“МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ ҒОЯСИ”

дарси ва ундаги энг мазмунли соат

ТЎРАБЕК САНО: “Бирдамлик” ҳаракати учун.

dars.png 

Юртимни соғиндим. Она Ватаним, туғилиб ўсган диёр олисларда қолди. Менда қолгани эса бир неча сурат ва хотиралардир. Соғинч устин келиб уйқум қочади. Уйимдан олиб чиққан бор-йўқ бисотим — яна ўша суратлар мажмуасини қўлга оламан. Мана бу ўқувчилик даврим ниҳоясида тушганимиз сурат. Қадрдон ва таниш нигоҳларга узоқ тикилиб қоламан. Хотиралар эса олисларга етаклайди.

Давра бўлиб туширилган бу суратнинг марказида, курсида ўтирган аёл мактаб директоримиз Ҳалима Ҳаловна. Мана бу кўзларида қатъият акс этган киши алгебра домламиз. Унинг ўнг томонида курсида ўтирган аёл эса Марҳабо Ражабовна.

Марҳабо опа тарих дарсидан ташқари миллий истиқлол ғояси фанидан ҳам дарс берарди. Дарс бўйича мавзуларни аниқ ва равшан ёритиб бера оларди. Юқори синф ўқувчиларининг деярли барчаси тарих бўйича бошқа фанларга нисбатан яхшироқ билимга эга эдилар. Энг қолоқ “2”чи болалар ҳам шу фани бўйича анча-мунча нарсаларни биларди. Сабаби балки Марҳабо опанинг бошқа ўқитувчилар каби узоқ ва зерикарли маъруза қилмаслигидир.

Муаллима маълум бир даврда бўлиб ўтган тарихий воқеаларни оддий қилиб тушинтириб бера оларди. У, менинг назаримда ўз соҳасини яхши эгаллаган, ихлос қўйган ва шу соҳада ўзига нисбатан ишончи баланд эди. Балки шу, балки бошқа менга номаълум ҳислатлари ўзгаларни ўзини хурмат қилишга ундаб турарди. Дарс давомида муаллима ҳамманинг хурмату – эъзозида бўлар, ўқувчиларнинг диққат – эътиборини жалб этарди.

Лекин, опа тарих фани ўқитувчиларига биркитилган “МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ ҒОЯСИ” фанини негадир бундай олиб бора олмасди.

Ўзбекистон ва жаҳон тарихи собоқларини шундоққина қулоғингга қуйиб қўя оларди у. Тарихий шахслар ва миллий қахрамонлар сиймосини сўз воситасида бамисоли кўз олдимизда қайта жонлантира оладиган муаллима, рости, Ислом Каримовнинг китоблари ва нутқларини ўргатадиган фанини негадир тушинтира олмасди. Бунинг сабабини мен ўша вақтларда яхши тушинмасдим.

1998 йилдан бошлаб янги фан сифатида ўтила бошланган “МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ ҒОЯСИ” нима учун ўрганиш керак эканлигини эса мен хозиргача ҳам тушинмайман.

Муаллима дарсни зерикарли ўтгани ҳолда Ислом Каримовнинг нутқларини ўқиб, мағзини чақиб, маъно-мазмунини айтиб беришни уйга вазифа қилиб берарди. Мен ва мен қатори бошқа синфдошларим ҳам уйга келиб, “XXI-аср бўсағасида” “Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузманг” каби китобларни узоқ ўқирдик ва нималарнидир тушингандек бўлиб уйқуга кетардик. Эртаси куни мактабга отланарканмиз, йўл йўлакай яна ўқиганларимизни ўз-ўзимизча такрорлаб, ўйлаб борардик. Дарс бошланганда ҳарнечук тушинганларимизни айтиб берган бўлардик. Лекин, айтиб берганларимизга на ўзимиз, на муаллима қониқмасдик. Барибир муаллима баҳода танти, ҳамиша бешга ўқиб юрган ўқувчилар “4”, “4” баҳога ўқийдиганлар “3” баҳо оларди. Ўқувчилар бора-бора бу фандан безиб боришди.

Йиллар ўтиб, биз тўққизинчи синфга қадам қўйдик. Бу босқичга ўтганлар ўз қурбларига яраша яхшироқ ўқишга интиладилар, таянч маълумот гувоҳномаларида биронта ҳам “4” баҳо бўлмаслигини истайдилар. Лекин, шу истакдаги битирувчилар учун “Миллий истиқлол ғояси” фани бош оғриқ бўлиб қолаверди.

Набатдаги дарс ўтилалаётган вақтда муаллима бугун Олий Мажлис Сессиясининг йиғилиши бўлишини ва Президент И. Каримов нутқ сўзлашини айтди ва:

— Барчага топшириқ! Призидент нутқини тинглаб, мазмунини айтиб бериш уйга вазифа -деб дарсни якунлади.

Мен ўша куни “Ахборот” кўрсатувидан сўнг бошлаган Олий мажлис Сесияси акс этган кўрсатувни охиригача томоша қилдим. Каримовнинг маърузаси узоқ давом этди. Уч соат давом этган сесия давомида депутатлар “Кун тартибидаги масалалар” ни бирма-бир кўриб чиқишди. Қатор – қатор қарорлар кабул килишди. Кўрсатув тунги соат биргача давом этди.

Эртаси кун “Миллий истиқлол ғояси” дарси бошланди. Марҳабо опа тартиб билан уйга вазифани сўрай бошлади. Биринчи бўлиб Аброрни турғазди ва топшириқни сўради. Синфдошим бир оз уйланиб турди-да:

— Домла мен кўрсатувни кўрдим, Президентимизнинг нутқини диққат билан тингладим. Лекин ҳеч нарсани тушинмадим”-деди очиқ ойдин.

Опанинг “Нимага кўрган, тинглаган бўлсанг тушинмайсан?”-деган саволига Аброр елка қисди-ю, жавоб бера олмади. Марҳобо опа менга юзланди:

— Сен нимани тушиндинг? Тушинганларингни айтиб бер”- деди. Ўрнимдан турдим ва ҳақиқатни айтдим:

— Домла мен И. Каримовнинг нутқини тингларканман, диққат ила кузатарканман, кўз олдимда Фидел Кастро гавдаланди. Президентимиз нутқи билан жаноб Кастро нутқи орасидабоғлиқлик бордай…”

Мархобо опа ҳеч нарса демади. Хонада оғир сукунат хукумронлик қиларди. Ҳамма жим эди. Барча синфдошларим хайрат билан ниманидир кутишарди. Йўқ, улар учун мен айтган ўхшатиш, “Америка кашф қилиш” каби янгилик эмасдир. Тенгдошларим балки шу ўхшашликни аллақачон илғаб улгуришгандир. Лекин, уларни хайратлантираётган холат— муаллиманинг менга танбеҳ бермаётгани эди.

Бу сукутни хамма фанлардан “5” баҳо олиб, “Миллий истиклол ғояси”дан “4” олгани учун йиғлаб юрадиган Фаёза бузди.

—Мархобо опа, бунақанги мураккаб топшириқлар бериб бизни кийнаманг. Олдин ўзигиз айтинг-чи, сиз нима тушиндингиз? Презилентимиз нутқидаги гап мазмуни нимадан иборат? Бу нутқ мағзини чақа олдингизми?

Биз, барча ўқувчилар савол нигоҳи билан Марҳобо опага қараб турардик. Опа, 28-ўқувчи саволли нигоҳ билан тикилиб тури учундир балки, иккинчи ўқувчисининг ғайриоддий саволига жавоб қилишга ўзида мажбурият сезди. Ва яна муаллима сезган эканки, бизни энди бўлмағур гаплар билан алдашнинг мавриди эмас.

—Мен Президент нутқини тингларканман, узоқ йиллар илгари китоб саҳифаларининг бирида ўқиган сўзларим ёдимга тушди. Бу сўзлар фаранг моралист-ёзувчиси Франсуа де Лорашфуко қаламига мансуб бўлиб, унда қуйидаги битиклар мавжуд эди: “БУЮК АҚЛ ЭГАЛАРИГА ОЗ СЎЗДА КЎП МАЪНО БЕРИШ ҲОС БЎЛГАНИ СИНГАРИ, АҚЛИ КАЛТАЛАР, АКСИНЧА, КЎП ГАПИРИБ ТАЙИНЛИ БИР ФИКР УЗАТА ОЛМАЙДИЛАР”…

Синфда янада оғиррор сукунат хукумронлик қила бошлади. Хаммага барчаси равшан ва ойдин эди. Лекин бу мавзуни давом эттиришга барча қўрқарди. Марҳобо опа курсига ўтириб, жимгина нималарнидир ёза бошлади. Фаёза, Аброр ва мен ҳамон тик турардик. Нариги хонада дарс ўтаётган Рустам муаллимнинг қайсидир ўқувчига бақиргани эшитиларди.

— Нимага тушинмайсан, нега?

Мен бу овозни эшитиб ўйланиб қолгандим. Ўқувчи тушинмаётган мавзуни ўқитувчи бақириш билан тушинара олармикин? Мана Марҳобо опа, мактабимиздаги энг билимдон мураббий бир неча йилдан буён ўзи тушинмаган мавзуни бизга тушинтирмоқчи бўлиб, эплолмади-ку?

Экишдан мақсад ҳосил умиди бўлгани каби ўқитувчининг бутун умид-у фаҳри ўқувчига билим бера билиш. Лекин, ўқитувчи ўз виждонига қарши борса ва ўқувчисини алдаса у била туриб пуч уруғ сочган деҳқон каби ҳиёнаткор бўлади. Бу ҳаракат билан деҳқон ерни алдайди. Ўқитувчининг эса ҳиёнати бундан ўн чандон юксак— у бутун бошли ёш авлодни алдайди. Бунинг оқибатлари эса кечиримсиз, у йилларга, асрларга татигулик…

Марҳобо опа дарс якунига қадар ҳеч нарса демади. Қўнғироқ чалингунича синфда сукунат давом қилди. “МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ ҒОЯСИ” “фани”нинг айни бугунги соати барча дарсларда йиғилган жумбоқларга ечим топиб бергандек эди. Назаримда, муаллима ҳам шу бугун ўтган дарсидан қаноат қилганча, ҳудди ўқувчилари билимидан қаноат қилгандек, уйга вазифа ҳам бермай, шахдам одимлаб синфдан чиқиб кетди…

Юртимни соғиндим. Она Ватаним, туғилиб ўсган диёрим олисларда қолди. Менда қолгани, уйимдан олиб чиққан бор-йўқ бисотим — мана бу суратлар…
Қадрдон ва таниш нигоҳлар…
Уларнинг ҳар бири кўп нарсаларни эслатади менга…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares