Вашингтон яқинидаги Аннаполисдаги саммит Яқин Шарқда тинчликни ўрнатишга бағишланган сўнгги етти йил давомидаги энг йирик анжумандир.
Унда Исроилни давлат сифатида тан олмаган икки араб мамлакати – Саудия Арабистони ва Сурия расмийлари ҳам ҳозир бўлганлар.
Президент Жорж Буш Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт ва Фаластин мухторияти Президенти Маҳмуд Аббос ўз розиликларини билдирган қўшма баёнот матнини ўқиб эшиттирган.
Янги музокаралардан кўзланган мақсад – Фаластин давлатини барпо этишдир.
40 дан зиёд мамлакат ва халқаро ташкилотларнинг дипломатлари ва вакиллари қаршисида сўзлаган Америка президентининг айтишича, олдинга қўйилган мақсад – Исроил билан ёнма-ён, тинч-тотув яшайдиган Фаластин давлатини барпо этишга эришиш осон бўлмайди.
Яқин Шарққа тинчлик келтириш борасида шахсан ўзи масъулиятни олганини намойиш этаётган Президент Буш ўз лавозимидан кетгунча ёнма-ён тинчликда яшайдиган икки мустақил давлатни кўриш орзусини қайд этмоқда.
Унинг бош муждаси аниқ – ҳар иккала тараф ҳам муросага бориши керак.
Аммо муросага бориш учун ҳали йўл узоқ бўлиши мумкин.
Чунки исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам муроса деганда аниқ ҳудудлар ва ё масалаларда ён беришни тушунадилар.
Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили, Рамаллоҳ ва Хевронда Аннаполис анжуманига қарши намойишлар уюштирилган.
Хавфсизлик билан кучлари билан тўқнашувларда бир неча киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Норозилик намойишлари «Ҳамас» ҳаракати назорат қилаётган Ғазо бўлгасида ҳам бўлиб ўтган.
Аннаполис анжуманига эса «Ҳамас» расмийлари таклиф этилмаганлар.
«Ҳамас» раҳбари Исмоил Ҳания Ғазода нутқ ирод этаркан, халқ сайлаган ҳукуматнинг четга сурилиши ҳеч қандай натижа бермаслигини таъкидлади.
Аннаполисда Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт ва Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ўртада музокара олиб борадиган мунтазам гуруҳлар барпо этишга келишганлар.
Музокара гуруҳларининг дастлабки мажлисини 12 декабрда ўтказишга келишилган.
www.BBCUzbek.com



