БУ ЎЙИНДА ЮТУҚ ЙЎҚ! ДУРАНГ ҲАМ…

Дилмурод САЙЙИД.

dilmurod_sayyid.jpg

Қартабозликда шундай бир ғирром ҳолат мавжуд (аслида буни қимор деб бўлмайди!), яъни “Фокер” ўйинида икки киши қўлига учтадан қарта олади. Бирида учта туз, иккинчисида икки туз (?) ва “фокер”(6 чиллик). Иккиси биргалашиб учинчи- нотаниш одамга мурожаат қиладилар ва тахминан шундай сўрайдилар: ”Биздаги қарталарга қараб, айтиб берсангиз, қай биримиз ютамиз?”

Учинчи одам-содда ( қимор тили билан айтганда “ЛОХ”, ўзини “правозашитник” билувчилар тилида эса, “ЖЕРТВА”!)қарталарга қараб туриб, бу ўйинда ютуқ йўқлигини, дуранг борлигини айтади. Шунда қартабозлар унинг фикрини синаб кўриш учун ўйинга таклиф қиладилар ва ё уч тузликни, ё икки туз + фокерни соддага тутқазадилар. Охир-оқибат содда қандай қилиб бу ўйинга аралашгани-ю, чув тушганини билмай қолади. Фақат қартабозларнинг: “Бор-будингдан айрилдинг, энди нимани тикасан?” деган саволидан хушига келади, аммо жуда кеч!

Агар учинчи одам қартабозлар ўйлаганчалик содда бўлмаса-чи? Унда унинг жавоби қисқа айтилади:”Қайси биринг биринчи бўлиб шеригингга пичоқ ура олсанг, ўшанинг қартаси ютади!”Бу-собиқ шўро даврида анча кенг тарқалган муттаҳамлик ва охири зўравонлик усулларидан бири эди.

ТАНИҚЛИ ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов имзоси билан ЎИҲТ Тошкент шаҳар бўлими раиси Собир Тўлаганов ва “Ҳимоя-жараён” газетаси собиқ бош муҳаррири Равшан Бобомуҳамедовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳамда шу ҳолат бўйича чиқарилган айблов Ҳукми атрофидаги мулоҳазалар мавзуида мақола, мурожаат ё билдиришлар эълон қилинмоқда. Мен ҳам бу борада ўз муносабатимни билдиргандим. Бундан буёғига алоҳида изоҳлар ёзиш ё мавзуни ғижжалаб таҳлиллашга зарурат қол-маганлигига шубҳам йўқ! Шунингдек, Франциядан туриб жон-жаҳди билан куйиниб нималардир чоп эттираётган Толиб Ёқубов ҳаракатларига хайрихоҳлигимни ҳам сира яширмайман. Ажабмаски, таниқли ва куйинчак бу одамнинг ҳаракатлари судланганларга оз бўлса-да, енгиллик келтирса, мен фақат хурсанд бўламан. Ҳатто бу ҳаракатлар йўлида менинг шанимга айтилган қандайдир ноўрин иддаоларни ҳам Толиб аканинг ўзига хос услубларидан деб ҳисоблашга ҳам розиман. Лекин…

Мен ушбунинг бошланишида қартабозлар ғирромлиги билан боғлиқ жиҳатни эслатдим. Ва айнан шу ҳолатга мувофиқ мазкур масалада Равшан БОБОМУҲАМЕДОВ учинчи-содда одам сифатида “ўйин”-га тортилгани аниқ. Бу одам мен бўлишим керак эди, аммо 2005 йилда “тахланган қарта”га ўз муно-сабатимни кескин билдира олганим “ўйин”ни ютуқсиз қолдирганди. Лекин “қарта сақланган” экан.

Шахсан мен бу муаммода нафақат ютуқ, балки дуранг ҳам кўрмаяпман. Сабаби, Собир Тўлаганов илк даъвосида қизининг туғуруқхонада алмашиб қолганлигини кўрсатиб, тегишли ҳуқуқ идораларига кўп марта мурожаат қилган. Ҳатто қизи ҳамда Сагатбаеваларни биологик экспертизадан ҳам ўтказтиришга эришган. Экспертиза хулосаси билан эса, С.Тўлагановнинг даъвоси 99,99 %га рад қи-линган. Эътибор қилинг, Собир Тўлагановнинг илк даъвоси тўлиқ рад қилинган. Энди қандай қилиб Сагатбаевалар С.Тўлаганов қизига ДОНОР бўлишлари мумкин?

Бу борада бошқа изоҳ ҳам, эътироз ҳам, эътироф ҳам ортиқча менимча!

Муҳтарам Толиб Ёқубов ўз чиқишларининг олдингиларида каминага нисбатан иддао билдириб, 2007 йил 16 май куни қўзғатилган ишга менинг 28 май куни ёзилган шикоятимни асос сифатида кўрсатиб, “байроқ” қилиб олгандилар. Лекин бу байроқнинг асли сохта бўлиб чиқди. Ўз ҳақпарварлиги билан танилган Т.Ёқубов учун бу ҳолат талабга жавоб бермасди. Шунга кўра у суд баённомаларида битилган ва мен умуман кўрмаган битикларга ишлов бериб, ўзининг менга нисбатан билдирган ноўрин иддаоларини давом эттиришга ўтди.

Бу ўринда ҳам мантиқсизликка йўл қўйди. Яъни, агар Толиб Ёқубов таъкидлагандек, менинг суддаги кўрсатмаларим бирёқлама ёки ҳақиқатдан йироқ бўлса, бу судланувчилар фойдасига қаратилган ҳолат бўлиб қабул қилинади. Агар менинг кўрсатмаларим ҳақиқатда суд баённомаларида котиб тушунчаси бўйича ёзилган бўлса, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Шунингдек, бундай ҳолат юзага келишида (баённомадаги битиклар асил кўрсатмадан бўлакча битилишида!) энг аввало суд котиби эмас, балки судланувчилар манфаатини ҳимоялаш учун ёлланган адвокатлар ёки ишончли вакиллар лоқайд қараган бўладилар. Чунки қонунчиликда суд баённомалари билан танишиб бориш ҳуқуқига эга шахслар ва муддатлар аниқ белгиланган. Ўз ҳақ-ҳуқуқидан судланувчи томон ва уларнинг ҳимоячилари фойдаланишни истамаган бўлсалар, мен сабабчи эмасман-ку!

Менинг бу жиноий иш бўйича иштирокчилигим қандай ва нима сабабдан юзага келганлиги хусуси-да ўзимдан ташқари бошқа муаллифлар ҳам аниқ маълумотлар эълон қилишган. Мен бошқа қўшимчани ортиқча ҳисоблайман. Бироқ бу маълумотлар асил ҳақиқатга мувофиқ келсаю, Толиб Ёқубов ё Собир Тўлаганов манфаатларига мувофиқ келмаса, бунинг учун қонун айбдор эмас!

Толиб Ёқубов ўз чиқишларидаги иддаоларда менинг собиқ бош муҳаррир Р.Гапиров билан ўзаро салбий муносабатларимизга алоҳида урғу беришга ва шу орқали ҳам таги пуч иддаоларини асослантиришга уриниб келмоқда. Энди мантиқий эътироф туғилади: мен билан Р.Гапиров орасида зиддият мавжуд бўлса, бу фақат бизгагина алоқадор жиҳат. Бунинг на С.Тўлагановга, на унинг қизига, на Р.Бобомуҳамедовга мутлақо тегишли жойи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Мен қози ёки ҳакам эмасман, аммо ҳозирда кимлардир томонидан чигаллаштиришга уринилаётган мазкур муаммо бўйича ўз хулосамга эгаман. Бу хулосамни бир мунча вақт аввал эълон қилинган “БОШИДА ЙЎҚ, ҚОШИДА ЙЎҚ”НИНГ ИДДАОСИ”, “СУД ҲУКМИ ЮЗАКИМИДИ?” сарлавҳали мақолаларимда баён қилиб ўтганман. Аммо ҳар икки мақоламда ҳам бир жиҳатни айтишга истиҳола қилгандим. Ҳозирда шунинг мавриди келди. Яъни, мазкур мавзунинг ўта чигал муаммо даражасига кўтаришдан кўзланган мақсад бор. Ва бу мақсад Собир Тўлагановнинг «Қизимнинг қондошларини излайман” сарлавҳали мақоласи охирида келтирилган ҳисоб рақамларида яширинган! Тўғри, одам фарзанди учун ҳар нарсага тайёр, аммо шу ўринда яна бир мантиқсизлик кўзга ташланади, яъни Собир Тўлаганов Маликани ўз қизи эканидан тониб ёки шубҳа билдириб, унинг ҳақиқий ота-онасини излашга тушган ва 5-6 йилдан бери Маликани бошқа одамнинг фарзанди эканини таъкидлаб, турли ташкилотларга арзномалар йўлламоқда. Яна эътибор қилинса, Собир Тўлаганов ўз қизини топишдан кўра, асосий эътиборни ўзи тониб турган қизга қаратиб, ёрдам учун маблағни шу қиз учун сўраяпти!

Толиб Ёқубов эса, бу “ўйин”да қарта тарқатувчилик ролини бажараётгандек… Ва бунда ким улар манфаатига (қонунга эмас!) зид келадиган фикрни билдирса, ўша одамга очиқдан-очиқ иғво ёғдириш-дан тоймаяптилар. Куни кечагина Т.Ёқубов томонидан эълон қилинган билдиришномани ва унга иловаланган Тўлаганов ҳамда Бобомуҳамедовнинг Ўзбекистон прокурори ва жиноий ишлар бўйича шаҳар судига ёзган шикоятлари матнини олайлик. Ва буларни Толиб Ёқубовнинг шу мавзуда аввал эълон қилинган мақолаларига солиштирайлик. Кейин бу солиштирмадан менга нисбатан билдирил-ган иддаоларни ажратиб қиёслайлик. Шунинг ўзиёқ бу иддаолар нима мақсадда билдирилганлигини ойдинлаштириб беради. Энди ўзингиз мантиқан мушоҳада қилиб олаверинг!

Маликанинг бетоблигига келсак, аввали унга Аллоҳдан шифо сўрайман. Аммо шу ўринда ҳам С.Тўлаганов ва Т.Ёқубов битикларида бир мантиқсизлик бор. Яъни, улар Малика ва Сагатбаеваларга нисбатан берилган биологик экспертиза хулосасига шубҳа билан қарайдилар, аммо тиббиётнинг Малика касалликка чалинганлиги ҳақидаги ташҳисини тўлиқ эътироф этиб, маъқуллайдилар. Қаранг, ўз зарарларига ишлайдиган тиббий хулоса улар учун ё сохта, ё юзаки! Аммо ўз манфаатларига мувофиқ келувчи тиббий ташҳис улар томонидан нафақат маъқулланмоқда, балки асосий ўринга олиб чиқилмоқда. Энди савол туғилади: Мақсад нима ўзи, Маликага ёрдам беришми ёки Малика учун ёрдам олишми? Агар қизнинг соғлиғи асосий масала бўлса, нима учун биологик экспертиза тасдиқламаган Сагатбаевалар билан судлашиб, вақтни беҳуда сарфламоқдалар? Масалан, мен бундай тортишувлардан айнан Малика соғлиги учун бирор ижобий самара кўрмаяпман.

Ҳаммамизда ҳам фарзанд бор ва биз айнан фарзандларимиз учун қайғуриб, яшаб юрибмиз. Бироқ шахсан мен ўз фарзанди саломатлигини байроқ қилиб, йиллаб масала талашиб юргандан кўра бор имкониятни ишга солиб, амалий кўмак берувчи инсонларни қадрлайман. Зеро, биз ЎЗБЕКлармиз, ўзимизга яраша яқинларимиз бор ва улар ҳеч маҳал бир-бирини оғир дамда ёлғизлатиб қўймаганлар. Қайғулик кун ўз йўлига, ҳатто тўй қиладиган бўлсак ҳам камчилигимизни сўраб, тўлдирадиган яқинлар борлиги учун ҳам миллат бўлиб юрибмиз!

Ушбу мавзуга қайтиш мен учун сийқа тангани чўнтакда сақлаб юришдек зерикарли ҳолат бўлса-да, қўлимга қалам олдим. Хулоса ўрнида бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Менинг собиқ “Адвокат пресс” бош муҳаррири билан ўзаро муносабатларимизнинг хоҳи салбий, хоҳи ижобий бўлсин, Собир Тўлаганов муаммосига мутлақо алоқаси йўқ! Буни С.Тўлагановнинг ўзи ҳам яхши билади. Бироқ унинг билиш ё билмаслиги ҳам мен учун аҳамиятсиз. Чунки мен бу шахсга нисбатан у ўзига қўшиб Бобомуҳамедовни ҳам тортиб кетган куни ўз хулосамни чиқариб олганман. Агар унинг ташаббуси ёки уриниши билан менинг шанимга нисбатан бирор ноўрин иддао айтилса ҳам ажаблан-майман. Негаки у ўзига инсонийлик қилган Бобомуҳамедовга қайтарган “ташаккур”идан тўлиқ хабардорман. Шунга кўра мен бундайларнинг на ўзини, на фикрини, на дунёқарашини жиддий қабул қилмайман.

Шу баробарида Толиб Ёқубовдан ҳам гинам йўқ, негаки у одам бу ердаги машмашалардан анча йироқда, ҳатто шу ердалигида ҳам Тўлагановга бирор ҳуқуқий ё амалий кўмак бера олмагани аниқ! Қолаверса, Толиб Ёқубов ҳар қандай шароитда ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси деган ном остидаги таниқли шахс! Таниқли шахслар ҳамиша даҳолик дардига чалинган бўладилар. Бу-табиат қонуни! Шундай экан, бу дард соҳибларига эътироз билдиришга журъати етган одам доимо иддаолар ўқига нишон бўлиши ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares