Каримов хақида

«Бирдамлик» ҳаракати фаоли Элдор.

Каримовнинг ўзбекларга айёрона меҳрибонликларини қуйидаги ривоятга ўхшатсак бўлади. karimov22.jpg
Бир қарироқ бой-бадавлат савдогар ёш хотинидан 6 фарзанд кўриб, яккабош ёш қўшниси билан ака-ука тутинади. Савдогар укасини кўп чақириб меҳмон қилган ва қўл учида савдо қиладиган бу қўшни, укасига бир дўконча тортиқ қилиб, ёрдам қўлини чўзади ҳам.

Акаси савдо билан узоқ мамлакатларга сафар қилганда, бу ука акасининг болаларига қарашиб, уларнинг ҳолидан кириб хабар олиб турар эди.
Янгаси бир кун мақтаниб акасининг сандиқда тиллоси борлигини тутинган укага оғзидан гуллаб қўяди. Уканинг феъли айнайди ва акаси сафардан келиши билан унинг олдига кириб акаси келтирган совғасини олиб хурсанд бўлади, улар озгина ичкилик ҳам қилишади, ярим кеча маст акаси ўз уйида қолиб, унинг аҳволи ёмонлашиб тонг қоронғусида жон таслим қилади.

Савдогарнинг давлати катта, бу шахарга у бегона ва унинг бирорта яқин дўст-қариндоши йўқ эди. Ёш хотини шу ерлик бўлиб, олти боласи билан бечора додлаб, уларнинг ишонган одами фақатгина тутинган укаси қолган эди холос.

Шу ерда бир сирни айтсак, ука савдодан қайтган аканинг кумуш сопли қимматбаҳо пичоғини қабул қилгандан сўнг, янгаси оқшом келтирган шўрвани акасига узатаётганида косага чаққонлик билан заҳар солган эди.

Бирнеча ой ўтиб, ука янгасини қучоқлаб, ха демай уни 6 бола билан ўз никоҳига олади. Болалар ҳали кичик, қотил акасининг бағрини улар талашиб, уни жуда яхши кўрадилар. Янги ота ўзини меҳрибон кўрсатиб, уларнинг олтин қошиқларда овқат еб ўсишса, фойдаси жуда катта эканини, содда хотинига айтиб, бир куни уни ишонтираолади.

Ўгай ота эридан қолган тиллоларига аллақачон эга бўлиб ва унинг қимматбаҳо нарсаларигача соттириб, ўзларига ва 6 нафар етимчаларга жаъми 8 та соф олтиндан қошиқлар ясаттиришади ва улар бу қошиқлардан, овқатланабошлайдилар.

Кўп ўтмай қотил ука, марҳум акасининг барча тилло буюм ва қўлга илинадиган қимматбаҳо нарсаларигача олиб, кўздан ғойиб бўлади.

Афсуски, биз эъзозлаб 16 йилдан бери бошимиздан туширмай келаётган Каримовнинг халқ кўзича телевизордан айёрона майин-меҳрибонлик қилиб, ўз номзодини 70 ёшига қарамай яна қўйишга интилаётгани, худди ўша ёш норасидалар хаққига хиёнат қилган ёвуз ўгай отанинг “меҳрибонликларини” эслатмайдими?, дегингиз келади….

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares