Иен Макуильям
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқмоқда.
Беш йил муқаддам БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси қийноқлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан «мунтазам» равишда қўлланади, деган хулосага келган эди.
Ўзбекистон ҳукумати ташқаридаги кузатувчиларнинг барчаси мунтазам равишда абгор дея тасвирлайдиган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланаётгани ва ҳар қандай қийноқ кўринишларига доимо қарши эканини айтади. Аммо ҳукумат томонидан ҳибсга олинган, айниқса, сиёсий ёки диний айбловлар билан қўлга олинганлар ҳибс бошдан оёқ калтаклар билан бошланишини айтишади.
Шундан сўнг, кунлар ёки ҳафталар ўзингизни нималар кутаётганини билмай, аксар ҳолларда ҳимоячи билан боғлана олмай, ҳибсда ўтиришингиз мумкин.
Ҳибсдагиларнинг оила аъзоларига кўп-да хабар берилмагани боис, улар ўз яқинларини топиш учун бутун ҳибсхоналарни қидириб чиқишларига тўғри келади.
Айни пайтда маҳбуслар милиция ёки хавфсизлик хизмати ходимлари ўзларига қўйилаётган айбловларга иқрор қилдириш учун таҳдид ва калтакдан фойдаланишларини айтишади.
Юзлаб ҳужжатлаштирилган ишларда собиқ маҳбуслар резина тўқмоқлар билан калтаклаш, токка қўйиш, противогаз кийдириш, оила аъзоларининг жинсий зўрланиши юзасидан таҳдидлар бўлиши ҳақида гапиришган.
Шунингдек, улар агар маҳбуслар шикоят қилишса, муносабат бундан-да ёмонлашиши мумкинлигини айтишади.
Бундай усуллар собиқ Шўро Иттифоқи мамлакатларида кенг тарқалган ва мавжуд вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилаётган ҳукуматларнинг сони унчалик ҳам кўп эмас.
www.BBCUzbek.com



