ҚОЗОҒИСТОНДА ҲАМ КУРДЛАРНИНГ ХОЛИ ТАНГ.

Аслиддин.
“Бирдамлик” ҳаракати фаоли.

kurdlar_uyiga_ot_qoyilgan.jpg

Жанубий Қозоғистоннинг Толеби туманидаги Маятас қишлоғида бўлган воқеа, кўпчилик томонидан, мамлакатда истиқомат қилаётган миллатлар ўртасига нифоқ солмоқчи бўлган миллатчи кучларнинг галамислиги дея баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу ойнинг бошларида, Маятас қишлоғидаги қозоқ миллатига мансуб фуқароларидан бирининг 4 яшар ўғли зўрланган ва бу ишда гумон қилинган шу қишлоқлик курд миллатига мансуб 16 ёшли ўспирин қамоққа олинган эди. Эртасига

ғазабланган ва қуролланган оломон курдларнинг уйларига ўт қўйишади ва курдларни калтаклашади. Хукумат томонидан қишлоққа ҳарбийлар киритилади ва комендантлик соати жорий қилинади.

Шундай бўлсада, вазият назорат остидан чиқиб кетди. Жанубий Қозоғистоннинг курдлар яшайдиган барча қишлоқ ва туманларида оломон томонидан курд миллатига мансуб фуқаролар уйларидан қувиб чиқарилди, мол мулкига ўт қўйилди, ва бошка жойларга кўчириб юборила бошланди.

Воқеадан сўнг Чимкент шахри ўқув юртларида таълим олаётган турк, курд, ва бошка Кавказ миллатига мансуб ёшлар, ва ҳатто ўзбеклар ва тожик талабаларнинг баъзилари кўча-куйда калтаклаб кетилгани қайд этилди.

Жанубий Қозоғистонда бугун ярим миллион ўзбеклар истиқомат қилишади. Улар савдо-сотиқ ва чорва молларини етиштириш билан шуғулланишади. Айтиш мумкинки, вилоятдаги ўзбекларнинг кўпчилиги ўз бизнесига эга ва шунга яраша обрў ва бойлик ҳам орттиришган.

Бугун бу ерда маҳаллий ўзбекларга тегишли бўлган ҳашаматли ресторанлар, савдо уйлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарини кўришингиз мумкин. Маҳаллий ўзбек тадбиркорларининг айтишларича, 60- йилардан буён бу ерларда қозоқлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашув ёки жанжал бўлмаган.
Бироқ, Маятас қишлоғидаги воқеадан сўнг вазият ўзгарди. Чимкентдаги номдор бир ўзбек тадбиркорининг гапига кўра, ўша воқедан кейин уларнинг олдиларига қозоқ криминал гуруҳларига мансуб бўлган шахслар келиб, энди ҳар ойда тўлов тўлашлари лозимлигини айтишган.

– Аввал уларнинг бизлар билан ишлари хам йўк эди. Биз фақат давлат солиқ полицияси ходимларига маълум бир суммани бериб турардик холос. Бизга солик солаётган шахсларни айтишларича, энди хар ойда уларга хам каттагина маблаг ажратишимиз керак эмиш, – дейди Чимкентлик бир номдор ўзбек тадбиркори.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек бойлари криминал гуруҳларнинг бу харакатларини Маятас воқеаси билан боғлашаяпти.

– Вазият жиддий, – дейди яна бир Жанубий Қозоғистонлик ўзбек тадбиркори, – кўпгина ўзбек оилалари Ўзбекистонннинг турли жойларидан, ҳар эхтимолга қарши, уй-жой сотиб олиб қўйишаяпти. Агар бу ерда, биз ўзбекларга нисбатан хам қандайдир галамислик ўйлаб топилса, Ўзбекистонга бормай, қаёққа борамиз?

Маятасдаги хунук воқеани кўпчилик қандайдир гурухлар томонидан уюштирилган галамислик деб баҳоланаётгани асослидек. Чунки, махаллий матбуотнинг айтишича, зўрланган боланинг ота-онаси воқеадан бир хафта ўтгач милицияга ариза беришган ва шундан сўнг гумондор қамоққа олинган. Эртасигаёқ унинг ўз айбига иқрор бўлгани хақида хабарлар босилди.

Бироқ, анчагина эркин бўлган қозоқ матбуоти воқеага доир бошка фикрларни хам тарқата бошлади.
Кўплаб қозоқларнинг ўзлари ҳам бўлиб ўтган воқеада қандайдир мавхумлик борлигини айтишаяпти. Улар матбуот орқали жамоатчиликка «Нега бир хафта ўтганидан сўнг ариза берилаяпти? Ота-она ўз фарзандининг бир ярамас томонидан зўрланганлигини нега бир хафта яширган?» деган саволлар билан мурожат қилишса, Қозоғистон курдлари миллий маркази воқеанинг Туркия ва Курдистон ўртасидаги зиддият кучайган пайтида пайдо бўлганига ишора қилиб «Бу турк махсус хизматининг курдларга нисбатан навбатдаги ғаламислиги» деб хабарлар тарқатмокда.

Сўнги пайтда эса, Маятас қишлоғи ахолиси, курдларнинг уй-жойларига ўт қўйганликда қатнашмаганлиги тўғрисида айтишаяпти.

Уларга кўра, ўт қўйганлар ва курдларни калтаклаганлар номерлари ечиб олинган автомобилларда бошқа жойлардан келган шахси номаълум ёшлар бўлиб, қишлоқ ахли уларни танимаган. Хужум қилганларнинг қўлларида аввалдан тайёрланган, бензин тўлдирилган шиша идишлар ва ўқ отар қуроллар бўлган. Махаллий полиция эса воқеа жойига бир ярим соатдан кейин етиб келган. Шунда хам хужум қилаётганларга нисбатан чора кўрмасдан, кузатиб туришган холос.

– Аксинча, биз қишлоғимиз курдларини хужумкор тўдалардан яширдик, уларга хавфсиз жойга беркинишларига ёрдам бердик. Ахир биз улар билан қон қариндош бўлиб кетганмиз, – дейди бир Маятаслик фуқаро махаллий телеканалдаги интервьюсида.

Йил бошидан буён Қозоғистонда истиқомат қилаётган чечен, уйғур, турк миллатлари ва маҳаллий қозоқлар ўртасида этник тўқнашувлар содир бўлди. Нтижада 10 га яқин одам халок бўлди, уй-жой мол-мулкларга ўт қўйилди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан катта ваколатлар берилган ва мамлакат парламентида хам ўзининг етарлича овозига эга бўлган Қозоғистон миллатлар ассамблеяси тоборо кўпайиб борётган бундай тўқнашувларга ҳозиргача ўзининг жиддий баҳосини бергани йук. Бундан фойдаланган баъзи бир сиёсатчилар эса матбуот саҳифаларида миллатчилик кайфиятидаги мақолалари билан чиқишиб, шусиз хам чигал муаммони янада чигаллаштиришяпти.

«Тасжарган» газетининг ўтган хафтадаги сонида эълон қилинган, таниқли бир сиёсатчининг «Опускать казахов – позиция государства» мақоласи бунинг яққол мисоли.

Энди Курдлар масаласи нафақат Туркиянинг, балки Қозоғистон сиёсатчиларининг ҳам бош оғригига айланди. Миллати бошқа бўлгани билан, махаллий курдлар хам барча қозқолар каби шу мамлакатнинг фуқаролари. Шундай экан, давлат уларнинг ҳақ-хуқуқларини химоя қилишга мажбур. Курдларнинг кўчиб кетаётганлигини эса бундай химоя хали ишга тушмаганини курсатаяпти.

– Аввал уйғурлар, кейин турклар, ундан кейин эса чеченлар. Мана энди курдлар билан жанжал бошланди. Кейингиси қайси миллат бўларкин? – дейди бир ўзбек йигити хавотир билан.
Ишқилиб бу савол кўп миллатли Қозоғистонда доимо жавобсиз қолсин.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares