Манба:Би-Би-Си.
![]()
Ўзбекистонда пахта терими мавсуми давом этар экан, болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳануз давом этаётганлиги ҳақида хабарлар бор.
Маълумотларга кўра, айниқса, қишлоқ ҳудудларида мактаб ўқувчиларини пахта далаларига ёппасига олиб чиқиш ҳоллари кузатилмоқда.
Би-би-си Ўзбек Хизмати бухоролик инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Ғаниев билан боғланиб, болалар меҳнатини суиистеъмол қилиш ҳоллари билан боғлиқ вазият хусусида сўраган:
Шуҳрат Ғаниев: Бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керак, масалан, қишлоқ ҳудудларидаги болалар аксариятининг ота-оналари фермерлардир. Шу боис, бу болалар фақат йиғим-терим маҳалида эмас, балки-да чигит ерга қадалган вақтдан бошлаб даладан чиқишмайди. Лекин барибир шуни айтиш керакки, қишлоқ мактабларининг деярли барчаси сентябр ойидан бошлаб ёпилган ва улар бу йил ҳисобидан ҳалича бирон кун бўлсин, мактабга чиқмаганлар. Ўтган йилги мавжуд маълумотлар асосида гапирадиган бўлсак, пахта терими бўйича Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари етакчилик қилишган ва айнан ана шу вилоятлар пахта теримига олиб чиқилган болалар сони бўйича олдинги ўриндалар… Масалан, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларидан ташқари, бошқа ҳамма мактаблар, тахминан, 120 та мактаб ёпилган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан раҳбарларимиз болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларида ўша пайтдаги раҳбарларни, яъни ўтмишни айблашарди. Аммо биз афсус билан шуни айтишимиз мумкинки, бу соҳада ўтган 16 йил мобайнида кўп нарса ўзгаргани йўқ. Аксинча, болалар меҳнатини тақиқловчи қонунларнинг мавжудлигига қарамай, мактаб ва олийгоҳларнинг ўқувчиларидан «биз кўнгилли равишда пахта теримига чиқмоқчимиз», деган аризалар ёздириб олиниб, сўнгра уларни далага олиб чиқиш ҳоллари кузатилмоқда.
Би-би-си: Суҳбатимиз бошида қишлоқ ҳудудларидаги болаларнинг ота-оналари фермерлар экани ва улар ўз ота-оналарига ёрдам бериш учун далага чиқиб ишлаётганликларини айтдингиз, агарда улар буни оилаларига ёрдам сифатида ҳақиқатдан ҳам кўнгилли равишда қилаётган бўлишса, мавжуд ҳолатни қонуний деб айта оламизми?
Шуҳрат Ғаниев: Давлат ҳар бир ёш болага бепул бошланғич таълимни таъминлаш мажбуриятини қонуний равишда ўз бўйнига олган. Демак, ёш бола ўз хоҳишига қарабми ё-да қарамай, мактаб партасида ўтиришнинг ўрнига далада юрган бўлса, бу -конституцион қонунларнинг тўғридан-тўғри бузилишини англатади. Бунинг учун масъулият давлат ва ота-онанинг зиммасида бўлади.
Би-би-си: Ўқувчилардан ариза ёздириб олиб, пахта теримига олиб чиқиб кетилаётгани ҳолларини айнан қаерларда кузатгансиз?
Шуҳрат Ғаниев: Бизда Бухоро Тиббиёт олийгоҳи, Технология олийгоҳи ва Бухоро Университети талабалари орасида шундай жараён амалга оширилгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Мактаб ёшидаги болалар мисолида ҳозирча бундай ҳолларга гувоҳ бўлмадик, лекин буни фақат Бухоро вилояти мисолида айтаяпман.
Би-би-си: Болалар меҳнатидан фойданиш Ўзбекистон қонунларида ман қилинган экан, расмийлар томонидан сиз айтаётган ҳолларга чек қўйиш ҳаракатлари кузатиладими?
Шуҳрат Ғаниев: Ҳар ҳолда бу каби ҳаракатлар вилоятларда кўзга ташланмайди. Йилдан йилга баъзи расмий нутқларда, матбуотда қайсидир маънода бу муаммо кўтарилаётгандир, аммо амалий ҳаракатлар йўқ. Масалан, ўтган йили матбуотда бир қатор дадил чиқишлар бўлди, Самарқандда пахтага чиққан болаларнинг ўлими ортидан бу каби ҳолатга чек қўйилиши кераклиги борасида айтилди, лекин ўзгаришлар, қандайдир натижалар, расмий доиралар томонидан бирор-бир муносабат ҳам йўқ.



