27 сентябр-Рауф Парфи ЎЗТУРК таваллуд топган кун!

“ҚАЧОН УЙҒОНАДИР ХАЛОСКОР ДАҲО?                           
БИР ЖАҲОН ҚУЁШГА ЧУЛҒОНИБ КЕЛУР!..”
“Майлига, ҳайқирай иймоним ҳаққи,
Кўкларга ёлбориб солайин уввос.  
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман, холос!
”Рауф Парфи ЎЗТУРК

rauf-parpi-rafiqasi-bilan.JPG
Суратда: Ўзбек Халқининг шоири Рауф Парфи ЎЗТУРК рафиқаси Сулҳида Хоним билан. (Тошкент, 2003 йил)Бу икки Инсон-Рауф ПАРФИ ва Сулҳида Хоним ЁЛҒИЗнинг турмуш тарзларини негадир Аюб алайҳи-с-салом ва ул зотнинг завжалари-Раҳима онамиз турмушларига қиёслагим келади: манбаъ-лардан маълумки, Ҳақ Таоло ва таборака ўз пайғамбари Аюбнинг садоқатини намойиш этмаклик учун унга бир неча машаққатли синовларни юборади.

Чунончи, турар жойдан маҳрум этади, фарзанддан жудо қилади, юпун-ночор қолдиради! Шундай синовга Аюб алайҳи-с-саломнинг рафиқаларидан фақат биргина Раҳима онамиз чидаш бериб, эр хизматидан оғринмайдилар. Қолган рафиқалари эса, пайғамбарнинг осойишта кунларида унинг обрўси соясида яшаган дамларини ёддан чиқариб, оғир ва ночорликда қолган эр хизматидан оёқ тортадилар…Рауф Парфи ЎЗТУРК бу фоний дунёда Яратганнинг синовларидан толиқмади, айниқса, умри-нинг сўнгги ўн йили синовларга, чекловларга тўла кечди. Шундай дамларда уни тарк этмаган, кечаю кундуз ҳамроҳу ҳамнафас бўлган ягона инсон рафиқаси Сулҳида Хоним эди! Бу АЁЛ нафақат ҳамроҳу танмаҳрам, балки Шоирнинг суянч кишиси бўлганлигига зарра шубҳа йўқ! Энг эътиборлиси, Шоир вафотидан кейин унга, унинг маънавий меросига ҳақ-ҳуқуқ даъво қилмаган Инсон ҳам Сулҳида Хоним бўлса керак! Негаки, у билан аввалги суҳбатларимиздан бирида мен шу масалага ойдинлик киритмоқчи бўлганимда, Шоирнинг ўзидан-да хокисор бу АЁЛ қисқагина-эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб шундай деганди:

“Биз Рауф Парфини талашишимиз эмас, балки ХАЛҚҚА беришимиз, англатишимиз шарт! Мен шу мантиққа амал қилганман ва шу фикримда қоламан!!!”

Устоз таваллуд топган кун арафасида Сулҳида Хоним билан яна бир бора кўришиш истаги туғилди. Нафақат кўришиш, балки Рауф акани хотирлаб, У ҳақда суҳбатлашиш иштиёқи бизни такрор учраштирди. Қуйида шу учрашув ҳосиласи-суҳбатни азиз Ватандошлар эътиборига ҳавола этаман.

————————————————————————————————————————-

-Сулҳида Хоним, Сизнинг Рауф Парфи билан учрашувингиз ва турмушдошлигингиз қачондан бошланган?

-1995 йилнинг кеч кузи эди. Пойтахтнинг Навоий кўчасида жойлашган ошхонада Рауф акани кўриб, яқин бордим ва салом бердим. Ҳеч кутилмаганда у киши “Сулҳида, келдингизми?” дедилар. Ҳайратдан қотиб қолдим. Аҳволимни тушундилар чоғи, ён чўнтакларидан менинг суратимни чиқариб, ўзимга кўрсатдилар.

-Сурат қандай қилиб Рауф акага келиб қолган?

-Фарғоналик Ҳамидулло исмли мухбир йигит менинг шеърий машқларимни ва суратимни Рауф акага келтириб берганидан хабарим бор эди, лекин Устоз уни ёнларида олиб юришлари мумкинлиги…мен учун ҳеч ўйланмаган ҳолатдир.

-Ўзингиз-чи, Рауф Парфини бунгача сира кўрганмидингиз?

-Фақат суратларини кўргандим. Дадам қайси бир журналда чоп этилган Рауф Парфи шеърларини ва суратини кўрсатиб, Унинг буюк шоир эканлигини қайта-қайта таъкидлагандилар!

