Бахтиёр Ҳасан, Украина.
Шундай қилиб, ғала-ғовур оломон тўлиб тошган Бобир майдони олдида бир зум туриб қолдим. Туриб қолдим эмас, мен қотиб қолгандим.
«Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир»… Бу сатрларнинг нақадар қудратга эга эканлигини мен ўша дақиқаларда тушуниб етдим. Майдондаги аҳвол қанчалик хавотирли бўлмасин, ўша халқнинг олдига бориб қўшилгим келди. Чунки, майдонда тўпланган одамлардан қандайдир тушунарсиз, сирли равишда ўзига чорловчи бир ёғду чиқиб турарди.
Мен вилоят ҳокимияти томонга қараб юра бошладим. 10-15 қадам юрмасимдан, «Тўхта! Қаёққа?» деган овозни эшитдим ва жойимда тўхтадим.
Андижон шахар МХХ биноси томонидан менга караб 2 солдат келарди. Улардан нарироқда, бино олдида яна 50 нафардан зиёд ҳарбий формадаги йигитларни кўрдим.
«Тамом, ҳозир мени ҳибсга олишади» деб ўйладим ва содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз воқеага ўзимни хаёлан тайёрлай бошладим.
– Нега бу ерда қаққайиб турибсан? – деди солдатлардан бири менга бошдан оёқ тикилиб.
– Кимни кутаяпсан? Ўз гуруҳингни кутаяпсанми? – деди иккинчиси деярли бақириб.
Ҳукуматнинг вазиятга эгалик қила олмаётгани ва майдонда одамларнинг купайиб бориши, рўпарамда турган ва бошдан оёқ қуролланган ҳарбийларнинг ҳаракатига эрк бериши мумкин эканлиги хаёлимни эгаллади.
«Тепкини босса, тамом, алвидо ҳаёт» деб ўйладим.
Шу билан бирга, дукурлаб ураётган юрагимни босишга ҳаракат қилдим ва иложи борича овозимга бепарволик оҳангини бериб:
– Биродарлар, мен черков пасториман. Қариндошларимникига кетаяпман, у ёққа йўл майдон орқали эди. Айланиб юрмай деб, майдон билан ўтмоқчи эдим, шунга ўйланиб турган жойим эди – дедим.
– Ҳужжатлар?
Уларга паспортим ва черков гувоҳномасини узатдим. Улар ҳужжатларимни текшириб, рация орқали кимгадир бу ҳақда ахборот беришаркан, гоҳ майдондаги воқеаларни, гоҳ эса мени тинмай кузатишарди.
Ва ниҳоят, уларнинг рацияси шанғиллаб қолди. Солдат бир менга бир шеригига қараб, кимнидир тинглади.
«Эй худо, ишқилиб, олиб кетишмаса бўлгани»
Сониялар менга соатлардай туюлди. Ичимдан келиб, аста секин қўлларимга тарқалаётган титроқни сездирмаслик учун, қўлларимни чўнтагимга тиқдим.
– Қани, бурнингни чап томонини кўрсатчи, – деди солдат менга қараб, рацияни қулоғидан қўймай, – Ҳа, ўртоқ бошлиқ холи бор.
Улар менга ҳужжатларимни қайтиб беришди ва кетаверишим мумкинлигини айтишди. Мен вилоят ҳокимияти томон дадил қадамлар билан кетиб борарканман, бир балодан омон сақлаган худо, қолганидан ҳам сақлар дея дуо қилдим.
Майдонга тўпланган одамлар орасига кириб борарканман, нима учун мени тўхтатиб текширишганининг сабабларини билгандек бўлдим: майдонда бирорта ҳам ҳарбий ёки милиция формасини кийган одам йўк эди. Бу ерда фақат ҳаяжон ва қандайдир кўтаринки кайфиятда, бир-бирларига нималарнидир гапираётган оддий халқдан бўлак ҳеч ким йўқ эди…
Нефт трести биносига яқинлашганимда, батамом куйиб, темирларигина қолган «Отайул» ва «Дамас» микроавтобусларига ва «Нексия» автомобилига кўзим тушди. Уларнинг атрофида, 5-6 нафар одамлар (уларни лўлиларга ўхшатдим) темир-терсакларни тортқилашаётганларига гувоҳ бўлдим. 30 дан ортиқ одамлар уларни кузатиб туришарди.
5 дақиқалар чамаси уларнинг ҳаракатларини кузатганимдан сўнг, майдоннинг энг кўп одамлар тўпланган қисмига шошилдим ва қўл карнайи орқали халққа қараб нутқ сўзлаётган аёлга қараб қотиб қолдим. Минбарда гапираётган бу аёл – менинг амакимни собиқ хотини эди!
Насиба опа халққа қараб, адолатсизликлар ҳаддан ошганини, амалдорлар халқни ўйламай қўйганини ва бу ҳолатга ортиқ чидаб бўлмаслигини куйиб-ёниб гапирарди. Одамлар эса унинг сўзларини жон қулоқлари билан тинглашар ва ҳар бир сўзни маъқуллаб туришарди.
Мен ўзимнинг собиқ қариндошим бўлган бу аёлни кўрмаганимга 16 йил бўлганди. Ўтган даврлар уни анча ўзгартирибди.
– Ҳокимият вакилларни бугун бизнинг барча сўзларимизга қулоқ тутишлари ва барча муаммоларимизни ҳал қилишлари шарт! Агар шундай қилишмаса, биз бу ердан ҳеч қаёққа кетмаймиз!, – деди Насиба опа сўзининг ниҳоясида.
Ҳамманинг кўзларида қандайдир қатъият ва шиддат бор эди. Одамлар кўнгилларида йиллар давомида йиғилиб қолган барча норозиликларини айтиш пайти келганлигини билиб туришарди. Уларнинг ҳаммаси минбарга интилар, янги, ноодатий бир ҳаёт излаган нигоҳлар, майдонда янграётган сўзлар билан ҳайрон қоларли даражада қоришиб кетганди. Бир чеккада ётган 20га яқин жасадлар устига ёпилган оқ матоларнинг енгил шамол эпкинида ҳилпираб туришигина, Бобир майдонидаги воқеаларнинг муроса чегарасидан чиқиб кетганини билдирарди..
Шу аҳволда бир ярим соатлар чамаси туриб қолдим. Бир неча марта майдон узра бир-иккита вертолетлар учиб ўтди.
Майдонда одамлар тоборо кўпайиб борарди. Аббос Бакиров кинотеатри ва Охунбобоев театри ёниб ётарди.
Бир пайт, милиция формасидаги одамларга кўзим тушди. Бир нечта одам уларни ҳокимият биноси ичига олиб кириб кетди.
Кечга яқин ҳаво айниди ва совуқ ёмғир томчилай бошлади. Шу ерда бир-иккита синфдошларимни учратдим. Бу пайтга келиб майдонда 3000дан ортиқ одам тўпланганди. Унда-бунда пистолетдан узилган ўқ овозлари эшитилиб қолар, лекин оломон бунга унчалик эътибор бермасди. Ҳамманинг диққати, минбардан янграётган ва халқ дардини ифодалаётган нутқларда эди. Чунки одамлар неча йиллар давомида бундай ёрқин нутқларни эшитмаган, ҳеч ким ҳеч қачон уларнинг дардини бунчалик ошкора, баланд овозда, минбардан туриб гапирмаган эди.
Соат 16-30ларда мен, кийимларимни алмаштириш ва егулик олиб келиш кераклигини англаб, уйга отландим. Чунки, майдондаги воқеалар қанча давом этиши ноъмалум ва қолаверса кечки пайт ёмғирнинг кучайиши эҳтимоли ҳам бор эди.
Уйга етиб келганимда соат миллари 17-30ни кўрсатаётганди. Мен хотинимга дарҳол бирон бир егулик тайёрлашни ва яна майдонга қайтиб боришим кераклигини айтдим. Кийимларимни алмаштирдим, фотоаппарат ва ёмғирпушни ҳам ёдимдан чиқармадим. Бу тайёргарликларнинг барига ярим соатча вақт кетди.
Бу пайт оралиғида хотинимга майдондаги воқеалар ҳақида гапириб ҳам бердим. Одамлар адолат талаб қилиб майдонга чиқишганини, бизда ҳам худди Бишкек ва Киевдаги сингари рангли инқилоб бошланиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимолларимни ҳам айтдим.
Телевизорни қўйишди. Ўзбекистон каналлари одатдагидай қўшиқ ва рақслар билан тўлиб тошган, Андижонда бўлаётган воқеалар ҳақида ҳеч қандай ахборот йўқ эди. Спутник канали орқали эса Россиянинг НТВ телеканали, ўзининг кечки соат 18-00 даги янгиликлар дастурида, Андижонда содир бўлаётган воқеаларни кўрсата бошлади. Экранда ҳозиргина ўзим гувоҳи бўлган воқеалар тасвирланарди.
Бирдан экранда одамлар орасида бесарамжонлик билан юрган холам – онамнинг синглиси Руқия опам пайдо бўлди.
– Ойи, қаранг, холамни кўрсатишаяпти!, – деб қичқириб юбордим мен.
Онам экрандаги воқеаларни кўриб, «Руқия нима қилаяпти у ерда?» деганича ҳайрон бўлиб қолди.
– У нима қилаяпти у ерда? Ўққа учса нима бўлади-а?, – деганича қолди онам…
Экранда эса НТВнинг янгиликлар дастури, Андижоннинг Бобир майдонидаги воқеаларни кўрсатишда давом этар, ҳамон, ёнаётган автомобиллар атрофида, кимнидир қидираётгандек бўлиб, телбанамо гандираклаб юрган Руқия холам кўринарди.
(Кейинчалик Руқия холамни айтишича у ўша куни тус-тўполон ичидан ўғилларини қидирган экан)
Мен эрталаб келишимни айтиб кўчага отилдим.
13- МАЙ, СОАТ 18-35….
Мен аллақачон кўчадаман. Елкамдаги рюкзагимда бутерброд ва Кока- колагача солинганди. Қўлимдаги уяли телефон эса фақат Андижон шаҳри ичидаги абонетлар учун ишлаётганди холос.
Бирданига отишма бошланиб кетди. Мен бу вақтда Маиший хизмат уйи олдигача келиб қолгандим. Чоргузар томонга қараб югурдим. Коммунар заводига етмасдан, мен томонга қараб югириб келаётган бир тўда одамларга кўзим тушди.
– Нима бўлди? – деб сўрадим улардан.
– Ака, орқага қайтинг, – деди бир йигит ҳансираб, – у ерда отишма бошланиб кетди. Майдондан қочган одамлар Маш-завод томонга кетаётганларида, БАРС отряди уларга қараб ўқ узди…
– Сизлар қаёққа энди?, – деб сўрадим.
– Уйга, – дейишди улар ва югуришганча кўчаларга сингиб кетишди.
Ўқ овозлари кучайиб борарди. Мен черковдаги бир биродаримга телефон қилиб, улардаги вазиятни билмоқчи бўлдим. У менга деярли қичқириб (черков ходими учун кутилмаган хол!) зудлик билан уйга, яқинларим ёнига қайтишимни, бу ерда ҳаммани отиб ташлашаётганини, уларнинг ҳам уйларига отишганини айтиб, уйдан чиқмаслигимни тайинлади.
Ўқ овозлари эса тинай демасди. Ажал олиб келувчи бу темир парчаларининг ҳавода қолдираётган оловли излари шундоқ кўриниб турарди. Ёмғир ҳам тезлашди. Бироқ, ёғаётган томчиларнинг шивалаши эшитилмас, ер ва заминни ҳар қаёққа қочаётган одамларнинг қадам товушлари, ўқ овозлари ва қичқириклар тутиб кетганди. Бир муддат ўтиб бу овозларга пулеметнинг «сайраши» ҳам қўшилди. Кўнглимни ваҳима чўлғади ва мен уйга қайтиш кераклигини англадим.
Уйга келганимда соат 21дан ўтган эди. Уйдагилар мени ваҳима билан қарши олишди, уларни тинчлантирган бўлсамда, кўнглимдаги ваҳима уларникидан кам эмасди. «Энди нима бўлади? Ҳукумат қандай йўл тутади энди? Тўкилган қон учун қандай жавоб беришади? Каримов халққа мурожат қиладиган бўлса, нима дейди?». Хаёлимда мана шунга ўхшаган минглаб саволлар ғужғон ўйнарди.
Уйдаги телевизор ўчмаган, бироқ, ўзбек каналлари ҳар доимгидек дала ишлари хроникаси, қаердадир ўтказилаётган анжуманлар, ҳамда куй қўшиқларни намоиш қилиш билан банд эди. Андижон воқеасини улар эслашмади.
Россиянинг ОРТ телеканали эса тунги соат 23-00 да янгиликларнинг Андижондаги воқеаларга бағишланган махсус сонини эфирга узатди. Дастурда Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида бўлаётган воқеалардан ахборий қамал (информационное болкада) туфайли маълумотлар тўлиқ келмаётганлиги айтилди. Шунингдек, Россия мусулмонлар ташкилотининг лидерларидан бири чиқиб, Фарғона водийсида, адолатсизликларга қарши фуқаролар кўтарилганини, энди Каримов тузуми йиқилишини айтди. Бироқ уларнинг янгиликларида ҳам ўққа тутилган оломон ҳақида гапирилмади. Бу вақтга келиб шаҳардаги отишма овозлари тинган эди.
Анчагача ўзимга кела олмадим. Бугун кўрганларим менинг тузум ва фуқаролар ҳаёти ҳақидаги барча тасаввурларимни остин-устин қилиб юборганди. Миямда битта савол айланарди, «Энди нима бўлади?»..
Назаримда энди тонг ҳам отмаслиги керакдек эди…
14 – МАЙ, ЭРТАЛАБ…
Эрталаб чой хам ичмасдан яна майдонга отландим. Майдонга олиб борадиган асосий йуллар беркитилган эди. Мен Клиник шифохонаси оркали, Машзаводга етиб олиб, ундан Чулпон кинотеатри томонга боравердим. Атрофда одамлар куп. Улар бугун бутунлай бошкача эдилар. Кечаги кузлардаги шиддат ва кутаринкилик уз урнини куркув ва вахимага бушатиб берганди. Деярли хамма йигларди. Кимдир овоз чикариб, кимдир эса сассиз…
Йулимда эса…. баданлари уклардан титилиб кетган, бошлари мажагланган, кул-оёклари узилган турли ёшдаги ва жинсдаги инсонларнинг мурдалари ётарди… Хамма ёкда кон, кон, кон…Одамларнинг сочилиб ётган ички аъзолари, миялар, кузлар…
Вужудимни карахтлик эгалай бошлади. Оёкларим узимга буйсунмай колди…
Одамлар мурдаларни ураб-чирмашиб каёккадир кутариб олиб кетишар, тратуарларда, йуларда гамдан узини йукатаёзган, телбанамо оналар, оталар уз бошларига муштлашиб хунг-хунг йиглашарди…
Уликлар куп эди. Бир аёл 2 нафар ёш боласи билан, бир успириннинг конга беланган жасадини ок мато устига олишга харакат килишарди. Бирок, гам – аламдан эзилган онада, багрини ук тешиб юборган жигарбандининг жонсиз вужудини кутаришга мадор йук эди.
Мен улар ёнига аста чук тушдим.
– Ёрдам берайми, ая….
Аёл менга на «ха» ва на «йук» дея олди. Успириннинг юзида дахшат ифодаси котиб колганди. Уни ок матога урадик ва Сой бекатигача кутаришиб бордим. Аёл унсиз куз ёши тукарди. Бекатга келгач аёл узини бир мунча тутиб олиб, Найман кучасида яшашларини ва бу ёгига узлари кетишларини айтди. Мен улардан узоклашдим.
Мен Алока уйи биноси томонга караб кета бошладим. Майдонга якинлашган сарим, атрофимда конли кулмаклар купайиб борарди.
Шу пайт уяли телефоним жиринглаб колди.
– Бахтиёр ака, тезда уйга етиб келинг, – деди хотиним, унинг овози хавотирга тула эди, – холангиз келган, сизни кутаяпти…Сураманг, бу телефонда айтадиган гап эмас..
Кулогимга уйимизда йиглаётган аёлнинг овози эшитилди.
Мен уйга югурдим. Миямни чулгаган хавотирданми, кул-оёкларим калтирарди. Такси тухтатиб, уйга етиб келгунча орадан 20 дакика вакт утди. Юрагимни ховучлаганча уйга кириб бордим.
ДАВОМИ БОР



