Фуқаролар йиғини

ҚАРШИЛАР?
— ЙЎҚ!
БЕТЕРАФЛАР?
—ЙЎҚ!
Эгамназар Шайманов. “Бирдамлик” ҳаракати фаоли

qarshilar-yuq.jpg 

(Бир Фуқаролар йиғини раиси ва кенгашини

сайлаш тафсилоти)

—Ҳўш… Бу сайлов аҳлига айнан

Ҳоким ўзи йўллади салом.

Қани, қарсак!

Бўлди.

Етар, жим.

Етар. Бас… Бас!

Қарсакка қуллуқ.

Ҳўш…

Йиғинни очсам мен ўзим,

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Маҳалланинг обод йилида

Эски раис кўп ишлар қилди.

Тўртта чўпни терди йўлидан…

Тартиб! Жим, ҳой!

Қани, ким кулди?

Рост, кўрганман шу ишни ўзим!

Хисоботда ёзилган тўлиқ.

Хисоботни ўқинг азизим…

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

«Сўма лайкум! Мен эки йилда

Кўп ишларни Қо…Қо..йиллатдим!

Чункий ҳо-ким зўр йўталувди

Бундан жуда жуда руҳландим…

Мен ишладим. Ўзимга қойил!»

—Хисобот ҳам ўқилди тўлиқ.

Хисоботи маъқул келгандир?

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Ўзи жуда камтарин, содиқ.

Номзод йўғ-ов, бундан яхшироқ!

Хатто, кимнинг ичин тутса дам,

Ел ҳовфидан этади огоҳ!

Шул сабабдан ёқтирар ҳоким.

«Сайлансин!» — деб берганлар буйруқ.

Ҳў-ўш… Номзодни овозга қўяй…

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Миям қурсин! Ахир ҳужжатда

Бўлмоқ керак экан муқобил.

Номзод—Норнинг машинаси йўқ,

У номзодин олгани маъқул.

Айт, шундайми? Айтдим-ку, ана!

Ўз номзодин рад этди тўлиқ.

Демократия қилди тантана!

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Нафси бор-ку бани бандада

Уним бор-ки, шу мансаб ширин.

Ўринбосар—Нор, жуда содиқ,

Зўр ишлашар, жим ва яширин.

Ўмаришар, очмайин сирни,

Камсуқум-у, лекин — ўта суқ.

Шу номзодга бир овоз беринг…

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Маҳалланинг оқсоқоллари

Шул тузумга ода тўқирлар.

Камчиликни кўрмайди ҳечам,

Бизга маъқул шундай сўқирлар.

Тафтишчилар—Фолан, Писмадон.

Бари юрар, ҳудди, қорни тўқ.

Буларга ҳам беринг-чи овоз,

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

—Бу гуруҳдан чиқмагай нифоқ-

Келишганга – кенг дунё, дейди

Булар ахир, эски ҳамтовоқ,

Нима топса келишиб ейди

Агар ортса беришар ҳалққа,

Ахир, шу халқ қўллади тўлиқ.

Якун қилсак энди йиғинни.

Қаршилар?

—Йўқ!

—Бетарафлар?

—Йўқ!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares