Бахтиёр Шоҳназаров
Туркия
Менимча, «янги ўзбеклар»га сармояларини Ўзбекистонга олиб киришлари учун шароит яратилиши, пуллари қаердан келиб чиққанини суриштирмасликка кафолат берилиши, зарур бўлса авф эълон қилиниши керак. Нега деганда, қандай йўл билан топилганидан қатъи назар – барибир ўша пуллар бор. Улар юртимиз равнақи йўлида ишлатилса бўлмайдими?
ХII бўлим. ИҚТИСОДИЁТ ҲАҚИДА (давоми)
* * *
АРЗОН БОЗОР ҚАЕРДА? (давоми)
(“Моҳият” №46, 2002 йил 22 ноябр)
Конвертация бекор қилинган пайтда бунга асосий сабаб қилиб «халқнинг машаққатли меҳнати эвазига ишлаб топилган эркин айирбошланадиган валюталарга хориждан
Бугун босиб ўтилган йўлга қараб, амалга киритилган чеклашлар кутилган самарани бермаганини айтиш мумкин. Мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб хорижий фирмалар Ўзбекистонда сотган молларидан тушган сўмдаги даромадини банкларда долларга эркин алмаштириб, ташқарига олиб чиқиб кетиш ҳуқуқини йўқотди. Оқибатда, кўплаб фирмалар ўз фаолиятини тўхтатди ёки қўшни республикаларга кўчиб кетди. Илгари сўм маблағларини валюта алмаштириш шахобчаларида АҚШ долларига эркин алмаштириш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ҳам чеклашларга дучор бўлишди. Бозорда валюта олиб-сотганлик учун яна жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти бошланди.
Тижоратдаги ҳар қандай чеклаш яхшиликка олиб келмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлади. Валютанинг «қора бозори» пайдо бўлиб, долларнинг кўчадаги нархи расмий курсга нисбатан жадал суръатлар билан ўса бошлади. Ҳатто, бир вақтга келиб Марказий банкнинг расмий валюта курси билан қора бозор ўртасидаги курс фарқи деярли уч бараваргача (!) кўтарилди. Натижада, 1999 йилга келиб нархи долларда белгиланиб, Ўзбекистон фуқароларига сўм ҳисобида сотиладиган «Тико» автомобилининг нархи АҚШ долларида ҳисоблаганда 1.700 долларга қадар тушиб кетганини кўпчилик яхши эсласа керак! Лекин, хориждан келтириладиган молларнинг нархи икки-уч бараварга кўтарилиб кетиши фақат сўм билан тирикчилик қиладиган аксарият ватандошларимизга бирмунча қийинчиликлар келтирди.
Ўзбекистонга четдан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари мамлакат ичкарисида расмий валюта курсига нисбатан сўмдаги баҳоларда бирмунча арзон нархларда сотилди. Бу билан аҳоли ижтимоий жиҳатдан бирмунча ҳимоя қилинди. Бироқ, бу ҳолат ҳам маҳаллий, ҳам хориждан келтирилган маҳсулотларни контрабанда йўли билан қўшни мамлакатларга олиб чиқиб кетилишини тўхтатолмади. Чунки, расмий курс билан «қора бозор»даги валюта курси орасида ер билан осмонча фарқ юзага келиб, валютага келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини четга олиб чиқиб кетиш фойдали «бизнес»га айланди. На чегара ва божхона хизматларининг кучайтирилиши, на чегараларнинг сим тўрлар билан ўраб олиниши ва на юртимиздан четга маҳсулот олиб чиқилишининг олдини олишга қаратилган бошқа чора-тадбирлар яхши самара бермаганини таъкидлаш мумкин. Сабабини кўпчилик билса керак!
Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўтиш пунктларида хорижлик чегара ва божхона хизмати ходимлари сумкаларингизни титкилаб камситмайди, божхона божи тўлашни талаб қилмайди. Камситадиган бўлишса бошқа сабабларга кўра камситишади. Аксарият қўшни республикалар билан мамлакатимиз ўртасида абадий дўстлик ҳақида битимлар имзоланган. Шунга қарамай, нима учундир, қўшни давлатларда фуқароларимиз яхши муомала кўришмаяпти. Бунинг сабабларини очиқлик ва холислик билан чуқур таҳлил қилиш пайти келди.
Ўзбекистонга келиб кетган Халқаро валюта фонди (ХВФ) вакиллари валютани эркин конвертация қилишга ўтишни талаб қилишди. Ҳукумат мазкур талабларни бажармагач, ўтган йили ХВФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бошлиғи ўз юртига жўнаб кетди. Холисона айтганда, ХВФнинг талабларини бажариш учун қандайдир ҳаракатлар амалга оширилди. Бир неча марта «фалон ойда конвертация очилармиш» деган миш-мишлар тарқалгани бежиз эмас. Талабни бажариш, «қора бозор» билан расмий валюта курсини бир-бирига яқинлаштириш мақсадида шу йилнинг ёзида Марказий банкнинг расмий валюта курси бирданига 50 фоизга кўтарилди. Бу миллий валютамиз девальвация қилинганини англатади. Расмий валюта курсидан ташқари тижорат курслари ҳам пайдо бўлиб, фуқароларга чекланган миқдорда валюта сотила бошланди. Бу ўз навбатида «қора бозор»га ҳам ижобий таъсир қилиб, 1.600 сўмгача юксалган доллар нархи 920 сўмгача пасайишига олиб келди. Бу эса сўм ҳисобида даромад қиладиган юртдошларимиз учун чет эл молларининг нархлари пасайишини ва уларнинг сотиб олиш кучи ортишини англатарди.
Бироқ, бу қувонч узоққа бормади. Аслида, мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқаришни рагбатлантиришдек эзгу мақсадни кўзлаб қабул қилинган бўлишига қарамай, шу йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга хориждан олиб келинадиган моллардан олинадиган божхона божи миқдори маҳсулот баҳосининг 70-90 фоизигача қилиб белгиланиши ҳамда маҳсулотнинг келиб чиқиши ҳақидаги сертификатлар талаб қилиниши бозорлар фаолиятига, юмшоқ қилиб айтганда, салбий таъсир кўрсатди. Аксига олиб, кўплаб тижоратчилар ушбу тадбирни қўллаб-қувватламади. Четдан маҳсулот олиб келиш аксарият тижоратчилар учун фойдасиз ҳолга келди. Божхона божи миқдорлари сентябр ойида ноозиқ-овқат маҳсулотларига 70 фоизгача, озиқ-овқат маҳсулотларига эса 50 фоизгача камайтирилди.
Тошкентдаги отчопар бозори мамлакатимиздаги энг катта улгуржи савдо бозори бўлиб, бу ердан барча вилоятлардан келган тижоратчилар мол сотиб оларди. Бозорда савдо расталарига эга бўлган сотувчилардан ташқари такси ва автобус ҳайдовчилари, ҳаммоллар, тижоратчилар, маиший хизмат кўрсатувчи кишилар тирикчилик қилишарди. Бундан ташқари, кўплаб хусусий ва давлат корхоналари ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни отчопар бозорида улгуржи нархларда сотишарди. 1 сентябрдан бошлаб бозор таъмир учун ёпиб қўйилди. Мамлакатимизнинг ҳамма бозорларида нафақат тегишли органлар ходимлари, айрим ҳолларда ҳатто, милиция ходимлари ҳам сотувчилардан маҳсулот сертификати ва божхона божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжатларни талаб қилиб, бундай ҳужжати бўлмаганларнинг молларини олиб қўйиш амалиёти бошланди. Натижада, кечагина тўлиб-тошиб ётган бозорлар ўз тароватини йўқотди. Эндигина унутилган чайқовчиликни эсга соладиган ҳолатлар бозорларимизга яна қайтиб кетди. Орган ходимлари кўриб қолиб, молни олиб қўймаслиги учун сотувчи ва харидор бир-бири билан пинхона келиша бошлади. Талаб ва таклиф ўртасида катта фарқ пайдо бўлиши оқибатида нарх-наво бирданига кўтарилиб кетди. Маҳсулот турлари кескин камайди. Бир танишим айтишича, илгари отчопар бозорида 23 минг сўмдан сотилган костюм-шимлар Чорсу бозорида 50 минг сўмдан сотилмоқда. Умуман, мамлакатимиз бозорларидан маҳсулот сотиб олишга анча-мунча одамнинг қурби етмай қолди.
Четдан маҳсулот олиб келган фуқаролар божхона божидан ташқари яна анча-мунча бошқа тўловларни тўлаши зарур. Натижада, бу нарса маҳсулот нархи янада кўтарилишига олиб келишидан ташқари, тижоратчилар анча кун сарсон бўлишмоқда. Масаланинг иккинчи томони – мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан товар олиб келинишига ҳалигача тўла чек қўйилгани йўқ (дунёдаги бошқа давлатлар тажрибаси шуни кўрсатади-ки, бунинг иложи ҳам йўқ!). Контрабанда йўли билан келтирилган моллар нисбатан арзонроқ сотилиши натижасида, барча тўловларни тўлаганларнинг бозори касод бўлиши ҳолатлари келиб чиқмоқда.
Куни-кеча «август-сентябр-октябр ойларида «Ардус» дўконлар тизимида солиқ тушуми май-июн-июл ойларига нисбатан фалон миллион сўмга ортди» деган хабар билан танишдим. Ҳисоблаб кўрсам, бу ортиш 1 августдан бошлаб ойлик маошлар ва нарх-наво ортиши ҳамда барча турдаги маҳсулотларнинг нархлари бир ярим бараварча кўтарилиши ҳисобига содир бўлибди! Аслида, ўтган даврга нисбатан камроқ маҳсулот қимматроққа сотилганга ўхшамаяптими?
1994 йил 1 июлда миллий валютамиз муомалага киритилган пайтда бир доллар 7 сўм 50 тийинга тенг эди. Шаҳар ичида қатнайдиган автобусларда билет нархи 20 тийин бўлган. Телевизорда бир отахон «ҳайрият, яна майда чақа пуллар ҳам қайтиб келди, пулимизнинг обрўси тикланди» дегани ҳалигача қулоқларим остида акс-садо бериб туради. Ўзбек сўмини дунёда тан олинадиган валюталар қаторига киритишдек олижаноб мақсадни кўзлаётгандик! Орадан икки йил ўтиб сўмимиз қадри тўрт ярим бараварга пасайди. 1996 йилнинг ўрталарида бир АҚШ доллари 35 сўмга тенг эди. Конвертация бекор қилингандан кейинги олти йил ичида миллий валютамиз қиймати Марказий банкнинг расмий курси бўйича 25 бараварга, 1994 йил билан солиштирилганда эса 118 бараварга тушиб кетибди! «Қора бозор»да эса – миллий валютамиз муомалага киритилган пайт билан солиштирсак – долларнинг баҳоси 166 бараварга ортди. 2002 йилнинг июн ойида «қора бозор»да 1996 йилга нисбатан 45 бараварга пасайган сўмнинг қадри бугунги кунда «атиги» 35 бараварни ташкил қилмоқда, холос. (изоҳ: 2007 йил 30 октябрда ЎзР Марказий Банкининг курсига кўра, 1 доллар 1.280 сўм 65 тийинга тенг бўлди – Б.Ш.).
1996 йили менинг маошим 3.000 сўм бўлиб, бу тахминан 85 АҚШ долларига тенг эди. Ҳозиргиси ҳақида индамай қўяқоламан.
Хўш, конвертация борасида қўшни республикалардаги аҳвол қанақа?
Ҳозирги кунда (2002 йили – Б.Ш.) бир АҚШ доллари атиги 45 қирғиз сўмига тенг (изоҳ: ўтган йиллар ичида курс тобора пасайиб бориб, 2007 йил октябрда 37 сўмга тенг бўлди – Б.Ш.). Қирғизистон Республикаси жуда обрўли халқаро ташкилот ҳисобланган Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кирган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда савдо-сотиқ ва валюта айирбошлаш масаласида ҳеч қандай чеклаш йўқ! 1994 йили қирғиз миллий валютаси муомалага киритилгандан бери уни исталган валюта айирбошлаш пунктида долларга алмаштириш мумкин. Биздагига ўхшаб валюта олиб-сотишни чекловчи чоралар қўлланилмади. Тижоратчилар исталган хорижий давлатдан хоҳлаганча маҳсулот олиб кириши мумкин. Ўш вилоятининг Ўзбекистонга чегарадош ҳудудида жойлашган Қорасув бозори Фарғона водийси тижоратчилари ва аҳолиси маҳсулот сотиб оладиган асосий бозорга айланди. Ҳар куни ўн минглаб одамлар қўшни республика бозорига ўтиб, ҳам ўзбек пулини, ҳамда долларларини ўша бозорда олиш-беришга сарфламоқда. Бу эса қирғиз пулининг қадр-қимматини сақлашга беминнат хизмат қилаяпти.
Ўзбекистон бозорларида нарх-наво кўтарилгандан кейин аҳли Тошкент қўшни Қозоғистоннинг Чимкент ва Сариёғоч шаҳарларига оқа бошлади. Қўшни ўлкада ҳам валюта айирбошлашда ҳеч қандай муаммо ёки чеклашлар мавжуд эмас, 155 қозоқ тангасига бир АҚШ доллари берилади (изоҳ: курс пасайишда давом этиб, 2007 йил октябр ойида 120 тангага тўғри келди – Б.Ш.). Бозорлардаги нарх-наво Тошкентдагига нисбатан бир ярим-икки баравар арзон экан. Бунга ўзим ҳам амин бўлдим. Ҳар куни минглаб ўзбекистонликлар Қозоғистонга ягона мақсад – бозорлардан ул-бул харид қилиш учун кетаётгани буни исботлайди. Харидорларнинг кўпайиши, ўз навбатида, уларга хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланишига олиб келди. Хусусан, Ўзбекистон чегарасидан Чимкентга бориб келиш уч ярим-тўрт минг сўм бўлса, ўзбек хусусий автомобиллари чегарадан 5 доллар тўлаб ўтар экан. Сўнгги пайтларда Чимкент вилоятида валюта тушуми жуда кўпайибди. Тушган пуллар бозорлар инфраструктурасини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини орттиришга хизмат қилаётган эмиш. Айтишларича, Жанубий Қозоғистон вилоятида сўнгги ойларда АҚШ доллари ҳисобидаги солиқ тушуми уч ярим миллион долларга кўпайибди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, мамлакатимиз фуқаролари қозоқ бозорларида ҳар куни уч миллиондан олти миллион долларгача нақд пулларини қолдиришмоқда. Бунга Қирғизистоннинг Қорасув бозорида ва бошқа қўшни ўлкалар бозорларида қолдирилаётган валюталарни ҳам қўшсак, ҳар куни 6-10 миллион доллар нақд пул мамлакатимиз ташқарисига чиқиб кетаётганини кўрсатади. Бу миқдор бир ойда 200-300 миллион долларни ташкил қилса, тўрт ойда деярли бир миллиард (!) долларга бориб қоларкан! Бундан ким фойда кўраётгани кундек равшан! Аслида, аҳолининг «ёстиғи остидаги» валюталардан юртимиз иқтисодиёти учун фойдалангани тегишли кафолатлар берилса тўғри бўларди.
Қозоғистон ҳақидаги мулоҳазаларимга якун ясаб шуни таъкидламоқчиманки, йиллик иқтисодий ўсиш бўйича шимолдаги қўшнимиз дунёда биринчи ўринга чиқибди! 2001 йили республиканинг иқтисодий ўсиши деярли 13 фоизни ташкил қилибди! Натижада, аҳолининг ҳақиқий даромадлари йил сайин ортиб, турмуш даражаси яхшиланаяпти. Сариёғочга борганимда такси ҳайдовчисидан ўқитувчиларнинг маоши ҳақида сўрагандим, «17-18 минг танга (112 доллар) олишади» деди.
Тахминларга кўра, Ўзбекистоннинг бир йиллик бюджети тахминан уч-уч ярим миллиард долларни ташкил қилади (янада аниқлик билан айтолмайман, чунки бизда бюджетнинг жами миқдори эълон қилинмайди). Агар бизда ҳам қўшни давлатлардагига ўхшаб тижорат соҳасида чеклашлар бўлмаганда эди, ўша пуллар ўзимизда қолиши ва минг-минглаб одамлар иш билан таъминланиши мумкин бўлурди!
Конвертация очилса, юртимизга хорижий сармоялар кириши яна кўпаяди. Шу ўринда ўзимнинг бир фикримни билдирмоқчиман. «Янги руслар» каби «янги ўзбеклар» борлигини ҳамма билади. Бироқ, «янги ўзбеклар» ўзлари қайсидир йўллар билан топган миллионлаб доллар пулларини чет эллардаги банкларда сақлаб, мамлакатимизга олиб кириш учун қулай вақт келишини пойлаб юришибди. Ҳозирча, «бизга ким кредит берар экан» деб қийналиб юрган бир пайтда уларнинг пуллари ривожланган мамлакатларни янада ривожлантиришга хизмат қилаяпти. Менимча, «янги ўзбеклар»га сармояларини Ўзбекистонга олиб киришлари учун шароит яратиш, пуллари қаердан келиб чиққанини суриштирмасликка кафолат берилиши, зарур бўлса авф эълон қилиниши керак. Нега деганда, қандай йўл билан топилганидан қатъи назар – барибир ўша пуллар бор. Улар юртимиз равнақи йўлида ишлатилса бўлмайдими?
Тижоратни жуда яхши тушунган ота-боболаримиз «Отанг бозор – онанг бозор» деб бежиз айтишмаган экан-да!
PS: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 10 йил тўлиши арафасида мен Асосий қонунимиз билан кафолатланган фикрлаш эркинлигидан фойдаланиб, ўзимнинг шахсий мулоҳазаларимни ва халқ орасида юрган гапларни баён қилдим, холос.
* * *
2004 йил август-сентябр ойларида Буюк Британияга қилган сафарим чоғида Лондон кўчаларини кездим. Хилма-хил дўконларда анқонинг уруғидан бошқа ҳамма нарса топилади. Диққатимни ўзига тортган нарса шуки, шанба ва якшанба кунлари шаҳар марказидаги айрим кўчалар транспорт ҳаракати учун ёпилиб, кўчаларнинг ўзида бозорлар ташкил қилинар экан.
Лондоннинг шарқида жойлашган “Лондон бридж” метро бекатига яқин ерда ташкил қилинган бозорни айландим. У ерда саноат моллари, кийим-кечак, рўзғор моллари каби жуда кўп буюмларни дўконлардагидан анча арзон нархларда харид қилишингиз мумкин. Энг қизиғи – сотувчиларда ҳеч қандай касса аппарати йўқ! Савдо нақд пулга олиб борилади! Ҳеч қандай солиқ идораси ёки полиция ходимлари уларнинг ишига аралашмайди! Шу тариқа, давлат иқтисодий аҳволи ўртача даражадан паст бўлган ватандошлари оғринмасдан кун кечиришига шароит яратиб берибди.
Буёғи қизиқ бўлди-ку – ахир Вазирлар Маҳкамаси 154-сонли Қарорни қабул қилгандан кейин “катта” буни шарҳлаб, “ривожланган давлатлар тажрибасига ўтаяпмиз, уларда савдо-сотиқ фақат касса аппарати орқали юритилади, шунинг учун ғарб давлатлари қароримизни қўллаб-қувватлашмоқда” демаганмиди?! Ахир, ўша давлатларда ҳам касса аппаратисиз фаолият кўрсатадиган бозорлар бор экан-ку! Бизникилар нега масаланинг бу томонини тилга олишмаганини тушуниш мумкин…
Шўролар даврида “Ўрта Осиё халқлари ривожланишнинг капитализм босқичини четлаб ўтиб, феодализмдан социализмга сакраб ўтишди” деган гаплар айтиларди. Бозор масаласида биз капитализмни ҳам, социализмни ҳам четлаб, “ой”га учиб кетибмиз – ажабо, у ерда бизникилар тешиккулча сотишяптими ёки помидор?!
(давоми бор)



