ЁШЛИКНИ БЕҲУДА ЎТКАЗМАНГ
(“Даракчи”, 2002 йил)
Баҳтиёр Шоҳназаров, Туркия
Статистик маълумотларга қараганда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини 25 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Агар ривожланган давлатлар аҳолиси «қариб» бораётган ва қарияларни ижтимоий ҳимоялаш, нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар кўпаяётган бўлса, мамлакатимизда бунга тамоман тескари бўлган вазият ҳукм сурмоқда. Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бепул ўрта таълим бериш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида талайгина муаммолар мавжуд. Афсуски, бугунги кунда аксарият ёшлар ижтимоий-иқтисодий-сиёсий соҳаларга бефарқ бўлиб қолганини эътироф қилиш зарур. «Ҳамма нарсани биз учун тепадагилар ўйлаб, ҳал қилиб беради» деган тушунча кўпчиликнинг миясига мустаҳкам ўрнашиб олган. Айрим ёшлар ташаббус нима эканлигини унутиб қўйган.
Фикримга қўшилмайдиганлар ўзларига четдан бир назар ташласинлар: жисмоний ва маънавий савияси қай даражада экан? «Соғлом танда соғ ақл» деган нақл бежиз айтилмаган. Жисмоний кўринишларига эътибор бериб кўрсинлар – Алпомишдек басавлат, Гўрўғлидек ботирми? Билаклари бақувват, елкалари алпдекми? Ундай бўлмаса «бизда спорт билан шуғулланишга имконият йўқ» деб масъулиятни бўйнидан соқит қилиб қўядиганлар ҳам кам эмас. Ҳолбуки, истаги бўлган киши баҳона эмас, балки имконият қидиради. Бақувват ва соғлом бўлиш учун айниқса, қишлоқларда етарли ҳамда текин шарт-шароит бор, деб ҳисоблайман. Узумнинг темир сўртагидан турник сифатида фойдаланинг. Ҳар ўтганингизда қўлларингизни кенг ушлаб, тортилинг. Бир тортилганда бўйнингизни темирга текказинг, иккинчисида жағингизни темирнинг устига чиқаринг. Икки-уч ойдан кейин елкангиз кенгайиб, «қанот» пайдо бўлади!
Ёз кунлари кенг яйловларда тўп тепинг, сўлим дарё ва сойларда сузинг. Қопга қўм тўлдириб, олма дарахтининг йўғон шоҳига илиб, бокс билан шуғулланинг. Қилса бўладими? Ёки яна баҳона қидирасизми?
Кўпинча мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келган ёшлар билан суҳбатлашиб қоламан, интервью олишга ҳаракат қиламан. Қизиқ, айримлар ўзбек тилида ўз фикрини аниқ ифода қила олишмайди. Бунга сабаб – ҳозирги ёшлар телетомошабинга айланиб қолганидир. Тайёр луқмани оғзига солиб қўйсангиз ҳам ютишга қийналишади. Китоб ўқиш эса фақат бир талай «зиёли ёшларга» хос бўлиб қолмоқда. Аксарият қишлоқ мактабларида компьютер йўқ. Мен ҳозирги замонда компьютер қўллашни билмасликни тош асрига қиёслайман. Ахир, ривожланган ва ривожланаётган давлатларда ҳамма соҳа компьютерлашиб бўлди-ку? Буни ёшларимиз ўзлари севиб томоша қиладиган чет эл филмларидан яхши билишади. Интернет ёрдамида дунёнинг исталган бурчаги билан энг арзон алоқани ўрнатиш мумкин. Интернет ривожланган сари факснинг аҳамияти тобора камайиб бораяпти. Шундай бўлгач, нима учун «мен ҳам компьютер ўрганиш учун барча имконларни ишга солишим керак» деган тушунчали ёшлар кўпчиликни ташкил қилмаяпти?
Мен 1997 йил 1-2 ноябрда Франциянинг Страсбург шаҳрида ўтказилган Халқаро судлар конференциясида Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этганман. Ҳаммага телевизор орқали таниш бўлган Оврўпа Кенгаши биносининг катта залини айланиб юрганимда 50 нафарча мактаб ўқувчиси кириб келди. Улардан келиш сабабини сўраганимда «бизга бу ерда Европарламент билан боғлиқ дарс ўтилади» деб жавоб беришганди. Демократияни қаранг! Шундай муҳташам бинода ўқувчиларга дарс ҳам берилар экан. Бунинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, ёшлар ўзларини давлат бошқарувидаги кичкина мурват деб эмас, балки тўлақонли вакил сифатида ҳис этишларига ёрдам беради. «Менинг аҳволимни тепадагилар ўйласин» деган боқимандалик кайфиятидан халос этади.
Кўрганларимни ўз ватанимда ҳам қўллашни кўнглимга тугиб қўйгандим. Ўтган йили мақсадимга эришдим. Олий Мажлиснинг Ёшлар ишлари қўмитаси раиси Азамат Зиё қўллаб-қўвватлаши натижасида, 40 нафар мактаб ўқувчисини парламентимизнинг муҳташам биносига олиб кириб, қонун чиқарувчи ҳокимият фаолияти билан ўша ернинг ўзида танишишларига муваффақ бўлдим. 2001 йилнинг ноябр ва декабр ойларида бошқа ўқувчи-талаба ёшлар билан Олий Мажлис биносида бўлдик. Ўзига хос саёҳат ҳаммада бир умрга унутилмас таассурот қолдирди, десам муболаға бўлмайди. Ўқувчилар депутатлар ўтирадиган ўриндиқларда ўтиришди, овоз бериш жиҳозларидан фойдаланишди. Буларнинг барчаси «Ҳуқуқ ва бурч» кўрсатуви орқали намойиш қилинди. Жойлардаги ўқув муассасалари ва ўқувчилар Олий Мажлиснинг Ёшлар ишлари қўмитаси билан ҳамкорлик қилишлари мумкин. Ташкилий равишда Олий Мажлис биноси билан танишиш масаласини ҳам қўмита билан келишган ҳолда ҳал қилиш мумкин. Қўмита раиси Азамат Зиё ташаббускор ёшларга ҳурмат билан қарайдилар. Ташаббус кўрсатамизми ёки «олма пиш – оғзимга туш»ми?
Фурсатдан фойдаланиб, ёшларни қизиқтираётган парламентимиз билан боғлиқ саволларга жавоб бермоқчиман. Олий Мажлис қонун чиқарувчи ҳокимият ҳисобланади. Парламент биноси пойтахтимиздаги энг замонавий иншоотлардан ҳисобланади. 1998 йилнинг баҳорида фойдаланишга топширилган Олий Мажлис биноси Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида жойлашган. Бинони ҳар бирининг баландлиги 18 метрдан бўлган 36 та устун ўраб туради. 4 қаватли иморатнинг умумий сатҳи 27 минг квадрат метрдан иборат. Бино ичида Олий Мажлис раиси ва ўринбосарлари, турли қўмиталар раислари ва аъзоларининг ишчи хоналари жойлашган. Йўлаклардаги деворларда ўзбек рассомларининг асарлари жой олган. Бу ерда турли чет мамлакатлар парламентлари томонидан тақдим қилинган эсдаликларни томоша қилиш мумкин. Халқ вакилларининг самарали меҳнат қилишини таъминлаш учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Бугунги кунда Олий Мажлисда 13 та қўмита, 3 та комиссия фаолият кўрсатмоқда (ушбу сатрлар Олий Мажлис икки палатали бўлмасдан олдин ёзилган – Б.Ш.). Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсман, Олий Мажлис ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳам мазкур бинода жойлашган. Булардан ташқари, Олий Мажлис Котибияти ва 7 та бўлими, Олий Мажлис биносидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бошқармаси мавжуд.
Бинонинг ичида кенгашлар ўтказиладиган 5 та зал бор. Энг асосий зал эса, албатта Олий Мажлис сессиялари ўтказиладиган катта залдир. Диаметри 34 метрни ташкил қилувчи катта зал уч қаватдан иборат. Биринчи қават 350 кишига мўлжалланган бўлиб, 250 нафар депутатдан ташқари, бу ерда меҳмонлар учун ҳам жойлар ажратилган. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва хорижий дипломатик корпус вакиллари залнинг иккинчи қаватидан сессия ишларини кузатишлари мумкин. Катта залнинг баландлиги 32 метрни ташкил қилса, биллур ва тилла суви қўлланиб ишланган катта қандилнинг бўйи 10 метр, оғирлиги эса 4,5 тоннадир.
«Ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги Қонун 1991 ноябрда қабул қилинган. Ҳозирги пайтда қонуннинг янги таҳририни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Ёшларнинг «Камолот» ижтимоий ҳаракати эса, ўз номидан кўриниб турганидек, ёшларни кўнгилли равишда бирлаштириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган.
Депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланади. Олий Мажлис депутатлари барча транспорт воситаларида бепул юриш ҳуқуқига эга (таксидан ташқари), улар дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланишади. Парламентда доимий ишлайдиган депутатлар маош олишади. Сессиялар пайтида ҳар бир депутат залда ўзига ажратилган ва номи кўрсатилган жойда ўтиради. Депутат оламдан ўтса ёки ўз ваколатини зиммасидан соқит қилса, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайланади.
Ёшлар! Сигарет чекиш, спиртли ичимлик ичиш ўрнига соғлигингизни мустаҳкамлаш ва билимларингизни оширишга ҳаракат қилинг. Асло кам бўлмайсиз!
* * *
Телетомошабинлар орасида анча машҳур бўлиб кетган бўлишига қарамай, “Ёшлар” телеканали раҳбарлари “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувининг бошланиш вақтини “прайм-тайм”, яъни соат 19.00 – 22.00 орасига қўйишга рўйхуш беришмасди.
Мен кун ботмасдан туриб эфирга узатиладиган кўрсатувимни реклама қилиш учун “Давр” информацион дастурига анонс шаклида лавҳалар тайёрлаб бериш йўлини ўзлаштириб олдим. “Давр”нинг бош муҳаррири Фурқат Зокировга менинг ишга бу шаклда ёндашишим ёқар, лавҳаларимни бажону дил “Давр”да кўрсатишарди. Бундан ташқари, вақти-вақти билан “Даракчи” ҳафталик газетасининг “Даракчи-ТВ” иловасига ҳам кўрсатувимнинг янги сони ҳақида анонслар тайёрлаб берардим. “Даракчи”нинг бош муҳаррири Анвар Номозов дунёқараши кенг инсон бўлгани сабабли, ҳуқуқий масалаларга ҳам қизиқиб қарарди.
“Ҳуқуқ ва бурч”нинг янги сони душанба куни тасвирга туширилиб, сешанба ва чоршанба кунлари монтаж қилинарди. “Даракчи-ТВ” эса сешанба куни эрталаб босмахонага топширилгани сабабли, мен кўрсатувнинг янги сони ҳақида анонс тайёрлаб бериш имконига эга эдим. Анвар эса мен келтирадиган материал учун газетадан жой ажратиб қўярди.
Мен томошабинларни Олий Мажлис фаолияти билан таништиришнинг ўзига хос йўлини ўйлаб топдим. Тошкент Давлат юридик лицейи талабалари ва бир қанча мактаб ўқувчиларини Олий Мажлис биносига олиб кириб, кўрсатувни ўша ерда тасвирга олдик. Ёшларни Олий Мажлис биносига олиб кириб, парламент фаолияти билан таништирганим, уларни депутатлар ўтирадиган ўриндиқларга ўтқазиб, савол-жавоб ташкил қилганим акс этган кўрсатув жума куни соат 17.40 да эфирга узатилди.
Кўрсатув эфирга узатилгандан сўнг, жуда кўпчилик танишларим мени табриклашди. Ҳатто, айрим жойлардаги ўқувчилардан “бизни ҳам Олий Мажлисга олиб киринг”, деган талаблар тушди.
Кўрсатув эфирга чиққандан кейин, чамаси бир-бир ярим ой ўтиб, машҳур тележурналист Асрор Аброрхўжаев менга шундай деб қолди: “Бахтиёр, кеча Россиянинг “ОРТ” телеканали ҳам худди сиз қилган ишни қилди. Улар ҳам мактаб ўқувчиларини Россия Думаси (парламент)га олиб бориб, кўрсатув қилишибди, ҳар ҳолда, сиздан ўрганишган бўлса керак”.
Қилаётган ишинг бошқаларга ҳам фойда келтираётганини билиш кишига ғайрат ва янги куч бахш этади.
Manba: yangidunyo.com



