Холдор Вулқон.
«Бирдамлик» ҳаракати фаоли.
![]()
ДЕНГИЗДА
(«Истанбул илхомлари » туркумидан ).
Эммоноэл бўғози , Тамсил , Эскудар ,
Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги .
Мармара денгизин кенгликларида,
Янграр кемаларнинг хасратли бонги .
Денгизлар ортида қолган Ватаним ,
Соғиндим Масжиду минорларингни .
Ўлмай қайтиб борсам уялмай унсиз ,
Қучоқлаб йиғлайман чинорларингни .
Совуқ шамол эсар , намчил палуба ,
Кема чайқалади , ғижирлар эшик .
Бизни аллалайди кемага қўшиб
Денгиз дунёдаги энг улкан бешик.
Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон .
Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик .
Сув юзида ярми кўриниб турган ,
Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик .
1999 йил ,декабрь . Туркия .Истанбул .
Мармара денгизи . Кемада ёзилди .
МАҚСУДГА
Шеьриятнинг чўлларидан ,
Мен бошпана қидирдим .
Жигаримни қафасдаги ,
Шеърларимга едирдим .
Бу чўлларнинг гиёҳ унмас .
Барханлари менгадир.
Бунда фақат ювиндихўр ,
Қуллар мени енгадир .
Атрофимда қашқирларнинг ,
Кўзи йилт – йилт ёнади .
Тегиб қашқир тишларига
Оёқларим қонади .
Шу қон издан бир кун мени ,
Излаб , излаб топ болам .
Бу дунёдан очиқ кетган
Кўзларимни ёп болам !
1988 йил , август . Маслахат қишлоғи .
МАБОДО
Мен бир ит бўлсайдим
(Лайча ё кўппак )
Зулматли куз кечаси
Дарё ортидаги » Латтақишлоқ » да
Бўғиқ аккиллардим
Гўё хум ичида хураётгандай .
Товушимни тинглаб ,
Ухлаб қолардинг
Илинарди кўзинга уйқу
Ёхуд бўлсам эди сассиқпопишак
Пупупуб – пупупуб – пупупуб
Пишш – ш! – дея
Олис увотларда сайрардим узоқ
Дехқонлар ишлашдан тўхтаб , жилмайиб
Бир зум қулоқ тутарди менга .
Ё бўлмаса омадим чопиб ,
Чигирткага айланиб қолсам
Ой порлаган оқшом
Ёзги » Қирғизхожи » далаларида
Тунни зириллатиб чириллар эдим .
Ёки дейлик фалокат босиб ,
Одам бўлиб қолсам кутилмаганда
Катта – кон одам
Болалигим кечган
Қорақолпоқлар хуторидаги
Чўчқахона харобасидан
Қарардим бепоён мангу осмонга
Ўзимнинг нақадар муваққат , ожиз
Зарра эканимни англамоқ учун .
15 октябрь ,2006 йил ,якшанба . соат 13 дан 58 минут ўтди Бишкек , Ленинград кўчаси 35 уй



