Ҳайратланиш!

Шероз Ҳайит.
«Бирдамлик» ҳаракати фаоли.

Хлопок

Болалик чоғларимда мен ҳам барча болакайлар каби ҳар нарсага ажабланиб боқардим, ҳайратланиб боқардим.
Атрофдаги барча нарсаларга, оддийгина кучукчага ҳам, бароқ мушукларга ҳам ҳайрат ила тикилардим. Ёшим улғайган сари мен кўпгина нарсаларга ёки ҳолатларга илгаригидек ҳайратланмайдиган бўлдим. Масалан кўчада иккита ит суяк талашиб, бир-бирини қопаётган бўлса ёки лойга ботиб қолган юк машинасини тортиб қуруғликга чиқараётган бўлса мен ҳайратланмасдим, болакайлик давримдагидек кўзларимни катта-катта очиб узоқ тикилиб турмас эдим.
Лекин энди мени бошқа нарсалар ҳайратлантира бошлаган эди. Масалан нега Орол денгизи қуриб кетишига йўл қўйиб берилгани, нега Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик эьлон қилиниши ёки пора билан ўқишга кирган талабалар очиқчасига:
–““Кўкидан” бериб ўқишга киридим”—деб айтиб юриши.
Мен бора-бора ҳеч нарсага ҳайратланмайдиган бўлиб қолдим.
Сабаб:
Мен Колледжга кириб таҳсил ола бошлагана илк кунларимдан-оқ астоидил, қунт билан ўқишни режалаштирган эдим. Дарсларни пухта ўзлаштириб тушунмаган мавзуларимни домлаларимиздан такрор ва такрор сўраб изланардим. 

Бу ҳол тахминана йигирма кунлар чўзилди. Кейин, йигирманчи сентиябрдан пахта ҳашари бошланди. Бизни Олис қишлоқ мактабининг спорт залига жойлаштиришди. Қизларни спорт залининг чеккасида жойлашган, спорт анжомлари солинадиган иккита омборхонага жойлаштиришди.

Тўғрироғи барча толиб-у толибаларни ўзлари жойлашишди. Колледжда директоримиз бизларга:
–“Сен у ерга ётасан сенлар бу ерга”—деб зах йил ўн икки ой зах бўлиб турадиган ерларни кўрсатишди. Мени ҳайратлантиргани талабалардан ҳеч ким:
–“Устоз бу ерларга қандай ётамиз, ахир шамоллаб қолишимиз мумкин-ку”—деб ҳеч ким айтмади.

Негадир мен ҳам айтмадим. Нега? Ўзим ҳам билмасдим. Пахта йиғим терим бошида қандайдир мароқли, қувонч-у шодликлар билан ўтиб кетадигандай туюлди менга, барчамизга.

Бироқ орадан ўн беш кун ўтиб ноябр ойи бошлангач бу қувонч-у шодликлардан асар ҳам қолмади. Кўпчиликнинг бўйраги, ўпкаси шамоллади. Касаллар сони кундан-кунга орта бошлади. Ҳаммамиз соғ-саломат бўлган вақтимизда ҳар куни келадиган коледжимиз директори энди ҳафтада бир-икки келадиган, кам пахта терадиган толиб-у, толибаларни аччиқ-аччиқ гаплар билан сийлаб кетадиган бўлди. Ҳеч ким пахта ҳашаридан бош тортиб уйига кета олмасди, сабаб: уни эртаси куни ўқишдан ҳайдашарди.

Мен илгари нега барча туман марказларида ҳаттоки олис қишлоқларда ҳам кўплаб лицей ва коледжлар қурилаётганини тушунмасдим. Кейинчалик англадимки, улар етук муттахасислар эмас балки кўплаб, тўғрироғи сон-саноқсиз қуллар етиштириш учун қурилаётган эди.

Бу каби ҳолатлар ёки бунданда баттарроқ бўлган ғайритабий ҳолатлар энди мени ҳайратлантирмасди. Сабабки мен Ўзбекистонда, Ўзбек жамиятида истиқомат қилардим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares