Эстон ширкати ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатмоқда

bolalar_mehnati.gif Эстониянинг энг йирик тўқимачилик ширкати – «Кринхолм» Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни тўхтатаётганини эълон қилди. Ширкат ушбу қарорни Ўзбекистон халқаро қонунларга қарамай, ҳануз болалар меҳнатидан фойдаланаётгани ҳақида Ғарб матбуотидаги хабарлар ортидан олган.

Душанба куни Эстонияга қўшни Финландиядаги кўзга кўринган тўқимачилик ва
кийим-кечак дизайни билан шуғулланувчи «Маримекко» ширкати «Кринхолм»-дан пахта
маҳсулотоларини сотиб олишни тўхтатишини маълум қилган эди.

Ўтган ой Би-би-си телевидениеси орқали намойиш этилган телелавҳада Ўзбекистонда мактаб болаларининг пахта теришга мажбурланаётгани айтилганди.

Британия ҳукумати мулозими Ўзбекистондаги вазиятни «қулчиликнинг замонавий кўриниши,» – деб атаганди.

«Кринхолм» ширкати Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишга қўшилмоқдами?

Ана шундай савол билан Би-би-си ширкатнинг бош директори Матти Харайокига мурожаат қилган.

Матти Харайоки: Биз пахтани Америка, Марказий Осиё ва бошқа бир қатор давлатлар ва воситачи ширкатлардан сотиб оламиз. Биз ишлатаётган пахта хомашёсининг кичик бир фоизи Ўзбекистондан келади. Ўзбекистондаги пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги сўнгги матбуот хабарларидан кейин, гарчи биз пахта сотиб олаётган воситачи ширкатлар буни тасдиқлашмаган бўлса ҳам, вазият ойдинлашгунига қадар, ўзбек пахтасидан фойдаланишни тўхтатиб туришга қарор қилдик.

Би-би-си: Сиз билан ишлаётган воситачи ширкатлар кимлар? Улар Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилааётгани ҳақидаги матбуот хабарларини инкор этувчи бирон далилни кўрсатишдими?

Матти Харайоки: Биз ўзимизга пахта етказиб бераётган ширкатлардан Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақида бирон бир маълумот ёки далил олганимиз йўқ. Бизнинг таъминотчилар, асосан, биржада савдо қилувчилар. Улар Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди, деб айтишаяпти. Аммо биз матбуотда бунинг акси ҳақидаги хабарларни кўрганимиздан сўнг, ҳозирча ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатиб турибмиз.

Би-би-си: Бу бойкот қанча давом этади?

Матти Харайоки: Биз ўз текширувларимизни олиб бораяпмиз ва Ўзбекистондаги пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланилмаслиги тасдиқлангунгига қадар вазият шундайлигича қолади.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон томони билан ҳам бу масалани тўғридан-тўгри муҳокама қилдингизми? Мабодо Ўзбекистон расмийлари: йўқ, биз болалар меҳнатидан фойдаланмаяпмиз, деган расмий баёнот билан чиқишса, яна ўзбек пахтасини сотиб олишда давом этасизми?

Матти Харайоки: Ҳозирча биз Ўзбекистон пахтасини ишлатмай туришга қарор қилдик ва бу қарор Ўзбекистондаги вазият борасида тўлиқ маълумот олгунимизча, кучда қолади. Мен бунинг қанча давом этиши ва қандай бўлиши ҳақидаги тахминлар ҳақида ҳозирча гапирмаган бўлардим.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares