизмат пиллапояларидан омадли кўтарилиш даври бошланди. Қаттиққўлиги, идоравий расмиятчилиги туфайли кўп ўтмай у расмий табақалар учун Олмақул Бермахоновичга айланди. Шайтон белгисига ишонмаган Олмақул янги олган мошинасига атайлаб 0666 раіамини қўйдирди, қўл телефонини 130666 рақамига тўғрилади. Вақти келиб ўлка губернатори уни девонхона мудирлигига тайинлаш учун йиғилиш чақирди. Буни қарангки, тасодифми-йўқми ўша куни залда Олмақулнинг ўтирган ўрни 6-қатор, 13 ўринга тушиб қолибди. Кимдир унинг ёнига келиб “Бу ерга ўтирманг, бу бадбахт ўрин, учта олтиси бор”,-дея огоҳлантириб кетди. Олмақул иримга ишонмагани учун ўрнини алмаштирмади. Ҳақиқатдан ҳам ўтирган ўрни унга панд бермади, Олмақул ҳадсиз ваколатга эга бўлган девонхона мудирлиги вазифасига тайинланди.
Албатта, катта раҳбар бўлганингдан кейин олмасанг, мажбур қилишади, бермасанг, лавозимдан мосуво бўласан. Олмақул Бермахонов оқимга қарши сузмади, жонини жабборга бериб ишлади. Ўзига келган эҳсон-инъомларни тагига босиб ётмай, бир қисмини хайрия ишларига, бир қисмини ўзидан юқорида турганларнинг кўнглини олишга сарфлади. Идора ҳужжатларини пишиқ-пухта юритганлиги туфайли конгресс аъзолигига сайланди. Шу муносабат билан у ўзининг туғилган кунида – 13 июнда катта зиёфат берди.
-Шайтон белгиси, деган бидъат ўз қилмишларини шайтон гарданига ағдаришга уринган ожиз одамлар томонидан ўйлаб топилган уйдирма,-деди Олмақул Бермахонов ниҳоят ўзини умр бўйи қийнаб келган фикрларини тилига кўчириб.-Менинг ҳаётимда худди ана шу рақамлар катта рол ўйнади, ёмон кўзлардан асради, қўллаб-қувватлади. Шунинг учун мен бу рақамларни шайтон эмас, иймон белгиси деб биламан.
Олмақул Бермахоновнинг бу оташин сўзларидан руҳланган зиёфат қатнашчилари гудурос қарсаклар билан уни олқишлашди. Чунки улар ҳам бу бидъатга ишонишмасди. Лекин ўша зиёфатда шайтон ҳам ўтирган эди. У шайтонни тан олмасдан барча ютуқларини иймонга юклаган Бермахоновдан, уни олқишлаган ва шайтонни ҳақоратлаган оломондан қаттиқ ғазабланди, ўлка губернаторига унинг ишончли одами номидан Бермахонов қандай хуфёна ишлар билан шуғулланиб юрганлиги ҳақидаги юмалоқ хатни юмалатиб юборди. Оқибат шу билан тугадики, Бермахоновнинг қилмишларига шайтон аралашганлиги маълум бўлди, уни ўлка губерниясининг навбатдан ташқари 13-сеймида девонхона мудирлигидан бўшатишди. Зиёфатда шайтонни тан олмай, Бермахоновни олқишлаганларнинг ҳам кўпчилиги ишдан айрилди.
Буни кўрган шайтон кулиб қўйди. Чунки у Бермахоновнинг ичида эди. Шундан буён Бермахонов шайтон белгисидан қўрқадиган бўлди.



