Туркманистоннинг янги президенти Америкада.

Малкольм Хазлет.
Лондон.

turkmaniston-prezidenti.jpg

Газга бой Туркманистон яқин-яқингача ён-атрофга шубҳа билан қараб келган, ташқи дунё учун ёпиқ мамлакат эди.
Бироқ мамлакатнинг янги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов марҳум Сапармурод Ниёзовнинг сиёсатини секин-аста қайт кўриб чиқаётир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида маъруза билан чиқиш учун Америкага борган ва АҚШ Давлат котибаси Кондолиза Райс билан учрашуви режаланган жаноб Бердимуҳамедов Туркманистонни дунёга очишга ҳаракат қилаётгандек кўринади
Туркманистон ўзининг битмас-туганмас газ ва нефть заҳиралари билан Марказий Осиё учун улкан қудрат талашувининг асосий марказига айланди.
Шу йил аввалроқ азалдан минтақадаги асосий етакчки куч – Россия янги Туркман раҳбариятини муваффақият билан ўз таъсири остига киритиб олгандек кўринганди.
Май ойида Москва Тукрманистон ва – минтақадаги яна бир нефтга бой давлат – Қозоғистон билан Каспий қирғоқларидан Россия орқали жаҳон бозорига чиқувчи янги қувурни қуриш бўйича шартнома имзолади.
Ўшанда Каспий газини Россия ва Эронни четлаб ўтиб Озарбайжон ва Гуржистон орқали ғарбга олиб чиқишни кўзлаган Америка умидлари елга кетгандек бўлганди.
Аммо ўшандан буён туркман ва қозоқ президентлари Россия ҳудуди орқали ўтувчи қувурлар бошқа, жумладан бу мамлакатларни Озарбайжон билан денгиз ости орқали улайдиган йўлларни чеклаб қўймаслиги кераклигига бир неча бор ишора қилишди.
Озарбайжонга қаз қувурини ётқизиш режаси Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг икки ҳафта муқаддам Туркманистонга қилган сафари чоғида тасдиқланди.
Айни дамда Оврўпо Иттифоқи ҳам Россияни четлаб ўтувчи Кавказ йўлагини яратиш режаларини дастаклашга майл кўрсатмоқда.
Оврўполиклар Россия билан яхши алоқаларни сақлаб қолишни исташса-да, кўплар Россиянинг Марказий Осиё қувур йўллари устидан ўрнатган яккаҳокимлиги Ғарбни Россияга қарам қилиб қўйишидан хавотир билдиришади.
Президент Бердимуҳаммедовнинг Қўшма Штатларга сафари олдидан Туркманистон давлат расмийларидан иборат ҳайъатнинг энергия соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун Вашингтон ва Техасга боргани хабар қилинди.
Туркманистон раҳбари ва АҚШ давлат котибаси Кондолиза Райс ўртасидаги музокаралардаги асосий мавзу энергия олди сотдисига бағишланади.
Туркманистоннинг янги раҳбари яқинда «ҳақиқй демократия» сари янги қадамлар ташланишига ишора этди.
Ўтган жума куни Туркманистон президенти собиқ президентнинг «бетарафлик» сиёсатини давом этттиришини эълон қилди ва «дунёнинг барча мамлакатлари билан» яхши алоқаларни ўрнатиш йўлларини излашини айтди.
Аммо ҳозирда ўтмишдагидан фарқ шуки, эски раҳбар ўзининг эгоцентрик ва бировларга ишонмаслик сиёсати туфайли ҳам Россия ва ҳам Ғарбдан узоқлашишга мувафақ бўлган эса, жаноб Бердимуҳаммедов барча билан ҳамкорлик қилишни истаётгандек кўринади
Манба:Би-би-си.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares