“АБЖАБОР ЗАКОН” : ПРЕЗИДЕНТГА ЛАЪНАТ! (“Президентга лаънат” ҳикоялар туркумидан)

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ.
«Бирдамлик» ҳаракaти фаоли.

gofurjon-yuldoshev.jpg

“Абжабор закон” Мамарайимнинг маракасига тунд кайфиятда кириб келди. Тенгдош қарияларнинг қаторига ўтираркан, “уста Жумавой”:
– Ҳм, “закон” мишқинг пастроқ? – дея сўради.
– Қисталоқ каламушдан тўйдик-да! Супрани тешиб кетибди, – деди қўл силтаб “Абжабор закон”.
– Ҳа-э, шунга шунчами, бошқа жойингни тешмабди-ю! – хазиллашди “Азамат аравакаш”.
– Индамай турсанг унисини ҳам қилади бу энангни эмгур! – деди “Абжабор закон”.
– Аммо-лекин ёмон ақилли-да, бу каламушлар, – деди “Козим зовуд”: – Бир ҳафтача бўлди, туш маҳали чорпояда ётгандим. Кўзимни қирига илашди-да, тепада бир нарса қимирлаётганга ўхшади, қарасам устимдаги узумнинг сўртагини оралаб каламуш кетяпти. Ургани тош-ғишт ахтариб атрофга аланглагунимча, каламуш пишган узумни ёнига етиб борди. Думини айлантириб узумвошнинг тагига бир урганди – узилди-вей! Ҳалигини иккала олди оёғи билан ўзига қисиб, орқа оёқларида арматуранинг устида бемалол юриб кетаяпти! Гапнинг очиғи, тан бердим. Урмийман-э, кетавур дедим!
Қариялар енгил кулишди. Каламушларни кўпайиб кетгани, унга қўйилаётган ҳар ҳил тузоқлар ҳақида гаплар бошланиб кетди.
– Хитой хукумати боплаган, газетада ўзим ўқидим, – деб қолди “Мирза малим”. – Ким каламуш тутиб келса жон бошига ўзларининг пулига қанчаданам тўларкан. Каламушнинг ўлигини, тиригини қабул қиладиган қабулхоналар очиб қўйишибди.
– О-о-ве-й, агар биздаям шунақа бўлгандами, бир ҳафтада каламушнинг зоти қирилиб кетарди, – деди “Абразақ балиқчи”. – “Закон” ўзинг ҳам ома-лекин бола-чақаларинг билан ухламасдан каламуш тутиб, давлатга топширардинг. Кўрибсанки, бир ҳафтадан кейин битта “Тико”ни миниб юрибсан-да!
– Э бўлди, сувдан чиқ-э! Бу ёғини балиқ тутиш қивординг! – деди “Абжабор закон”.
– Ҳа-нима, тутмасмидинг? Мана мени ўзим ҳам каламуш тутиб, топширардим, агар ашнақа бўлганида. Тайёр пул-ку! Ҳозир каламушни ўлдириш бепул бўлганига хафсаласизлик қиляпмиз-да, агар пул тўлайман десин, бутун Анжандамас, бутун республикада каламушнинг уруғини ҳам тополмай қоласан.
– Унда сени ҳам одамлар “балиқчи” дейишмай қўйишарди. “Абразақ каламуш” бўлардинг!
Даврада енгли кулги кўтарилди.
– Ҳов “каламуш” менга қара, неччага кирдинг сен ўзи ? – деб сўради “Абжабор закон”.
– Ия-э, энангни қорнидан кеча тушдингми? – деди саволга савол билан “Абразақ балиқчи”.
– Ҳа энди, олтмиш бешга кирган одамга ўхшаб гапирмаганингдан кейин, шунақа дейман-да! Бу “барака топгур” президентингни ҳукумати қачон халққа ёлчитиб пул бериптики, каламуш топширсанг нақ тутқизиб қўйса! Пахта билан пилланинг пулини ёлчитиб бермайди-ю, каламушга пул тўлайдими?! Мундоқ ёшингга мослаб, каллани ишлатиб гапиргинда!
– “Закон” деганича борсан-да. Гап келганида бир гапирдим-қўйдим-да…
– Шу телевизорга чиқволиб, “барака топгурлар”,- деб бошлайди – тамом, юрагимни ховучлайман, эртага ё индинга яна нимадир қимматлайди-ёв, дейман, – давом этди “Абжабор закон”, “Абразақ балиқчи”нинг гапини бўлиб: – Қул бўлсак ҳам бундан ўша СССР замони минг марта яхши экан. Ҳозир қўшнингникига чиқиб битта нон сўра, берармикин? Берса-ям оғриниб туриб беради. Тунов куни Олтинкўлдаги холаваччамизникига бориб келдим, Омадбек деган, бизникига ҳам тўй-маркаларда келиб юрарди, танийсизлар – ўша жинни бўлиб қолибди. Бешта боласи бор, ҳаммаси ейман-ичаман дейдиган ёшда. Келин бечора, йиғлаб гапириб берса, охирги пайтлари битта нонни бешга бўлиб берарди, шу билан бир кунни ўтказардик дейди-вей!
– Ҳа қийин бўлиб кетди, – деди “Азамат аравакаш” бошини ликкиллатиб.
– Шундоқ деймиз-у, одамнинг ўзи ҳам бундоқ бир ҳаракат қилиши керак-да, – деди “Урайим хожи”. – Мана мени ўғлим Жўравой ҳаракат қиляпти, топяпти, топган пулидан бизни хожига жўнатди, худойимга шукр, хаж зиёратини бажардик. Бунга кетган пулни …ҳў-ҳўв…
– Ҳўв хожи! – деди тенгдошининг гапини бўлиб, “Абжабор закон”. – Шу қишлоқда икки ярим минг одам бор-а? Шундан нечтаси хажга бориб келди?
– Ҳа-энди…имконияти борлар…боряпти…-деб чайналди “Урайим хожи”.
– Икки ярим минг одамдан тўрт киши хажга бориб келди, – деди “Абжабор закон”. – Шулардан бири “Жамол хожи” – у ҳақиқатдан уйида мол боқиб, шуни пулига бориб келди. Иккинчиси – “Шамси хожи”, бу туғилганидан бери бўғолтирлик қилиб ишлаган, колхозчининг ҳақидан уриб қолиб, тўплаган пулига хажга бориб келди. Унинг хажини худойим қандай қабул қилади, ўзи билади.
– Ҳўв “закон”, ўзи йўқ одамни ғийбат қилмайлик! – деди “Урайим хожи”.
– Бу ғийбатмас, агар керак бўлса, мен буни ўзининг олдида ҳам айтаман, – деркан, “Абжабор закон” гапида давом этди. – Аслида “Шамси хожи”нинг туғишган акаси – “Мирза маймоқ”ни тўртта боласи бўйига етган, уй солишга пули йўқ, зўрға кун кўряпти. “Шамси хожи” хажга боргунича ўша акасининг болаларини тўйини қилиб берганида, кўпроқ савоб бўларди.
– Ҳов-ҳов, бу гуноҳ азим! – деди “Урайим хожи”. – Хажга бориш худойим томонидан айтилган….
– Нима гуноҳ бўлишини сиздан кўра ўзим яхшироқ биламан хожи ака! Мен гапимни тугатиб олай бўлмасдан тур, хўпми?! – деди “Абжабор закон”. – Қишлоғимиздан учинчи бўлиб хажга борган одам – “Карим хожи”. У колхозда одамларга ер ўлчаб берарди, тўғрими? Шахсан менда керак бўлса далиллар бор, олти сотих ўрнига салкам ўн беш сотих ер ўлчаб бериб, қанча пора олганини керак бўлса исботлаб бераман….
– Ҳов, оғзим бор деб гапираверсанми! – дея “Урайим хожи” чидаёлмай ўрнидан туриб кетди.
– Ҳе-й, қўйинглар энди, – деди “Азамат аравакаш”.
– Ҳе-э, нима кераги бор, шуни маврудими хозир, – деди “Мирза малим”.
– Бу “закон” ўлмайди! Дунёга устун бўлади бу! Нариги дунёни ўйласангчи! – деди “Урайим хожи” тик турган жойида.
– Ҳа-а-а! Ирғишла! Ирғишла!! – деди “Абжабор закон”. – Сен ўзи нариги дунёни ўйлаб қачондан бери намоз ўқийдиган бўлиб қолдинг-а?! Наша чеккан даврингни ҳамма билмаса ҳам мен яхши биламан-а, сен мени тилимни қичитма, бўптими?! Қолаверса, бу ердагилар бегона эмас, сени олдин “Урайим шил” бўлганингни-ю, энди “Урайим хожи” бўлиб қолганингни ҳаммамиз беш қўлдай биламиз.
– Ҳов, қўйинглар энди, шу гапни маврудими хозир? Маракада ўтирибмиз-у, – деди “Козим зовуд”.
Лекин “Абжабор закон” гапида давом этди:
– Ўғлинг Жўравой – прокурорни айтдиг-а хозир? Бизни хажга жўнатган деб, а?! – деди “Абжабор закон”. – Эсингдами, “Зайноб табилчи”ни ўғли тухмат билан қамалиб қолганида, иккаламиз бирга ўғлингни олдига борганмиз? Саккиз минг доллар бўлса қутилиб кетади, деб пора сўраган ўша ўғлинг – Жўравойингмиди, а? Ўшнақа пораларнинг эвазига сен хажга бориб келиб, энди одамларга гап бермай қўйдинг мана…
“Урайим хожи” гезариб кетди. “Абжабор закон”га қараганча тишларини бир бирига босиб ғазаб билан тикилди.
– Сен менга бунақа қарама! Гапларим ёлғон бўлса айт! Лекин бунақа гўлайиб қарама! – деди “Абжабор закон”. – Виждонинг бўлса, қишлоғимизда бугун икки ярим минг одамдан қанчаси оддийгина нонга зор бўлиб ўтирганини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олаётганингни тан ол! Худойим айтган хажга бориб келдим деб бировга гап бермайсан, худойимини олдида тан олиб айтчи: қишлоқда бугун 70 фойиз одам оддийгина нонга зор бўлиб яшаётганини наҳотки билмаётган бўлсанг, а?!
– Сен бунақа сиёсат юргизма, – деди “Урайим хожи”. – Президентимиз ҳаммага меҳрибор. Мана хозир ҳам иложи борича камбағалларга меҳриборлик қилаяпти…
– Ҳо-о-раҳм-а-ттт! – деди “Абжабор закон”. – Бундан кейин президентнинг номини айтадиган бўлсанг, олдиндан сал ишора қилиб қўйгин, мен аскарга ўхшаб,ўрнимдан тик-клан-н-и-б тураман! Ўша сени барака топгур президентингни меҳрибончилиги шу бўлса, меҳрибончилик қилмаганда, Анжан халқининг ҳаммаси қирилиб битарканда-а?! Тупирдим ўша президентингга!
– Бу гапингга ҳали жавоб берасан! – деди “Урайим хожи” ва шарт даврадан чиқиб, тез одимлар билан кўча томон юрди…
Мамарайимнинг маракаси ўтган кунни эртасига қишлоққа автобус келди. “Абжабор закон”ни дарвозаси олдида тўхтаган автобусдан қора ниқобли, каска ва броножилет кийган бир гуруҳ аскарлар автомат ўқталиб югуриб тушди. Киноларда кўрсатганидай – қаршидан ўқ келиб қолса дея бошини эгиб, гавдасини букиб олган аскарлар “Абжабор закон”нинг ҳовлисига югуриб киришди. Ичкарида қандай вазият бўлганини ҳали ҳануз ҳеч ким билмайди. Фақат ўша маҳали тасодифан кўчада бўлганларнинг айтишига кўра, ҳовлидан сулайиб қолган “Абжабор закон”нинг оёқ-қўлидан икки аскар кўтариб чиққан ва автобус ичига итқитган.
Кўйлаклари йиртилган, оқ соқоли қонга бўялган ва автобус ичига гурсиллаб тушганида-да, қимирлаб қўймаган “Абжабор закон”ни ўша куни ҳамқишлоқлари ўлди деб ўйлашган экан. Лекин “Абжабор закон” хозир “борса-келмас”даги қамоқхонада. Яқинда, қариндош-уруғдан ва танишларидан қарз-хавола қилиб, отасини кўриб келган ўғлини айтишича, “Абжабор закон”: – “Ўладиган ахмоқ йўқ! Лаънати президентни ўлди дейишмагунича ўлмайман! Тўғри, бу ерда тирик қолиш учун ит гўштини-ям еяпман, лекин бари бир то президент лаънатини ўлди дейишмагунларича энди ўлмайман! Ҳали “Урайим хожи”ни ҳам бориб, кекирдагини тишим билан узаман! Ҳамқишлоқларга айтиб қўй, мен худойимнинг суйган бандасиман, мендан олдин ўша лаънати президентни жонини олади!” – деганмиш.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares