Америкадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари қирғизистонлик таниқли ўзбек журналисти Алишер Соипов ўлими юзасидан мукаммал тергов олиб боришга ундашган.![]()
Жумладан, Америкада жойлашган Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси Алишер Соиповнинг ўлими юзасидан «холис ва профессионал тергов олиб бориш»га чақирган.
Унинг ўлдирилиши дунё бўйлаб кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қораланмоқда.
Ўзбек ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган 26 ёшли журналист ўтган ҳафта Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида отиб ўлдирилганди.
Ўтган ҳафта қирғизистонлик юқори мартабали мулозим Алишер Соиповнинг ўлдирилишида қўшни Ўзбекистон хавфсизлик хизматларининг қўли бўлиши мумкинлигини айтганди.
‘Қайғули фожеа’
Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси ҳайъати Қирғизистоннинг Америкадаги элчиси билан учрашиб, олиб борилаётган тергов юзасидан ўз хавотирларини билдирган.
Ҳайъат қирғиз мулозимлари Алишер Соиповнинг «бор-йўғи ҳақиқатни айтишга урингани учун ўзбекистонлик жосуслар томонидан ўлдирилгани эҳтимоли»га оид назарияни кўриб чиқиши лозимлигини айтган.
Алишер Соиповнинг ўлимига Қирғизистондаги жиноий доираларнинг бир неча аъзоси алоқадор деб кўрилмоқда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, қотилликда гумон этилаётганларнинг шахслари, исм-шарифлари аниқланган, бироқ тергов манфаати нуқтаи назаридан бу маълумотлар ошкор этилмаяпти.
Қотилликни содир этганлар икки киши бўлган, бироқ ушбу жиноятга алоқадорлар сони бундан кўп бўлиши мумкин, деган тахмин билдирилган.
Ички ишлар вазирлиги гумондор шахсларга нисбатан қидирув эълон қилган.
Оврўпо Иттифоқи ҳам Алишер Соиповнинг ўлими «таассуфли» фожеа эканини айтганди. Иттифоқ, «Қирғиз расмийларини журналистнинг ўлими юзасидан тезкор ва ҳар томонлама тергов олиб бориш, айбдорларни ҳибсга олиб, адолат маҳкамасига тортиш»га чақирганди.
Алишер Соипов ўзбек ҳукуматини тап тортмай танқид қила оладиган минтақадаги саноқли журналистлардан бири эди.
www.BBCUzbek.com