-Яна илк учрашувингизга қайтсак; Рауф ака суратингизни кўрсатгач, суҳбат қандай давом этди?

-У кишининг таклифлари эсимда, шундай дегандилар: “Бу йил Онамни йўқотдим, онам бўлмайсизми?..” Биргина шу таклиф боис ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида мен У кишининг холисона хизматида бўлдим…

-Рауф Парфи билан кечган умрингиздаги энг оғир дамни эслайсизми?

-2002 йил қиш охирлари—баҳор бошлари! Аллоҳ бизга қиз фарзанд ато қилганди. Рауф ака севина-севина қизчамизни Оналари хотирасига САКИНАХОНИМ деб исм қўйгандилар. Қизчамиз нобуд бўлди…

-Рауф ака ўз турмушидан (турмушдошидан эмас!) сира нолиганми?

-Ҳеч қачон шахсий ҳаётидан нолиб сўзлаганларини, умуман нолиганини эшитмаганман. Унинг учун ўз турмуш ташвиши эмас, эл-улус ташвиши мазмун касб этарди!

-Кейинги вақтда, аниқроғи, Устоз вафотидан сўнг, унинг рўзғорини билган ҳам, билмаган ҳам нималардир айтиб, ёзиб юрибди. Турмуш шароитларингизни мен ҳам кўрганман, аммо бу шароит қайси тарафдан қарашга боғлиқ баҳоланади. Яъни, моддий давлати кўпу маънавияти ночор одамнинг нуқтаи назарига кўра. Шоир жуда камбағал бўлган, бизга ўхшаш кўзи тўқ одамлар қарашига кўра эса, оддийгина рўзғор билан қаноатланган…

-Холисона айтганда, турмуш шароити оғир эди. Аксарият вақт ижод билан машғуллик ўрнига НОН топиш муаммоси ечимини ўйларди. Шу муаммони ҳал этишлик учун ўзига азиз бўлган, севимли бўлган китобларини сотиб кун кечирган вақтлари ҳам бўлган. Шундай бир буюк инсон жой муаммолиги боисидан ҳатто хонадонимиз ошхонасида ўтириб ижод қилардилар. Туни билан ижод қилардилар. Аммо сира зорланган ҳам, нолиган ҳам эмасдилар!

-Сизлар яшаган хонадон тасвирини ҳозирда айримлар сўз билан чизишга ҳаракат қилиб кўришади. Бу тасвир ҳам юқоридаги каби—ҳар ким ўз қаричидан келиб чиқиб…Сизнинг назарингизда қандай?

-Меҳр боғи эди биз яшаган хонадон! Уй йўлагидан киришингизда гўё қамоқхонага кириб бора-ётгандек кўринса-да, хона деворларидаги гулқоғозлар шилиниб, шип тўкилиб турган, жиҳозлар жуда эски бўлса-да, дераза ортида қоп-қора панжара, қоп-қора темир эшикли бу зиндонмонанд хонадон ичида бир МЕҲР бор эди! Ва ҳануз ўша Меҳр руҳи хонадонимизни боғ этиб турибди!

-Мен Рауф ака вафотидан кейин хонадонингизга борганимда бироз ўзгариш қилинга-нини сезгандим. Яъни, хона деворидаги кўчган гулқоғозлар олиб ташланиб, оқлаб қўйилганди янглишмасам.. Аммо бир жойларда бу хонадон яхшигина таъмирланибди, деган нодонларча айтилган “янгилик”ни эшитдим…

-Ҳақиқатдан ҳам ўзини Рауф акага шогирд ҳисоблаганлардан бири У кишининг қўлёзмаларини сўраб борганида, оқланган деворларга қараб: “Олдин Шоирнинг китобини чоп этиш керак эди, ремонт кейин бўларди…” деган ақлни билдирди. Бу “ақл”дан мен Рауф Парфи китобларини чоп этишлик учун кимдир менга маблағ бергану мен уни таъмирга сарфлагандек оҳангни сездим. Ва бу таъмир учун ҳеч қаердан маблағ келмаганлигини, балки ўсмир ўғлим кўчада юк ташиб, мен ойлигимдан сиқиб озгина пул орттирганимизни ва деворларни оқлашдан мақсад, Рауф аканинг яшаган жойини зиёратгоҳ билиб келувчи Инсонлар тортинмай дуо-фотиҳа қилиб кета олишлари учун эканини билдирдим.

-Рауф Парфи номли буюк инсон орамиздан кетганига ҳам икки йилдан ошди. Унинг буюклигини вафотидан кейин билиб қолди кўплар. Билиб қолишгач, буюк хотирага бағишлаб, қандай эзгу амаллар қилинди? Унинг қўлёзмаларини олиб кетганлар, мозори тепасида оташин ваъз айтганлар, тупроғи совумасдан жамғарма тузмоқчи бўлганлар амалий бирор иш қилолдиларми?

-Ўзбекистонда олим Улуғбек Ҳамдамнинг беқиёс ҳаракати билан ўзингиз билган “Сўнгги видо” шеърий тўплами нашр қилинди 2006 йил бошида. Шунингдек, Қирғизистонда лотин имлосида бир тўпламлари нашр этилди…Алоҳида таъкидлаш керакки, бизда Рауф Парфи Ўзтурк ҳақида билганича, ўз фикрлаш доирасидан келиб чиқилган ҳолда бир неча мақола чоп этилди. Энг даҳшатли томони, хотирага эҳтиром кўрсатишдан кўра уни оёқости қилиб қўйилмоқда. Матбуотда Рауф Парфининг 30-40 йил олдин ёзган шеърларини (баъзан айрим сўзларини ўзгартириб!) чоп этиш, қаердадир туширилган суратини (ўша вақтдаги кайфиятни эътиборга олмасдан!) эълон қилиш ҳоллари ҳам рўй беряпти! Ҳатто ҳеч ақл бовар қилмайдиган манзараларни ёзиб чиқувчилар ҳам бор. Биргина мисол: Таниқли олим Озод Шарафуддинов (У кишини ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин!) Рауф Парфи касал ётганида кўргани борган эмиш. Буни қаранг, мен бехабар эканман Озод Шарафуддиновнинг келганларидан. Хуллас, Озод Шарафуддиновнинг оёқлари йўқлиги учун тепага чиқа олмабдилар, Рауф Парфи оғир бетобликдан пастга туша олмабдилар. Озод акани Дадахон Нурий олиб борган эмиш. Мен бу ҳақда Дадахон Нурийга гапиргандим, Дадахон ака: “Ёзаётган одам ҳам ўзидан озгина қўшади-да!”- деди.

-Юқоридаги саволнинг давоми, Рауф Парфи Ўзтурк ижоди билан боғлиқ қандай ишлар режалаштирилган?

-Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида Рауф аканинг бир тўпламларини чоп этишлик режалаштирилган. Бу тўпламга Устознинг шогирдлари китобларига ёзган сўзбошилари жамланади, шунингдек, сира эълон қилинмаган шеърлари киритилади.

-Жуда бир нозик савол. Рауф Парфи қўлёзмалари ичида “ҲУКМНОМА” деб номланган асар борлигини биламиз. Лекин мана шу асарнинг мазмуни нимадан иборат эканлиги жуда кўпчилик учун қоронғу. Сиз шу асар ҳақида қисқагина тушунча бериб ўта оласизми?

-Бу асарда Устознинг ҳали маълум қилинмаган сўзлари, ҳеч ким хаёлига келтирмаган ва бошқа одамларга берилган баҳолари бор.

-Кимларга берилган баҳолари?

-Умумий қилиб айтганда, Ўзбек миллатининг борлигию, бу миллатнинг жонкуярлари кимлар, миллатга ўзини жонкуяр кўрсатиб юриб, аслида қайси дарёдан сув ичаётган одамлар хусусидаги баҳоси! Янада умумий қилиб айтилса, Шоирнинг ўз кайфияти ва ўз қарашлари ҳосиласи сифатида билдирилган ДАҲШАТЛИ фикрлари!

-“Ҳукмнома” асарининг қўлёзмаси Сизда мавжудми?

-Менда фақат парчалари бор, холос. Лекин бу парчалардан ҳам китоб бўлишини биламан, бироқ бу китоб шошилинч бўлишини истамасдим. Чунки бу асардан кимлардир ўз манфаати учун фойдаланишини хоҳламайман. Бир сўз билан айтганда, Рауф Парфининг бу асаридаги фикрлар худди милтиқдан отиладиган ўққа ўхшайди…

-Рауф Парфининг Сизга айтилган сўнгги сўзи нима эди?

-Вафотидан бир неча соат олдин-ҳали ўз хонадонимиздаликларида айтгандилар. Қўлларини бошимга қўйиб: ”Сендан розиман, мени уларга бермадинг!”-дедилар. “Улар” деганда У киши врачларни, касалхонани назарда тутгандилар.

-Рауф Парфининг АРМОНИ нима эди?

-Чин маънодаги Ҳурлик эди Рауф Парфи Ўзтуркнинг АРМОНИ! Ва бу армони унинг шеъриятида яққол акс этиб турарди!

Дилмурод САЙЙИД суҳбатлашди .

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares