- Шероз Ҳайит
“Бирдамлик” ҳаракати фаоли
Кеча эшитдим, юртимизда президенлик сайловига тайёргарликлар авжи палласига минибди. “Озодлик”дан эшитдим, сайлов олди ташвиқотлари бошланибди. Эски ҳаммом, эски тос…..
Амалдаги режим яна бир-бор президенликга давогарлик қилмоқчи. Ҳеч ким айтмаган бўлсада, ҳеч қаердан эшитмаган бўлсамда билардим, амалдаги қонхўр яна бир-бор президенликга давогарлик қилишини.
Мен яқиндагина юртимни тарк этганим учун юртимиз ичидаги паст-у баландини яхшироқ билганим учун, биламанки Ўзбекистонда бу янгилик ҳеч кимни ҳайратлантирмайди. Бирорта киши:
–“Ҳой бу нима гап? Бирлашайлик, бирдам бўлайлик! Қонхўрдан халос бўлиш вақти келди-ку ахир!”—демайди. Қўрқади. Қўрқоқгина ўзбекнинг хаёлига келмайди. Бу гапларни мен айтмасам-да, сиз мендан кўра яхшироқ биласиз.
Лекин сиз-у биз билмайдиган яна бир ҳолат борки—бу ўсиб келаётган янги авлод юрагидаги қўрқув. Илтимос менга:
–“Кечирасиз жаноб Шероз Ҳайит, биз буни сиздан-да яхшироқ биламиз”—деб айтманг.
Тўғри,сиз ўзбекларга қўрқув ҳисси ҳамиша ҳамроҳ бўлишини биласиз.
Кимдир буни Сталин даврида амалга оширилган реприция асорати эканлигини айтади, кимдир нафақат Сталин қатоғони балки ундан кейин ҳам такрор ва такрор амалга оширилган улкан қатағонлар сабабчи дейди.
Хўп, яхши (қатоғонлар амалга оширилгани яхши эмас албатта) шундай экан нега янги авлод ҳам қўрқув ҳиссини ҳис этиб вояга етмоқда?Ахир улар Сталин қатағонидан ёки “Пахта иши”дан жабр кўришгани йўқ-ку.
Мен кўп кузатганман, гувоҳ бўлганман: янги авлод, “мустақиллик”дан сўнг таваллуд топган, мўйлаби сабза урган йигитлар ҳам, улкан орзулар оғушида вояга етаётган навқирон қизлар ҳам жуда ва жуда қўрқоқ бўлиб вояга етишмоқда.
Уларнинг ҳам юрагини қўрқув ҳисси чангаллаб олган. Улар ҳам “қуён юрак”, худди ота-оналари каби. Нега бундай? Балки қўрқув ҳисси сиз-у бизнинг, дўст-у биродарларимизнинг, барча-барчамизнинг қон-қонимизга сингиб кетгандир.
Сиз-у биз барча-барчамиз фаровон ҳаёт сари интилишимиз керак. Фаровон ҳаёт учун эркинлик керак. Эркинликни қўлга киритиш учун бирдамлик керак. Бир ёқадан бош чиқариб тахтда ўтирган қонхўрга қарши курашмоғимиз керак. Юртдошлар келинг ОЗОДЛИК учун курашайлик ва бу курашда ғалаба қилайлик зеро қўрқув ҳисси бизга, ўзбек миллатига қабргача ҳамроҳ бўлмасин.



