Мазкур хабар Бирлашган Миллатларнинг қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини муҳокама этаётган вақтда юзага чиқди.
Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар қўлланишига қарши эканини ва ўзидаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаётганини урғулаб келади.
Бироқ, Ўзбекистоннинг ўзида ва хорижда бу каби иддаога жиддий эътибор берувчилар кам.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қалбаки айбларга иқрор бўлишлари йўлида юзлаб маҳбусларнинг мунтазам равишда дўппослангани ва қийноққа солингани ҳақидаги ҳабарларни ҳужжатлаштиришган.
Сиёсий ёки диний жиноятлар билан қамоққа олинган маҳбуслар одатда энг абгор муомалага дуч келишади, чунки Ўзбекистон ҳукумати уларни сотқин ё террорист деб кўради.
Ўзбекистонда ҳали ҳам фаолият юритаётган саноқли инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан бири Фитрат Салоҳиддиновнинг жасади Андижондаги Т-1 қамоқҳонасидан Тошкентдаги уйига душанба куни олиб келинганини билдирди.
Унинг иши ҳам ўтган ўн йил ичида ўзбек қамоқхоналари ўз ичига ютган минглаб бошқа инсонларнинг ишига ўхшаш.
Салоҳиддинов етти йил аввал Ўзбекистонда фаолияти ман этилган Ҳизбу Таҳрирга аъзоликда айбдор деб топилиб, ўзининг ўта абгор шароитлари билан ном чиқарган Жаслиқ қамоқхонасига юборилганди.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари унинг қийноқларга солингани борасида хавотир билдириб, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат этишган.
Хабарларга кўра, Президент Ислом Каримовдан кечирим сўрашдан бош тортган маҳбуслар қаторида, Салоҳиддинов сўнгра Андижондаги қамоқхонага кўчирилганди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Андижондаги Т-1 қамоқхонаси Ўзбекистондаги энг кучли қийноқлар тажриба қилинувчи маскандир.
Қамоқҳона ичидан олинган хабарларга кўра, Салоҳиддинов қийноқлар натижасида дунёдан кўз юмган.
Бироқ, буни исботлаш қийин бўлади. 20 нафарча фуқаро кийимидаги хавфсизлик кучлари жасад оиласига топширилгач, Салоҳиддиновнинг уйини қўриқлаб, унинг қариндошларидан савол сўрашга уринган ҳар қандай шаҳсни орқага қайтарди.
www.BBCUzbek.com



