1997 йили Бонндаги халқаро анжуманда иқлим исишининг олдини олишга бағишланган Киото протоколига асос солинганди.
Киото протоколи ўз навбатида БМТнинг Иқлим Ўзгариши борасидаги конвенция лойиҳаси асосида ишлаб чиқилган. Ушбу конвенцияга АҚШдан ташқари кўплаб мамлкатлар имзо чекканлар.
Киото протоколига қўшилган давлатлар 2012 йилга қадар чиқинди газларнинг олти турини 1990 йил даражасидан 5.2 фоизга камайтириш бўйича масъулиятни ўз бўйниларига олганлар.
Чиқинди газлар ҳажмини камайтириш даражаси Киото протоколига қўшилган ҳар бир давлат учун алоҳида белгилаб чиқилган. Масалан, Оврўпо Иттифоқи давлатлари 8 фоизга қадар, Япония эса 5 фоизга камайтириши назарда тутилган.
Россия аввалига протоколга имзо чекиш иқтисод ўсиши йўлида тўсиқ бўлади, дея рад этганди. Лекин 2004 йили Россия Думаси протоколни тасдиқлади.
АҚШ ҳам иқтисодга етказиши мумкин зарар туфайли, дея протоколга имзо қўйишдан ўзини тийиб келмоқда. Аммо АҚШ чиқинди газларини атроф-муҳитга тарқатувчи энг йирик мамлакатлардан биридир.
Киото протоколи ривожланаётган давлатларнинг «иқлим исишига» қўшаётган ҳиссалари жуда кам эканлигини тан олган ҳолда, айни ўша давлатлар аҳолиси иқлим исишидан энг кўп зарар кўришини урғулайди.
Протоколга кўшилган ривожланаётган мамлакатлар чиқинди газлар ҳажмини камайтириш бўйича ҳеч қандай масъулиятга эга эмаслар, аммо бу борада ҳисобот бериб туришлари сўралган.
Иқтисодлари катта суръатлар билан ўсиб келаётган Хитой ва Ҳиндистон ҳам чиқинди газларнинг йирик «ишлаб чиқарувчиси» саналади. Улар ҳам Киото протоколига имзо чекканлар.
Ҳозирда давлатлардан ташқари, Ер юзидаги ҳар бир инсон чиқинди газлар ҳажмини камайтириш бўйича ўз улушларини қўшишлари ҳақида гап юритилмоқда.
www.BBCUzbek.com.



