БМТ Бирмадаги вазиятдан хавотирда

20071004010200cnnimage_soldiers_beat.jpg

БМТ Бирмада ҳануз ҳибсга олишлар давом этаётганлигидан хавотир билдирмоқда

БМТнинг махсус вакили Иброҳим Гамбари Бирмага сафари хулосаларини Хавфсизлик Кенгашига тақдим этиб, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳолатларидан хавотирда эканлигини билдирган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг махсус мажлисида гапирган жаноб Гамбари, мамлакатда тун давомида ўтказилаётган рейдлар, оммавий ҳисбга олишлар ва одамларни ёппасига номаълум ерларга олиб кетиш ҳодисалари ташвиш туғдирмоқда, деб айтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисини очар экан, Бош котиб Пан Ги Мун Бирмада инсон ҳуқуқлари ҳануз топталаётгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирда эканлигини билдирди. Бирма хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган кўплаб кишиларнинг тақдири номаълум қолаётганлигини ҳам айтди.

Бирмага сафари натижалари ҳақидаги ҳисоботида жаноб Гамбари мамлакат раҳбарлари ҳибсга олинганларнинг аксарини озод қилишни ваъда берганларини билдирди.

Унга кўра, Бирма раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган кенг миқёсли намойишлар бир ҳовуч шахслар томонидан, жумладан, хориждан туриб, ташкиллаштирилганлигига ишонадилар.

Аммо, деган жаноб Гамбари, намойишлар мамлакат ичкарисидаги аҳвол ва қашшоқликдан норозилик туфайли эканлигига шубҳа йўқ.

Бирма ҳарбий диктатори генерал Тан Шве шу ҳафта жаноб Гамбарига мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чи билан учрашиш ваъдасини берган вақти не қадар самимий бўлгани ҳақида фикрлар турлича.

Генереал Шве Су Чи хоним Бирмага нисбатан халқаро жазо чорлари қўлловидан воз кечган тақдирда учрашиши мукминлигига ишора этган.

Аун Сан Су Чи 20 йилдан бери Бирмадаги демократик ҳаракатнинг рамзи бўлиб келган. Унинг раҳбарлиги остидаги Демократия учун миллий лигаси вакилларининг Би-би-сига айтишларича, агарда Тан Шве Су Чи хоним билан учрашмоқчи бўлса, аввалига уни уй қамоғидан ҳалос қилиши керак.

Айни вақтда АҚШнинг Бирмадаги элчиси мамлакат раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш арафасида эканлиги хабар берилган.

Манба: BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares