ЎИҲЖ ТОШКЕНТ ШАҲАР БЎЛИМИ БИЛДИРИШНОМАСИ

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗ ЎЗИНИ БОШҚАРИШ ҲУҚУҚЛАРИ БОРАСИДА

                                                                                                                     sobir-tulaganov.jpg 

                                                                                                              Собир Тўлаганов

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида маҳаллага ўз ўзини бошқариш ҳуқуқи берилган. Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари, Президент фармонлари, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари шу Конституциявий ҳуқуқ заминида юзага келгани қайд этиб келинади. Бу қонун ҳужжатлари орқали давлатнинг қатор ваколатлари босқичма-босқич маҳаллага берилаётгани ҳақидаги гаплардан ҳам ҳамма хабардор. Соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари каби, аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун давлат ғазнасидан чиқадиган маблағ оқимини бир дарё десак, унинг бир ирмоғини тақсимлаш ваколати маҳаллага берилган.

Бундан ташқари, депутатликка номзод кўрсатиш, сайлов комиссияларини ташкил этишда қатнашиш, ўз ҳудудидаги корхоналарни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ва бошқа қатор сиёсий ва иқтисодий ваколатлар маҳаллага берилганки, ижро ҳокимияти бу ваколатларни маҳаллага ҳақиқатда бериб қўйишни асло хоҳламайди.

Бизда қонун устиворлиги ҳақида гап бўлмаса-да, аниқ-тиниқ қонунлар ноҳолис мансабдор шахсларнинг “эркин ҳаракати”га гоҳо тўсиқ бўлади. Улар учун қонунда “игнадек тирқиш” қолса бас, бу тирқиш орқали ғайриқонуний карвонларни ўтказиб, қонунни амалда йўққа чиқаришади.

Маҳалланинг ҳуқуқий мақоми расмийлаштирилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларда бу маънода “кенг йўлак”лар қолдирилганки, маҳаллий ҳокимият маҳалланинг конституциявий ҳуқуқини амалда бутунлай йўққа чиқариб келаяпти. Энди маҳалла арзи-ҳолини Республика Оқсоқоллар Кенгашига айтадими, прокуратура-судга айтадими, бефойда. Улар қонунни эмас, аҳоли ҳақ-ҳуқуқини эмас, коррупцияни-қонунсизликни ҳимоя қилишади. Маҳалла ноласи, албатта, Президентга эшитилмайди. Давлат ғазнасидан аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун чиқаётган дарё оқиб чиқаверади, бироқ маҳаллага ҳатто “обод маҳалла йили”нинг ҳам, “ижтимоий ҳимоя йили”нинг ҳам шабадаси етиб келмайди.

”Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 14-моддаси шундай “кенг йўлак”лардан бири бўлиб, у Конституциянинг 105-моддасида маҳаллага берилган ўз ўзини бошқариш ҳуқуқини йўққа чиқаришга тўлиқ имконият яратган. Бу қонунга кўра, фуқаролар йиғини кенгаши қарори билан сайлов ўтказувчи ишчи гуруҳ тузилади. Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади. Ҳоким розилик бермаган шахс номзод этиб рўйхатга олиниши мумкин эмас. Сайловда фуқаролар вакиллари овоз беради. Қонуннинг бу қоидалари, амалда ҳоким танлаган киши раис этиб сайланишини тўлиқ кафолатлайди. Мана, бир мисол: Республиканинг 10 мингга яқин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимларига 2006 йили май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловлар қаторида, Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов туманидаги “Университет” маҳалласида ҳам 25 майда бир йўла “ҳисобот ва сайлов” йиғилиши бўлиб ўтган. Маҳалла аҳли топшириғига кўра, ташаббускор гуруҳ тузилиб, мазкур ҳисобот-сайлов йиғилиши бўйича суриштирув ўтказилган. Маълум бўлишича, фуқароларининг бешдан уч қисми талабалардан, қолган қисми туманнинг 5та кўчасида жойлашган “Аллон” ҳудуди аҳолиси, ҳамда 22та кўп қаватли уйда яшовчи, кўплари профессор-ўқитувчилар оилаларидан иборат бўлган бу маҳалла жами 5мингдан ортиқ аҳолидан ташкил топган. Маҳалланинг “Аллон” ҳудудида кўплаб “бизнес” корхоналари жойлашган. Шундай иқтисодий имкониятга эга бўлган маҳалланинг “ободлик” даражасини кўрган кишининг дили вайрон бўлади. “Аллон” ҳудуди аҳолисининг буюк келажакни қурувчи болалари кўчада тош ёки сув тўлдирилган “баклашка” тепиб ўйнашга мажбур, бундай ўйинлар учун кўча текисроқ бўлса ҳам майли эди. Қаерда дейсиз, туман ҳокимлиги бу кўчаларни асфальтлашни режага киритгани тўғрисида шаҳар ҳокимлигига расмий маълумот берганига кўп йил бўлган.

Бироқ бирор мансабдорнинг машинаси юрмайдиган бу кўчаларни асфальтлашни ким лозим топарди! Аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун ўтган бир муддатда давлатнинг 30 миллион сўмдан ортиқ маблағи сарфланган, аммо маҳалла аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган талабалар шу маҳалла фуқароси ҳисобланишидан ҳам, муҳтож бўлганида маҳалладан моддий ёрдам олиши мумкинлигидан ҳам мутлақо бехабар. Айрим оилалар 18 ёшгача бўлган болалар нафақа пулини олишга курашиб эришганини айтишади, айримлар учдан бирини “маҳаллага” бериш эвазига олти ойлик нафақага қарор чиқартиришганини айтишади, қайдномаларга қараганда уч қаватли уй қураётган, енгил машиналари ҳам бўлган ўзига тўқ оилаларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилган. Бир сўз билан айтганда, давлат ғазнасидан келаётган “обиҳаёт” мақсадли сарфланмай келингани бир қарашдаёқ кўзга ташланади.

Маҳалладаги бизнес шаҳобчалари ҳақида гапиришганда, уйида бир тоғора сомса ёпиб сотувчи маҳалла фуқароси ҳам маҳаллага ҳар ой “бож” тўлашини айтишди. Бироқ текширув органлари тузган далолатномаларда молиявий нуқсонлар аниқланмагани такидланган. Тафтиш комиссияси аъзолари ҳисобланганларнинг ўзлари, бундай лавозимларидан мутлақо ҳабарсиз. Тошкент шаҳрининг Зангиота туманида оиласи билан яшовчи А.Эргашев 8 йил давомида бу маҳаллада фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасини бажариб келган..

Ҳисобот-сайлов йиғилишида иштирок этиши учун “сайланган” вакиллар рўйҳатидаги фуқароларнинг қўпчилиги, сайлов ўтганидан ҳам, вакил эканликларидан ҳам ҳабарсиз бўлганликларини, рўйхатдаги имзолар уларники эмаслигини билдиришди. Бу вакилларни сайлаш ҳақида, мутлақо ўтмаган мажлислар баёнлари мантиқсиз даражада қалбакилаштирилган. Ишчи гуруҳ раиси раислигида, 24 апрель душанба куни 10 жойда шундай мажлис ўтказилгани расмийлаштирилган. Сайловчилар сони бир хил бўлган “ҳудуд”ларнинг биридан 3 нафар вакил, иккинчисидан эса 10 нафар вакил сайлангани кўрсатилган. Кўпчилик аҳоли сайлов бўлганидан мутлақо хабарсиз эканликларини, ҳеч қандай вакил сайлаш йиғилиши бўлмаганини айтишди. Аслида “сайлов спектакли”да 5-10 та маҳалла фуқаролари ва қайсидир ётоқхонадан уюштирилган тасодифий талабалар гуруҳи иштирок этган. Бу йиғилишда, олис Зангиотадан қатнаб шу маҳаллани “обод” этишга бел боғлаб оқсоқоллик қилаётган Адҳамжон Эргашев бошчилигидаги Кенгашнинг ҳисоботи қониқарли деб топилган ва янги муддатга оқсоқолликка унинг ёлғиз номзоди учун якдиллик билан овоз берилган. Сайловда “сайланган” оқсоқол маслаҳатчиларининг рўйхати бир неча кундан кейин туман ҳокимлигида ўзгартирилган. Оқсоқоллик лавозими номзодлари учун “маҳалла ҳудудида доимий яшаб турганлик” ҳақидаги қонун талаби мавжудлигига қарамасдан, туман ҳокими шу номзодни маъқуллаган.

Бу “спектакл сюжетида” жамиятимиз аҳволининг яхши акс эттирилган бир йўналиши шундаки, ёши 70 ни қоралаб қолган ЎзМУ нинг профессори Эркин Умаров ишчи гуруҳ раиси вазифасини бажариб, ҳисобот-сайлов тадбиридаги барча ҳуқуқ бузилишларни амалга оширишда иштирок этган, ҳамма қалбаки ҳужжатларга лоқайдлик билан имзо қўйган. Маҳалла аҳлининг норозилик ҳаракатлари бошланганида ҳам, у одам ўз қилмишларидан афсусланмай, норозилик уюштираётганлардан нафратланаётганини билдирди. Кимлардир бу норозиликни содда аҳоли орасидаги низога айлантиришга ҳаракат қилиб ҳам кўришди.

Мазкур қонунсизлик юзасидан норози бўлган аҳоли мурожаат этмаган мутасадди идора қолмади. Суд-прокуратурадан тортиб, Сенат Кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш Комиссиясигача, ҳатто Президентга ҳам мурожаат этилди. Ҳеч қандай натижа бўлмади. ФИБ Тошкент шаҳар Шайхантоҳур туманлараро Судида мазкур ҳисобот-сайлов йиғилишини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маҳалла аҳли аризасини судья М.Салиҳова раислигида кўрган суд, “даъвогарлар вакиллари судга келмади” деган ёлғон важ билан, ишни кўрмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди. Кўп сарсонгарчиликлардан сўнг, шаҳар апелляция суди бу ажримни бекор этиб, ишни кўришга тиклаш ҳақида қарор чиқарди. Бироқ судья М.Салиҳова суд мажлиси ўтказмасданоқ, яна шундай ёлғон важ билан ишни кўрмасдан қолдирди. Кўпчилиги буюк келажакни яратувчи талабалардан иборат бўлган аҳолининг сиёсий ва у билан боғлиқ бўлган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳуқуқлари паймол бўлди.

Туман ҳокимлиги “сайловда сайланган” оқсоқол А.Эргашевни ўз аризасига кўра ишдан четлатиб, маҳалланинг бир фуқаросини (сайлов ўтказмасдан) фуқаролар йиғини раиси этиб тайинлади. Шу билан “ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолаверди”. Маҳалла “ҳавзасига” давлат ғазнасидан қанча маблағ оқаяпти-ку, хусусий корхоналардан –қанча ва улар қандай сарфланаяпти, маҳалла аҳлига мутлақо қоронғу, чунки асосий “мироб” улар эмас. Шунинг учун ҳам маҳалланинг харобалигида ўзгариш кўринмайди.

Қаранг-а, маҳалла аҳолиси шунча ҳаракат қилиб, ўз маҳалласи оқсоқолини сайлашда бузилган энг оддий ҳақ-ҳуқуқини, қонунийликни, адолатни тиклашга эриша олмади.

Келтирилган мисолдан кўринадики, аҳоли ижтимоий ҳимояси учун давлат ғазнасидан ажратилаётган маблағ мақсадли сарфланмай талон-тарож бўлиб келади. Агар ижро ҳокимияти бу маблағ мақсадли сарфланишини чиндан хоҳлаганида, уни оқизмай-томизмай энг чанқоқларни қондириш учун сарфлашни уюштириш қийин эмас. Бир мисол. Ойлик йўл чиптасидан фойдаланадиганлар аксарият тежамкорликка мужтож одамлардир. Ўтган йилдан ойлик чипта метро учун ўтмайдиган бўлди. Энди ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар, талабалар ва бошқа йўловчилар, тежамкорлик мақсадида ойлик чипта ўтадиган у автобусдан- бу автобусга ўтиб, ҳар бирини соатлаб кутиб, ярим кунини йўлда ўтказишга мажбур бўлишаяпти. Агар ижтимоий ҳимояга аталган маблағдан озгина қисмини ойлик чипта метрога ҳам ўтишини йўлга қўйиш учун сарфланса, буюк келажакни қурувчи ёшлар йўлда ўтказаётган кўп вақтини фойдали машғулот учун сарфлаган бўлишар эди.

Manba: TURONZAMIN.COM

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares