Миллатни, ҳалқни қадрлайдиган кишилар унинг тақдирига ҳам қайғуради. Зотан, ўзимизга ҳам ҳуш келмайдиган, миллат нуфузига путур етказадиган одатларимиз ҳам талайгина. Аразгўйлик, гина-кин сақлаш, анчайин келишмовчиликнинг ҳусуматга алмашинуви, нокечиримлилик, қўрқоқлик ва у билан боғлиқ ҳиёнатлар, шубҳаланишлар минталитетга сингишиб бораётгандек. Яқинда ҳаракатимиз аъзоларидан бири миллатимизга ҳос бўлган салбий одатлар ҳақида фикр юритибди. Шу мақолани ўқиб, ўйга толгандик. Ўзбекнинг ўзбекка бўлган муносабати ҳақдаги ушбу мақолани сайтимизнинг кейинги сонларида чоп этишга қарор қилдик.
“Бирдамлик” ҳаракати аъзоси Баходир Мейли жўнатган қуйидаги мақолада эса кейинги йилларда, аниқроғи мустақиллик йилларидан сўнг аҳолининг турмуш даражаси оғирлашгач пайдо бўлган, бугунга келиб чека туман ва қишлоқларимизни ҳам оралаётган ўғирликлар ҳақда фикр юритилади. Ёш аъзомизнинг бу куйинчаклигига ҳолис баҳони эса албатта, ўқувчилармиз қўяди.
ТАҲРИРИЯТ
МУСТАҚИЛЛИКНИНГ ТАХИР “МЕВАСИ”
Чамаси бешинчи синфларда ўқирдим. Оиламиз одмигина таморқамизнинг орқасидан рўзғор тебратар, қулупнай, карам, бодринг, памидор, каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғилланиб, кун кечирарди.
Таморқа маҳсулотлармизни шахар базорига чиқарардик. Савдомиз тугагач, онам бозордан ҳарид қилган нарсаларига мени қараб туриш учун қолдирарди. Онамнинг растама-раста, дуконма-дукон юриб яна рўзғоримизга керакли нарсалар ҳарид қилиб чиққунича узоқ вақт ўтгандек бўларди. Баъзан зерикканимдан юкларни қолдириб, у ёқ-бу ёқни айлангим келиб қоларди. Лекин, атрофга назар солиб, бошқалар ҳам мен қатори ҳарид қилган нарсаларига “кўз-қулоқ” бўлиб туришганини кўрардим. Бозорга келганимизда тез-тез ўғирликлар содир бўлганини ўз кўзим билан кўрганман. Шуларни ўйлаб, юкларимизнинг олдидан жилмасдим.
Бир сафар махалладошларимиз Пайшанба бозорида маҳсулотларини сотишга қарор қилдилар. Пайшанба бозори Қашқадарёнинг Чироқчи туманида гавжум бозор ҳисобланарди. Атроф бозорлардан излаган молини тополмаганлар шу Пайшанба базоридан топа олгани ҳақда айтишганларини кўп бор эшитганман. Лекин, Пайшанба бозорида изланган нарса топилиши баробарида, нархи бошқа бозорларга нисбатан бироз қимматроқ бўларди.
Бозорга борувчиларнинг юкларини Холиқ амакимиз “ГАЗ-53” русумли автомашинасида олиб борарди. Навбатдаги кунларнинг бирида бозорга бориш менинг зиммамга тушди. Бу менинг илк мустақил одимим эди.
Томорқамизда етиштирилган карамдан 5-6 қопини машинага юклагандим. Соат кечки 9 да юкларни ортиб бўлиб, тун ярмида манзилга етиб келдик. Бозорга отланганларнинг акарияти мен тенги ёки мендан бир-икки ёш катта кишилар эди.
Эрта тонгдан бозор авжига чиқди. Тонга яқин карамларни сотиб бўлдим. Ҳамқишлоқларнинг савдоси битгунича бозорни айланишга қарор қилдим. Гавжум расталарни айланиб юриб, бир неча жойда эгасиз турган сумкалар эътиборимга чалинди. Мени ҳайрон қолдиргани бу сумкаларни ҳеч ким қўриқламас ва ҳеч ким тегинмас ҳам эди. Шу ҳайратимни ўзимдан катта ёшдаги ҳамқишлоғимга билдирдим…
Суҳбатдошим биздан унча олис бўлмаган тоғлик қишлоқда бўлган бир воқеани эслади. Бу ерда ҳам ўғирлик бўлмас, уйлар эшигигига қулф урилмас экан. Мустақилликнинг илк йилларидан кейин иш ҳақлари яхши берилмай қўйгач, аҳолининг турмушига путур етибди. Рўзғори ночорлашган қишлоқ йигитларидан бири тоғу-тошда эгасиз ўтлаб юрган қўйлардан бирини тутиб олиб, тош ковагида сўя бошлабди. Лекин, йигитнинг ҳаракатларидан шубҳаланиб, кузатиб юрган икки киши уни ўғирлик устида тутиб олибдилар. Бўғзига пичоқ тортилган, оёқлари боғланган қўйнинг гавдасини ўғрининг бўйнига илганча қишлоқ кўчаларини айлантиришибди. Шу-шу ўша йигит ўғирликни ташлаб, ҳалол меҳнат куйига тушибди.
Суҳбатдошимнинг айтишича “ўғирлик” атамаси чироқчиликлар учун янги дилоғриқ ҳисобланаркан. Яқин йилларгача бу бозорда мутлоқо ўғирлик содир бўлмаскан. Кейинги йилларда халқнинг кун кўриши қийинлашгач ўғирлик содир бўла бошлаган. Ҳамқишлоғимнинг таъбирича, ўғирлик “Мустақиллик” деб аталган янги тузумнинг бошланиши билан пайдо бўлган янги дард.
Йиллар ўтиб, улғайиб, шу каби саволларга ўзим жавоб топгандай бўламан. Ўйланиб қоламан. “Мустақиллик” яхши ибора, у халқимизнинг асрий орзуси эди. Лекин, бир ҳовуч нафси бадларнинг истаг-у қилмишлари туфайли ҳалқимиз мустақиллик нашидаси ўрнига аъзоб-уқубатларини татимоқда. Болалик даврларимизда узоқ-яқиндаги қариндошларимиз тез-тез бизникига, биз уларникига қидириб, борди – келди қилардик. Кейинги йилларда эса ҳамма амаллаб қорин тўйдириш, рўзғорини асраш ҳаракатида. Узоқроқ манзилда турадиган қариндошлариникига қидириб, бирров ҳол-ахвол сўрашга вақт топилмайди, вақт топилса йўл пули топишолмайди. Бу эса, назаримда дўст-у биродарлар, қавму қариндошлар орасида меҳр оқибат туйғуларининг кўтарилишига сабаб бўлаётгандек.
Аҳён-аҳёнда шаҳарларимизда ҳуфя тарзда кечадиган “фоҳишабозлик” бугун қишлоқларимизга ҳам ораламоқда. Йиллар давомида, хатто “мустабид” деб қораланадиган совет тузимида ҳам қулфланмаган эшикларга бугун қулф урилмоқда. Энг ёмони шу салбий ҳолатлар такрор – такрор содир бўлаётгани учун буларга нисбатан кўникмалар пайдо бўлаётгани.
Сумка ва молларнинг қўриқланиши эл-улусга ишонмаслик бўлгани каби уларнинг қаровсиз қолиши ўз навбатида ҳалқга нисбатан ишончдир.
Халқимизнинг тинкасини қуритаётган тузум бир кун келиб алмашади. Лекин, шунгача ҳам биз ўзбекни ўзбек қилган, миллат нуфузини кўтарган асрий ақидаларимизни аввалаб асрашимиз, халқнинг бир фарзанди сифатида булар учун қайғуришимиз керак.



