Ўзбекистондаги амалдорлар бир-бирларини калтаклашмокда. Бу президентнинг сайлов олди ўйиними ёки….

Аслиддин, мустакил журналист.

Каримов

«Андижонга Каримов келармиш, ҳокимни ишдан олиб, ўрнига қизини кўярмиш». 

Бу миш-мишлар, Андижон вилояти ҳокими Ахмад Усмоновнинг, вилоятдаги Марҳамат туманининг ҳокими томонидан калтакланганлиги ҳақидаги гап-сўзлар чиққанидан кейин пайдо бўлди. Шундан бери вилоятнинг хамма кўчаларида, хиёбонларида тозалаш ишлари бошлаб юборилган. Бу ишлар катта ва кичик ёшдаги ўқувчилар, талабалар, ўқитувчи ва шифокорларнинг кундалик машғулотларига айланди.

Оддий туман хокимининг вилоят хокимига қўл кўтариши, ва уни ўласи қилиб калтаклаши, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг бугунги воқелигида, кутилмаган вокеа. Айтишларича, вилоят хокими, Марҳамат тумани хокимининг онаси ва эшак ўртасидаги кандайдир алоқа бўлгани хақида ҳамманинг олдида шаъма қилганидан сўнг, туман ҳокими Ахмад Усмоновни тумшуғига тушириб қолган, ва у муштнинг зарбидан йиқилганидан сўнг ҳам, уни тепкилашда давом этган.

Оқибатда, вилоят хокими хушини йукотганидан кейингина, аъёнлар ўзларига келишиб, уни туман хокимининг «зуғумидан» қуткариб, кўтариб олиб кетишган.

Бундай воқеалар ҳар куни хам содир бўлавермайди Ўзбекистонда.

Бош вазир Шавкат Мирзияев ҳам Жиззах вилоятида ҳокимлик вазифасини ўтаётганида калтак еган. Пахта терими пайтидаги кундалик мажлисларнинг бирида у Форишлик ўқитувчи йигитни ҳамманинг олдида хақорат қилади. Йигит ҳаммасига чидайди. Охири Мирзияев «ҳе, онангни…» деган жойига келганида, у хокимни ёкасидан ушлаб «ўзингни онангни..» дейдида унинг башарасига калла қўяди.

Бирпасда тўс-тўпалонг бошланиб, ўқитувчи йигитни 5-6 нафар милиция ходимлари залдан олиб чиқиб кетишади. Эртасига эса йигитнинг хамкасблари унинг касалхонада ўлганини айтишганди. Ўша воқеадан кейин сал ўтмай президент Каримов Мирзияевни Самарканд вилоятига хоким этиб тайинлаганди.

Унинг ўрнига Жиззахга ҳоким бўлган Яманқулов ўзига мушт отишларини кутиб ўтирмади. Чунки у аввал калтаклаб, кейин сўкинарди. Унинг оғир муштлари ва залворли тепкиларидан йиқилган одам (туман хокими, фермер, милиционер, ўқитувчи, маҳалла раиси, оддий фуқаро) ҳар кандай оғир ҳақоратга ҳам жавоб қайтармайдиган аҳволда бўларди.

Тошкентдаги ишончли манбага кўра хозир Ямонқулов камоққа олинган ва унга нисбатан Ўзбекистон Жиноий кодексининг 6 та моддаси бўйича иш қўзғатилган. Баъзи манбаларнинг айтишларича у давлатнинг 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағини ўзлаштириб юборган.

Яна Андижонга қайтамиз. Айтишларича, каклтакланган вилоят ҳокими тор доираларда «Жонимга тегди бу Андижонликлар, яқинда аризамни ёзаман-у, кетаман» қабилидаги гапларни анчадан буён айтиб келган. Эхтимол, у тез кунларда ишдан олиниши билгандир? Балки, туман ҳокими билан бўлган можоро хам, шунчаки, эл кўзи учун қўйилган томошадир? Ёки, Мархамат тумани хокимига, Оксаройдан «вилоят хокимини калтакла» деган буйрук келганми?

Бўлиши мумкин, дейишади бугун Андижонликлар.
– Эхтимол, – дейди Андижонлик бир такси ҳайдовчиси, – Каримов вилоят ҳокимини алмаштириш учун мана шундай оргинал усулни ўйлаб топгандир? Буниси менга қоронғу, лекин, «Андижонга Гулнора хоким бўлармиш» деган гап анчадан буён юрибди.

– Ҳамма катта лавозимларнинг нархи бор, Марҳамат тумани ҳокими ҳам яхшигина пул эвазига бу амални сотиб олган. Аранг сотиб олган амалида қолиш учун, у катталарнинг хар кандай хўрлигига ва зуғумига чидайди. Вилоят хокимини тепкилаш фикри унга ўз-ўзидан келмагани аниқ. Унга кимдир буюрган, – дейди бир Андижонлик савдогар.

Фарғона водийси аҳли ўртасида шов-шув бўлган бу воқеа Тошкентга етиб келмасидан, Оқсаройга яқин бўлган икки амалдорнинг ҳам муштлашгани хақидаги хабар турли сайтларда пайдо бўлди.

«Узметроном» сайтининг хабар беришича, президентнинг матбуот котиби Алишер Азизхўжаев ўз хизмат кабинетида, ходими Комилжон Шамсуддинов билан муштлашиб кетган.

Оқибатда, К. Шамсуддинов тан жароҳати олган. Ўша куниёқ воқеадан хабардор қилинган ИАК, Алишер Азизхўжаевни ўз вазифасидан озод қилган.

Ўз саройидаги жанжалга тезгина аралашган Каримов, хали Андижон ҳокимлари ўртасидаги муштлашга нисбатан ўз хукмини ўкигани йўк. Андижондан келаётган хабарларга қараганда, икки ҳоким ҳам хозиргача эл кўзидан четроқда юришибди. Уларнинг ходимлари эса сўровларга «Хабаримиз йўк» ёки «Улар Тошкентда» деган жавобни айтишаяпти.
– Бирининг гўштини бири еб, қирилиб ўлмайдими ҳаммаси, яшашга ҳалақит беришмаса бўлди, – дейишмоқда бугун Андижонликлар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares