ёки ҳаромни ҳузур қилиб емоқ илинжидаги ғаразгўйлик !
![]()
Муқаддима ўрнида:
2005 йил 28 декабр, Тошкент. Таниқли журналист Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова шу куни Самарқанддан ота-онасини кўриб, янги йил билан табриклаб келганди. Йўлдан келган одам табиийки, ювиниб чиқади. Ювиниш хонаси(ванна)да оёғи сирпаниб, йиқилади. Ўша вақтда Барно ҳоми-ладор эди. Йиқилиши натижасида аёл қаттиқ оғриқ сезади.Тиббий тез ёрдам чақирилиб, бемор ТошМИ-2 клиникасига олиб борилади.
Бироз муолажадан кейин аҳволи яхшилангач, уйда бир ярим яшар қиз-часи қолганлиги боис Барно уйига қайтади. Орадан икки кун ўтиб, эрталабдан оғриқ хуруж бошлайди. Барно турмуш ўртоғига телефон қилади. Аксига олиб боғланолмайди. Кейин тез тиббий ёрдам чақиради. Келган врач аёлни касалхонага боришини таъкидлайди. Эрига хабар қилишлик учун аёл яна “Адвокат пресс” таҳририятига қўнғироқ қилади.
Бироқ боғлана олмайди. Йўл-йўлакай врач аёлдан турмушдоши-нинг қаерда ишлашини сўрайди. Ўша кунлари катта шов-шувга сабаб бўлган мақола муаллифи шу беморнинг эри эканини билгач, дабдурустдан совуқ муомала бошланади. Туғруқхона жарроҳлик бўли-мига келтирилган аёл хусусида тез ёрдам врачи “Беморни эри урган бўлиши керак” деган тушунтириш ёзиб кетади. Орадан бир соат ҳам ўтмай туман ИИБдан суриштирувчи келади…
Беморга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига ундан тушунтириш хати ёзиш талаб қилинади… Воқеадан хабар топган Д.Саййид рафиқасини касалхонадан олиб кетмоқчи бўлади. Лекин врачлар унинг аҳволи анча оғирлигини айтиб, беморга жавоб бермайдилар. Д.Саййид эрталаб бош шифокор билан учрашишини билдириб, уйга кетади. Орадан кўп ўтмай рафиқаси ҳам уйга келади…
Айнан врачларнинг ўз иши қолиб, ИИБ ходимлари билан муросага киришиб кетиши оқибатида Аёл ҳомиласи нобуд бўлади. Бундан бехабар Аёл ўлик ҳомилани ўн кундан ортиқ кўтариб юрган… 2006 йил январ ойи иккинчи ўн кунлиги бошланишида Аёлнинг аҳволи оғирлашади. 33-поликлиникага боради. Поликлиника бош шифокори аҳволни кўрибоқ тез тиббий ёрдам машинасини чақириб, Қорасаройдаги туҳруқхона бош шифокорига телефон қилади.
Бу сафар врачлар ўзлари йўл қўйган мудҳиш хатонинг оқибатини кўрадилар: Ўлик ҳомиланинг оёқчалари қорайиб, ташқарига чиқиб қолганди! Қарийб бир ҳафталик қаттиқ муолажадан кейин Аёлнинг аҳволи яхшиланади. Бу борадаги аризалар эса. Тошкент шаҳар ССБ ва бошқа идоралардаги масъуллар томонидан ўрганилмайди. Ҳатто аризабозлик оқибати яхшиликка олиб бормаслиги ҳам билиниб қолади…
Навбатдаги тазйиқ:
Дилмурод Саййид ўзи яшаётган кўп қаватли уй ертўласи оқава сувдан тўлиб қолганлиги, дарахтлар қуриб, баҳайбат шохлари синиб тушиши одамлар ҳаёти учун хавфлилиги, кўчалардаги симёғочлар чироқлари ёнмаслиги, болалар боғчасига элтувчи йўл қишда ҳалқоб, ёзда чанг эканини айтиб, уй-жой ширкатига, маҳалла раисига бир неча марта мурожаат қилади.
Натижа бўлмагач, туман ҳокимлигига боради. У ердан ҳам тегишли ёрдам берилмагач, ЎзТелеРадионинг “Равнақ” эшиттиришидан мухбирлар таклиф қилинади. Мухбир келган куни маҳалла раиси ҳам, туман ҳокимлигидаги масъуллар ҳам гарчи хабардор бўлсалар-да, мухбир билан савол-жавоб қилишдан ўзларини олиб қочадилар. Кўп ўтмай радиода маҳалла ва ширкат раҳбарлари фаолиятига танқидий ёндошилган эшиттириш берилади.
Эшиттириш эфирга узатилгач, кўчадаги чироқлар таъмирланиб, болалар боғчасига борадиган йўл ямоқланиб, уй ертўласи ширкат томонидан тозаланиб, СЭС томонидан дориланиб, шароит бироз яхшиланади. Бу-2007 йил бошидаги воқеа!
2007 йил ёз фаслида маҳалладаги “Ораста” болалар боғчаси ҳудудида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Тоҳиров иштирокида мажлис бўлади.Бу йиғинда Д.Саййид сўз олиб, маҳалла раиси Т.Содиқовнинг ўз фаолияти хусусида аҳолига ҳисобот бермай юришини айтади. Шунда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Тоҳиров маҳалла раисини қаттиқ койиган. Бу йиғинда раиснинг коммунал тўловлардан қарзлиги, бу маҳаллада рўйхатда турмаслиги ҳам гапирилган.
Шунингдек, ўша йиғинда маҳалла ҳудудини асфальтлаш учун маблағ ажратилганлиги, томларни таъмирлаш учун шиферлар харид қилинганлиги ҳам алоҳида таъкидланган. (Бироқ ҳозирги кун-21.Х.2007 й.гача маҳалла асфальтланмади, томлар тузатилмади.)
Хуллас, ўша йиғиндан кейин маълум вақт ўтиб, 24 август куни Дилмурод Саййидни маҳалла идорасига таклиф қиладилар. Ва у ерда туман маҳалла жамғармаси раиси М.Раҳимов, Республика “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ф.Бўтаев ҳамда бир неча номаълум кишилар, фаоллар ўртасида Дилмурод Саййиднинг 2005 йил 24 ноябр куни чоп этилган бир мақоласи (?) ва 2006 йил охирида нашрдан чиқарилиб, сотувга қўйилган “Терминатор” китобини муҳокама қиладилар.
Мажлис давомида Дилмурод Саййидни ҳатто бу ҳудуддан кўчириб юборишгача таҳдид қилинади. (Мазкур йиғин тафсилоти 25-26 август кунлари жаҳон интернет сайтларида батафсил мақола шаклида эълон қилинган!)
24 августдаги йиғинда кўзланган ғаразли мақсад амалга ошмайди. Бу эса, ўз навбатида йиғин уюштирувчилар нуфузи пасайиб, Дилмурод Саййиднинг мавқеи кучайишига сабаб бўлади.
Бундай натижадан қониқмаган раҳбарлар сентябр ойида бошқа бир уйдан тушган шикоятни ўрганишга туман прокурори ўринбосарини юборадилар. Шикоят гарчи бошқа уйдан бўлса-да, йиғинга Дилмурод Саййидни ҳам таклиф қилишади.
Уларда “Буни Дилмурод Саййид ташкиллаштирган”-деган тушунча бўлгани аниқ. Йиғинда Дилмурод Саййид мазкур мавзедан борган шикоятларни ўрганиш бўйича туман прокуратураси фаолиятига салбий баҳо беради. Ҳатто прокуратура вакилига одамлар прокуратура холислигига ишонмасликларини, бу ташриф ҳам текширувдан кўра камчиликларни хаспўшлашга қаратилганлигини, маҳалла ва туман раҳбарларининг сиёсий кўрлигини очиқ айтади.
Орадан кўп ўтмай…
2007 йил 9 октябр куни туман ИИБ жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлимидан Дилмурод Саййидни излаб келадилар. Бу суриштирувга сабаб эса, туман прокуратураси томонидан ИИБга берилган ва Дилмурод Саййиднинг 2006-2007 йиллар журналистлик фаолиятидаги ғайриқонуний жиҳатларини ўрганиб, чора кўриш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси эди!
Дилмурод Саййидни 9 ва 11 октябр кунлари туман ИИБга олиб кетадилар. Бир неча соатлик суҳбатдан кейин ҳеч бир босим ё таҳдидсиз қўйиб юборадилар. Бироқ орадан уч кун ўтиб, ИИБ ходими яна Дилмурод Саййиднинг уйига келади. (Чамаси прокуратура ИИБ томонидан чора кўрилмаганига эътироз билдирган бўлса керак!)
Бу ташрифдан кейин ҳудуд профилактика нозири раҳбарият топшириғига кўра Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова уй рўйхатидан ўтмай яшаётганлиги учун МЖтК 233-1-моддаси билан Барнони жаримага тортади. Бу-ҲАҚИҚИЙ ТАЗЙИҚ ЭДИ! Чунки бу ҳудудда рўйхатдан ўтмай яшаётганлар ўнлаб топилади, қолаверса, маҳалла раисининг ўзи ҳам яшаётган уйи рўйхатида эмас, бошқа туманда рўйхатда туради!
Энди савол туғилиши аниқ:“Дилмурод Саййидга ва унинг оиласига тазйиқ ўтказиш КИМга ва НИМА учун керак?”
Бизнингча, бу ғаразли ҳаракатлардан манфаатдор одамлар бор. Ва бунга Дилмурод Саййиднинг қону-ний талаблари ҳам бош сабаб. Дилмурод Саййид маҳалла раисидан ва “Қалдирғоч” ширкати раҳбаридан ўз фаолиятлари ҳақида аҳолига ҳисобот беришликни талаб қилмоқда. Шунингдек, август ойида маҳалла ҳудудини асфальтланиши октябр ойига қолдирилганлиги айтилганди.
Октябр ҳам тугамоқда. Аммо асфальтдан дарак йўқ. Ваҳоланки, ёз фаслида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Тоҳиров ишти-рокидаги мажлисда маҳалла ва туман раҳбарлари мавзени асфальтлаш, уйлар томини таъмирлаш масаласида катта-катта ваъдаларни эълон қилгандилар! Ваъдалар ҳақида эса, Дилмурод Саййид бот-бот эслатиб турибди. Ажабмаски, бу тиниб-тинчимаган журналист раҳбарлар ваъдаларини матбуотга кўта-риб чиқиб қолса!
Бу маҳалла ва тумандаги раҳбарлар фаолиятига соя солиши мумкин! Иш шунга етмас-дан Дилмурод Саййиднинг ўзини бир нимага “илинтириб” юбориш, лоақал сал тилини сиқиб олиш керак-да! Бироқ инсофни унутган бу ғаразгўйлар Дилмурод Саййидга босим кўрсатишда (худди 2005 декабрдаги каби!) унинг оиласига таҳдид қилишдан ҳам тоймаяптилар. Бу ўринда гапнинг очиғи, ҳеч қандай сиёсий масала мавжуд эмас.
Балки бор муаммо ИЖТИМОИЙ масалада, яъни маҳалла ва тумандаги раҳбарлар Дилмурод Саййидга тазйиқ ўтказиш билан бирга бошқа бирор ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган шикоятчи чиқадиган бўлса, бир йўла унинг ҳам овозини ўчиришни кўзлаганликлари аниқ! Тўғри-да, кўчанинг у томонидаги 2/1-мавзе ҳудуди тўлиқ асфальтлансаю, 2/5 асфальтланмаса, одамлар бунинг боисини сўрашлари аниқ. Шиферлар ёз бошланишида келтирилган бўлсаю, шу кунгача уй томлари таъ-мирланмаса, бу ҳам изоҳ талаб этади.
Айнан шундай ОРТИҚЧА САВОЛлар кўпаймаслиги учун нима қилиш керак? Шундай саволларни сўрайдиган Дилмурод Саййид ва унга ўхшаш одамларнинг танобини тортиб қўйиш зарур! Токи бошқалар ҳам ғинг деёлмасин. Асфальт ва шифер эса, жуда харидоргир нарса…
Биз мақолага шу ерда нуқта қўйиб турамиз. Аммо Дилмурод Саййидга нисбатан бўлаётган тазйиқлар биргина бизнинг мақола билан барҳам топиши қийин. Чунки ғаразгўйлик мақсадида бошланган ва КИМнингдир манфаатига мувофиқ ўтказилаётган суриштирув Дилмурод Саййид фойдасига ҳал бўлишига ишонч кам. Шу баробарида ғаразли мақсадларда одамлар уйига ғайриқонуний буюм (варақа, ўқ-дори, наркотик модда ва ҳ.к.) ташлаб қўйиб, жавобгар қилиб юбориш синалган усул!
Ёки бирор жиноятга шерикликда айблаб, ўзгалар кўрсатмаси билан ҳам қамаб юбориш жўн фаолият. Шу нуқтаи назардан биз ушбу мақолани Интернет сайтлари билан бирга мамлакатдаги ҳуқуқий маҳкамаларга ва номзодлари Президентликка илгари сурилган одамларнинг эътиборига ҳам ҳавола этамиз.
Шу баробарида мамлакатда фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўз муносабатларини билдирадилар, деган ишончдамиз!
МАҲАЛЛАДОШ,
21.Х.2007 йил.



