ёхуд Жиззах вилоятига сафаримизда юз берган кўнгилсизликлар ҳақида.
Акромхўжа Мухитдинов.
Ўзбекистон Республикасидаги
“Бирдамлик” харакати лидери,
инсон хукуклари химоячиси.
![]()
Жиззахдан не-не олиму фузалолар чиқмаган. Негадир шу макон ҳақида гап кетса, беихтиёр марҳум Шароф Рашидов кўз олдимда гавданади. Бу халқпарвар инсон қатор қардош Республикаларни қулликка гирифтор этиш ниятидаги Совет тузумида ҳам ўз юрти учун жон куйдирди. ССРИ дан ўзбекнинг улушини ажратиб ола билди. 1965 йилдаги Тошкент зилзиласида пайтахтнинг такрор қурилиши, метрополитен, Мирзачўл ва Қарши чўлларининг ўзлаштирилиши… буларнинг бари тарих саҳифалари ва эл хотираларига муҳрланган, абадул-абад унитилмайди.
Биз Ўзбекистон ичидаги муҳолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари Ватан ичида бирон жойга эркин бора олмаймиз. 22-сентябр куни Жиззах вилоятига ёлғиз ўзим бормоқчи эдим. Бу режам ҳақда телефон орқали айрим дўсларимиз билан маслаҳатлашиб олгандим. Бугунги кунда ўзаро суҳбатларни ҳам эринмай эшитадиган ҳукуматчиларга шу сабаб ҳам сафарим маълум бўлган.
Ярим тунда Тошкент-Нукус катта трассасида ўз машинамда кетаётганимда, айни кўприк устига етганимда, кутилмаганда бошқа бир машина йўлимга чиқиб, машинамни чекага сиқиб чиқарди. Улар мени 7,5 метр қуйига тушиб кетди, деб ўйлашди, шекилли, зумда кўздан йўқолди. Худонинг иродаси билангина омон қолдим. Машинам бориб бетон тўсиққа урилди.
Икки кундан сўнг ўша мўлжаллаган сафарга сафдошим Елена Урлаева ҳамроҳ бўлди. Мақсадимиз — вилоятда пахта йиғим-теримини кузатиш ва бирров у ерлик “Бирдамлик” ҳаракати аъзоларидан хол-аҳвол сўраб қайтиш эди. Елена Михайловна ўзининг 3 ёшли ўғли Мухаммадни ҳам олиб чиққанди. Тағин, ҳалқаро ташкилотлардан бирининг таклифи билан йўл-йўлакай пахта теримида қатнашаётган болаларга ижтимоий ёрдам сифатида уст-бошлар ҳам олган эдик. Лекин, Жиззах шаҳрига киришимиз биланоқ бизни таъқиб қилишаётганини пайқаб қолдик.
Дастлаб излаб борганимиз Мустонов Баходирни уйидан топа олмадик. Бизни “Жигули” русумли 07-маркали ва давлат рақамлари ечиб олинган автомобил таъқиб қилмоқда эди.
Биз рўпарадаги хокимият биносига кириб кетдик ва ҳоким қабулига кирмоқчи эканлигимизни, пахтага ўқувчилар жалб қилиняптими – йўқми, шуни билмоқчилигимизни айтдик. Бу ишимиз осонликча битмаслигини билардик. Шундай бўлди ҳам. Кейин Пахта штаби ва вилоят Статистика бўлимларини сўрадик. У ердагилар бизнинг қизиқишларимиз бўйича маълумот бера олмаслигини айтишди. Ночор ҳокимият биносини тарк этдик.
Ишимиз юришмаётганидан кўнглимиз ғаш эди. Биз кира қилганимиз, “Нексия” автомашинаси ҳайдовчисига Пахтакор туманига ҳайдашни сўрадик. Эндиги мақсадимиз “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Саида Қурбоновани излаб топиш эди. У яшайдиган Пахтакор туманининг “Навбаҳор” қишлоғида Саиданинг уйига яқин қолганимизда икки киши (улар фуқаро кийимидаги миршаблар эканлиги аниқ), ва уч нафар аёл қўлларида калтак тутганча кира қилган таксимизнинг йўлини тўсишди. Беихтиёр бундан тўрт йиллар буран Жиззах шаҳрида ўтказилган норозилик пикетлар ҳақда ўқиганларим ёдимга тушди. Унда номойишчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ёлланган фоҳишалар томонидан бир неча бор калтаклатилганди. Бу уч аёл ҳам афт ангоридан худди шу фоҳишаларга ўхшарди.
Улар қўлларидаги калтаклар билан таксини уриб пачақ қилиш дағдағасини қилгач, Нексия шофёри бизни ташлаб қочиб қолди. Уч аёл бизни Саида Қурбонованинг уйига киритмай, йўлимизни тўсиб, уриб калтаклай кетишди. Саиданинг ўғли Мансур бизга ёрдамга чиқиб келди. Аёлларнинг ҳамлаларини қайтариб, Елена Урлаеванинг ўғли билан Саиданинг уйига киришига имкон яратиб бердим. Аёллар шаллақилик қилар, бизни “ватан хоини” ва бошқа уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилишардилар. Бир пайт қаердандир яна икки – уч аёл ва 9-10 ёшлар атрофидаги ёш болалар келишиб, улар ҳам бизга ёпишиб, калтаклай бошлашди. Елена Урлаевани уйдан олиб чиқдилар. Аёллар унга ташланишди. Улардан бири Еленанинг сумкасини тортиб олди. Унда 23 минг сўм пули, қўл телефонини ва бошқа анжомлари бор эди. Кейин улар менга ёпишдилар ва чўнтагимдаги 159 минг 600 сўм пулим ва қўл телефонимни тортиб олишди. Сайиданинг ўғли Мансур қўшнилари “Бирдамлик” ҳаракатининг аъзоси Ҳусан Азмиддиновни ёрдамга чақириб келди. Ҳусан ва Мансурлар ҳамқишлоқларини инсофга чақирмоқчи бўлишди, лекин бу аёлларга гап кор қилмасди.
Урлаева боласини кўтариб қочишга тушди. Ҳеч қанча юрмай икки аёл уни қувиб етди ва калтаклай кетишди. Мен аёлларга: “Сизлар талончилик, жиноят қилаяпсизлар. Бунинг учун қонун олдида жавоб берасизлар!”-дедим-да, Ҳусан ва Мансурга участка нозирини чақиришни сўрадим. Аёллар эса: “Биз милициямиз бу ерда. Ани — участка нозири, милициялар ўтирибди. Улар сизларга ёрдам бермайди”-деб кун бўйи бизни таъқиб қилган номерсиз оқ рангли Жигулини кўзатишди. Миршабларнинг бу толончилик ва жиноятларни машина ишчида туриб, жим кузатишларидан ҳам билса бўлардики, бу аёллар айнан ИИБ томонидан ёлланишган.
Чўнтак телефонимни аёлларнинг қўлидан тортиб олишга муваффақ бўлдим. Улар бизни чўл томонга кетасизлар, деб чека томонни кўрсатишди. Йўлга томон юрсак, яна йўлимизни тўсиб, шаллақилиқ қилиб, уришарди. Бир амаллаб йўлга чиқиб олдик ва биринчи машинани тўхтатиб пасёлкадан узоқлашдик. Жиззах шоҳбекатидан кира ҳақини уйда бериш шарти билан такси кира қилдим. Чунки Елена Михайловна ҳам, мен ҳам бор будимиздан айрилгандик.
Ўша куни тунда бутун баданим қақшаб оғриди. Елена Михайловнадан хол сўраб сим қоқдим. Ярим тун бўлишига қарамай у ҳам оғриқлари зўридан ухламаган экан. “жуда ёмон калтаклашибди”-ёзғирди Е. Михайловна.
Эртасига Ички Ишлар Министрлигига бордик. У ердагилар аризани воқеа жойига, Жиззахга бериш кераклигини айтишди. Бу томони энди, ҳаммага таниш холат. Тез ёрдам врачлари жароҳатимизни кўрди. Лекин, телефони жиринглаб, ким биландир суҳбатлашгач хақиқатни “сигналный лист”га ёзмади.
Кечқурун Жиззахлик фаол аъзомиз Хамроев Бахтиёрга воқея ҳақида маълум қилдим. “Озодлик” радиосига бу ҳақда интервью бердим. Кейинги кун Жиззахдан Мустонов Баходир, ундан сал кейинроқ Саида Қурбонова телефон қилиб, биздан ҳол ахвол сўради. Саида ўша воқеа пайтида пахта даласида эканлигини айтиб, бўлиб ўтган кўнгилсизликлар учун, гўё ўзи айбдордек кечиримлар сўради.
Яна ўша ердаги бошқа аъзоларимиздан бири ёлланма фоҳиша кимлигини аниқлаганини бизга маълум қилиб, сим қоқди. Улар: Лайло Қўзиева, Дилором Рахматуллаева ва Дилбар Рустамовалар эканлиги маълум бўлди.
Жиззах маъмурларининг Жиззахлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши найранглар “ижодкори” эканлиги ОАВ лар орқали дунёга маълум. Бу ерлик ҳақиқатчилар Толиб Ёқубов, Эгамназар Шайманов, Бахтиёр Хамроев, Улуғбек Ҳайдаровлар ёлланган фоҳишалар ҳужумларига кўп бора дуч келганлар. Жиззахлик маъмирларнинг бугун ўзларини ва ҳукуматларини фоҳишалар кўмагида қўриқлаётгани ҳам манфур тузимнинг қаёққа кетаётганини англатади.
Тошкент. 27. 09. 2007 й.



