Улугбек Ҳайдаров, «Бирдамлик» учун, Жиззахдан махсус. Ўзбекистон Оммавий ахборот воситалари, мамлакат соғлик сақлаш муассасалари томонидан болалар ўртасида сил касаллигининг олдини олиш профилактикаси доимий равишда олиб борилиши ҳақида кўп ёзади. Бу тадбир, «барча ўзбек болажонларининг меҳрибон бобоси Ислом Каримов олиб борилаётган одилона сиёсат натижаси» эканлиги ўқувчиларга, томошабинлар ва тингловчиларга бот ва бот эслатилади. Шу кунларда Жиззах вилоятида барча мактаб ва мактабгача тарбия муассасаларида болаларда сил касаллигининг бошланғич даврида-ёқ аниқлашга ёрдам берадиган Манту синамаси (проба Манту) қуйилаяпти. Жиззах вилоят соғлик сақлаш бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, ушбу синама вилоятга етарлича келтирилган ва бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ота оналар эса бутунлай бошқа фикрдалар. – Муаммо бор. Бўлгандаям, муаммони каттаси бор, – дейишади бугун улар. – Болалар учун мактабда ёки боғчада бирон бир тиббий тадбир ўтказилса юрагимизни ҳовучлаб турамиз. Бу сафар ҳам хар бир ўқувчидан, манту синамаси қуйишга ишлатиладиган шприц учун 100 сўмдан пул йиғиб олинаяпти. Сўровларимизга бирорта одам жавоб беришни истамайди. Дархақиқат, мактаб ўқувчиларидан манту синамаси учун, Жиззах вилоятининг барча мактабларида пул йиғилаяпти. Ота –оналар бу тиббий тадбир учун Жиззах шаҳрида 100 сўмдан, Галлаорол, Бахмал районларида 150 сўмдан, Зомин, Фориш, Мирзачўл туманларида 200 сўмгача пул тўлашяпти. Болаларга манту синамаси қуйишга масъул бўлган вилоят Санитария – эпидемиология станциясига мурожат қилганимизда мактабларга фақат манту синамаси ажратилганини айтишди. – Шприцларни эса, тадбир ўтказилаётган мактаб худудидаги тиббий поликлиника таъминлаши керак, агар поликлиника ҳам шприц билан таъминлай олмаса, унда мактаб ота-оналардан ёрдам сўрайди, – деди вилоят СЭС ходимаси Мелигул Асқарова. Қизиғи шундаки, ҳали бирорта тиббий муассасаса ўзига қарашли мактабни шприц билан таъминлашни ҳаёлига ҳам келтиргани йўк. Вилоятнинг барча ҳудудларида, шприцлар ота-оналар томонидан сотиб олинаяпти. СЭСдан олинган маълумотга кўра, бугунгача мактабгача таълим ва мактаб муассасаларига 100 мингдан ортиқ Манту синамаси ажратилган. Хар бир синама учун ота-оналар 100 сўмдан пул тўлашаяпти. – Вахоланки, ўша шприц аптекаларда 30 сўм туради. Поликлиника ва касалхоналарда бепул берилади, – дейишади Жиззахлик ота-оналар. Жиззах вилояти ҳокимиятидаги ўз номини сир тутган ходимнинг айтишича, «Соғлом авлод» вилоят жамғармаси томонидан 2007-йил давомида 2,5 миллион сўмлик бир марта фойдаланадиган шприцлар Жиззахга олиб келинган. Бундан ташқари, турли хил бошқа тиббий-гуманитар ташкилотлар ҳам 1 миллион сўмликдан ортиқ шприцларни вилоятга ҳадя қилишган. Шунча шприцлар қани, болалар нега шприцларни сотиб олишлари керак, каби саволларга бугун Жиззахда ҳеч ким жавоб беришга кодир эмас. |